Ислом динида инсон қадри (1-қисм)
6269
13-01-2022, 09:40
575
Ўқиш режими
+
-
Аллоҳ таоло инсон зотини барча жонзотлардан афзал қилиб яратган. Ҳатто фаришталарини ҳам ҳазрати Одам алайҳиссаломга таъзим қилишга буюрган. Аллоҳ таоло одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйиш билан бирга, барча мавжудотларни инсон манфаатига хизмат қилдириб қўйган. Қуёш айнан инсонни иситиб, ер юзида ҳаётни таъминлаш учун нур сочса, тунда инсонлар учун ой зиё сочади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ
عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا
яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).
Ушбу маънога Қуръони каримда қуйидагича ишора қилинади:
أَلَمْ تَرَوْا أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُمْ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الأَرْضِ وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً
яъни: “(Эй, инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?!” (Луқмон сураси 20-оят).
Саъдий Шеърозий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Гулистон” асарида ушбу маънони қуйидагича изоҳлаганлар:
1) اَبْرُ و بَادُ و مَهُ و خُورْشِیْدُ و فَلَکْ دَرْکَارَنْدْ تَا تُو نَانِی بَه کَفْ آرِی وَبَه غَفْلَتْ نَخُورِی
2) هَمَه اَزْ بَحْرِ تُو سَرْگَشْتَه وَفَرْمَانْ بَرْدَارْ شَرْطِ اِنْصَافْ نَبَاشَدْ کِه تُو فَرْمَانْ نَبَرِی
1. Сиз бир бурда нонни топиб, ғафлатда эмаслигингиз учун булут, шамол, ой, осмону фалаклар хизматдадур;
2. Барча Аллоҳ яратган нарсалар сиз учун хизматда ва Аллоҳнинг буёруғига итоатда. Шундай экан, Сизни итоатда бўлмаслигингиз инсофдан бўлмайди.
Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам динимиз ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида инсонлар ақл юритишга, фикрлашга, назар солиш ва ибрат олишга ундалади. Ақл юритмайдиган кишилар эса, қаттиқ танқид остига олинади:
إِنَّ شَرَّ الدَّوَآبِّ عِنْدَ اللَّهِ الصُّمُّ الْبُكْمُ الَّذِينَ لاَ يَعْقِلُونَ
яъни: “Аллоҳнинг наздида жонзотларнинг энг ёмони бу ақлни ишлатмайдиган “кар” ва “соқов”лардир”, – дейилган (Анфол сураси 22-оят).
Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу ҳаво йўқ. Ҳайвонотда эса нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, фаришталардан ҳам олий мақомда бўлади. Агар инсон ақлини ишлатмаса, Роббисининг кўрсатмаси асосида ҳаёт кечирмаса, ҳайвондан ҳам тубан бўлиб кетади. Буни ҳозирги замонимизда айрим юртларнинг ғайри инсоний муносабатларни ҳам маъқуллашидан гувоҳи бўлиб турибмиз.
Ислом динига кўра барча инсонлар баробар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада – на бойликда, на мансабда, на чиройи, на хушбичим гавдаси билан, на жамиятда тутган ўрни билан устун бўла олади. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا
إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси 13-оят).
Шунинг учун ҳам динимизда одамларни ирқий мансублиги ва танасининг ранги бўйича бир-биридан афзал кўришни тақиқлайди. Машҳур саҳобалардан бири Абу Зарр Ал-Ғифорий разияллоҳу анҳу бир қора танли қулларидан аччиқланиб, онаси ҳам қора экани билан айблаганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ ғазабланганлар ва шундай деганлар:
﴿ يا أبَا ذَرٍّ أعَيَّرْتَهُ بأُمِّهِ؟! إنَّكَ امْرُؤٌ فِيكَ جَاهِلِيَّةٌ ، إخْوَانُكُمْ خَوَلُكُمْ، جَعَلَهُمُ اللَّهُ تَحْتَ أيْدِيكُمْ، فمَن كانَ أخُوهُ تَحْتَ يَدِهِ، فَلْيُطْعِمْهُ ممَّا يَأْكُلُ، ولْيُلْبِسْهُ ممَّا يَلْبَسُ، ولَا تُكَلِّفُوهُمْ ما يَغْلِبُهُمْ، فإنْ كَلَّفْتُمُوهُمْ فأعِينُوهُمْ ﴾
яъни: “Эй Абу Зарр! Сен уни онаси билан айбладингми?! Сенда жоҳилият одати бор экан! Қулларингиз биродарларингиздир. Аллоҳ уларни қўл остиларингизда қилиб қўйди. Кимнинг биродари қўл остида экан, ўзи еган таомдан уни ҳам едирсин, кийган кийимидин кийдирсин. Уларга оғир келадиган ишларни буюрманглар. Агар оғир ишга буюрсангизлар, уларга ёрдам беринглар”, дедилар”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Дунё тарихида Исломдан бошқа ҳеч бир дин ва таълимот хизматкорини хожасига биродар деб атамаган. Ушбу ҳадиси шарифдан киши қўл остидаги ходим, ишчиларига нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақида аниқ кўрсатмалар берилган.
(давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди