Ислом динида инсон қадри (2-қисм)
6280
14-01-2022, 12:04
288
Ўқиш режими
+
-
Маълумки, тарихда қуллар ва чўрилар бўлган. Ислом қулликка қарши курашиб, унинг олдини олиб келган умуминсоний дин ҳисобланади. Динимиз қулдорликни йўқотиш мақсадида жуда катта ва улуғ ишларни жорий қилган. Жумладан, ҳадисларда садақанинг энг афзали қул озод қилиш экани таъкидланган.
Қулдорлик ҳозирда қолмаган. Лекин афсуски, ҳозирги кунда одам савдоси билан шуғулланиб, ҳур-озод инсонларни қул қилиб сотиш ёки айрим оналикка нолойиқ аёллар ўзларининг мурғак фарзандларини сотиш ҳолатлари учраб турибди. Ваҳоланки, динимиз инсонни сотишдан, уни хўрлашдан, қул қилишдан қатъий қайтаради. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
﴿ قَالَ اَللَّهُ عز وجل: ثَلَاثَةٌ أَنَا خَصْمُهُمْ يَوْمَ اَلْقِيَامَةِ: رَجُلٌ أَعْطَى بِي ثُمَّ غَدَرَ, وَرَجُلٌ بَاعَ حُرًّا فَأَكَلَ ثَمَنَهُ وَرَجُلٌ اِسْتَأْجَرَ أَجِيرًا فَاسْتَوْفَى مِنْهُ وَلَمْ يُعْطِهِ أَجْرَهُ ﴾ (رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِمٌ)
яъни: “Аллоҳ таоло айтди: “Мен Қиёмат кунида уч тоифа кишига душманман: (Биринчиси:) менинг номим билан қасам ичиб, сўнг хиёнат қилган киши; (Иккинчиси) ҳур одамни сотиб, пулини еган киши; (Учинчиси:) бир инсонни ишлатиб, ҳақини бермаган кишидир” (Имом Муслим ривоятлари).
Очиқкўнгил юртдошларимизга, катта ҳаёт остонасида турган ёшларга қарата айтамизки: “Қадрингизни билинг, илм ва ҳунар ўрганинг!”. Ҳақиқатни билган, қалби уйғоқ киши нафсини жиловлай олади. Ризқ Аллоҳдан эканига имон келтириб, ёмонларнинг ваъдасига алданмайди.
Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим ўрин тутади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай дейдилар:
﴿ أَيُّهَا النَّاسُ، إِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ ﴾
яъни: “Эй, одамлар! Қонингиз, молингиз ва обрў-эътиборингиз бир-бирингизга ҳаромдир!”.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг юқоридаги муборак насиҳатларидан хабари йўқ баъзи ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали тўғри келган кимсани ғийбат ва бўҳтон қилиб, қанчадан-қанча мусулмонларнинг обрўсини тўкиб, гўё ижтимоий тармоқлар орқали ғийбат ва бўҳтон қилишга рухсат бордек, ҳаром иш қилмоқдалар. Ваҳоланки, ғийбат ижтимоий тармоқда бўладими ёки ундан бошқа жойда бўладими, фарқи йўқ – ҳаромдир.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло инсониятни қанчалар азизу мукаррам қилиб яратган бўлса, одамизот шу қадр қимматини сақлаши, Роббиси уни нима учун яратганини мулоҳаза қилиб, Унга ибодат қилиши ҳамда ер юзини обод қилиши лозим. Бунинг учун эса, Аллоҳ таолони таниши, У Зот буюрганидек ҳаёт кечириши, ўзи учун керакли бўлган фойдали илмларни эгаллаши керак. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин” (Бақара сураси, 201-оят) деган ояти каримани: “Дунёдаги яхшиликдан мурод илм ва ибодат, охиратдаги яхшилик эса жаннатдир”, деб тафсир қилганлар.
Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.
Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадиси шариф ривоят қилинган:
﴿عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ﴾) رواه الإمام الترمذي).
яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривоятлари).
Бугун юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.
Сўзимиз сўнгида яна бир бор бугунги кунда долзарб бўлган соғлиқ-саломатлик мавзусига бироз тўхталмоқчимиз.
Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус – COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келдилар.
Динимиз кўрсатмаларида инсон ўз соғлиғи ҳамда жамият саломатлигини асраши лозимлиги таъкидланади. Шариатимизда инсонларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз зарарни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади.
Биринчидан, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
﴿ مَا أنْزَلَ اللهُ دَاءً إلَّا أَنْزَلَ لَهُ شِفَاءً ﴾ (أَخْرَجَهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)
яъни: “Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти).
Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўладилар, ваҳоланки шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Бу ҳақда уламоларимиз шундай деганлар:
الوِقَايَةُ خَيْرٌ مِنَ العِلاَجِ
яъни: “Касалликдан сақланиш уни даволашдан яхшироқдир” (“Ал-Фиқҳул исломий ва адиллатуҳу” китоби).
Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.
Қолаверса, ҳозирги кунда Ҳаж ва Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.
Хулоса шуки, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир.
Аллоҳ таоло юртимизни турли ёмон кўзлардан асрасин! Ҳаммамизни оқибатимизни хайрли қилсин, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда айласин!
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди