Вақт киши имкониятидаги энг қадрли нарсадир. Шундай экан, бўш вақтни ғанимат билиб, фойдали ва эзгу ишларга бағишламоқ даркор. Агар бўш вақт яхши ишлар билан тўлдирилмаса, у албатта ёмон ва келажакда зиён бўладиган ишлар билан тўлади. Киши ишдан ва бошқа зарурий нарсалардан қутулиб, бўш вақт топса, уни ҳам ғанимат билиши керак. Ҳеч бўлмаганда китоб ўқиш, бирон нарса ўрганиш, бирорта фойдали иш билан машғул бўлиш ёки қариндошларни кўриш, касал зиёрат қилиш ва ҳоказо ишлар билан бўш вақтдан ҳам унумли фойдаланиш лозим. Негаки, бекорчилик киши онгига турли васвасаларни, беҳуда фикрларни олиб келади. Қалбга ғам-андуҳ эшигини очади. Турли-туман шаҳвоний ишларга етаклайди. Ахир бежизга: “Эркак кишининг бекорчилиги ғафлат, аёл кишининг бекорчилиги эса шаҳватдир” дейишмайди. Миср ҳокимининг хотини Зулайҳо ўз хизматчиси бўлмиш Юсуф (алайҳиссалом)га хуштор бўлиб қолиб, уни ўз тузоғига тушириш учун ҳар хил ҳийла-найранглар уюштириши у яшаётган ўта дабдабали муҳитдаги бекорчиликдан келиб чиққан.
Вақтнинг бошқа нарсалардан ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари бор. Бизлар уни тўғри маънода тушунишимиз лозим.
1. Вақт тез ўтади. Хоҳ шод-ҳуррамлик ва қувонч билан ўтсин, хоҳ қийин, машаққатли бўлсин, у булут тезлигида юриб, шамол тезлигида ўтади. Бизга хурсандлик кунларимиз бирмунча тезроқ, қайғули кунларимиз секин ва оғир ўтаётгандек кўринади. Аслида, ундай эмас, лекин инсонга шундай туюлади холос. Шоир айтади:
Бахту саодатга тўла ойларим,
Гўё давом этди кундан ҳам қисқа,
Ва лекин ҳижронга тўла кунларим,
Йиллардек кўринди менинг кўзимга,
Наҳот энди ўтди йиллар, дўстларим,
Ҳайрат-ла боқаман бу кун ўзимга.
2. Вақтдан ўтгани ортига қайтмайди ва ўрнига алмашмайди ҳам. Ҳар бир кун ўтади, ҳар бир соат ниҳоясини топади ва ҳар бир лаҳза кезувчидир, уни ортга қайтариш ёки бошқаси билан алмаштиришнинг имкони йўқ. Ҳар бир киши ўзига берилган қисқа умрни фойдали ишларга сарфлаши, илм олиши, ҳунар ўрганиши, ёки тадбиркорлик, тижорат каби касб-кор қилиши ва жамиятга манфаат етказишга ҳаракат қилиши айни муддаодир.
Умрнинг олтин чоғида фурсатни беҳуда, таралла бедодлик билан ўтказмай инсоний ахлоқ-одоб, муомала-муносабат, касб-у ҳунар, илму маърифат, ширинсуханлик ҳосил қилинса одам учун бир умрга унутилмас одатга айланади. Бу эса ҳаётда яхши ва мазмунли яшаш учун доим ойдин, равшан йўлларни очиб беради.
Ўтган улуғ аждодларимиз вақтларига жуда эътиборли бўлганлар. Чунки улар вақтнинг қадрини яхши билганлар. Улар ҳар бир вақтни фойдали илм, яхши амал, нафсга қарши кураш ёки бошқаларга фойда етказиш билан ўтказганлар. Ҳасан Басрий айтадилар: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар”.
3. Бўш вақтини ғанимат билиш. Бўш вақтнинг улуғ неъмат эканидан кўплар бехабардирлар. Оқибатда инсонлар бу неъматнинг шукрини адо этмайдилар. Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, кўплар улардан (фойдаланишдан) маҳрумдир. Улар соғлиқ ва бўш вақтдир” дейилади, Бухорий ривояти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билгин...”, деб бошланувчи ҳадисларида бўш вақтни ғанимат билишга ундаб, шундай деганлар: “Машғул бўлиб қолишингдан олдин бўш вақтингни ғанимат билгин”.
Бугунги глобаллашув даври хатарлари кучайган бир пайтда ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда юрмасликларини мунтазам назорат қилиб, ножўя ҳатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, кимлар билан алоқада бўлаётганликларига бепарво бўлмаслиги керак. Айниқса, фарзандларининг бўш вақтларини қандай ўтказаётганлигига эътиборли бўлиши лозим.
Имом Ғаззолий шундай дейдилар: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса қабул қилади, қаёққа бурилса эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг савобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унга жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади.
Фарзанд тарбияси қайси замон, қайси макон бўлишидан қатъий назар ўз долзарблигини йўқотмаган. Абдулла Авлоний таъкидлаганларидек: "Тарбия бизлар учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир". Шундай экан, бу масалага барча бирдек жиддий ёндашиши талаб этилади.
Ў. Ғузаров,
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом
билим юрти мудири