1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМДА ОМОНАТДОРЛИК ВА ВАЪДАГА ВАФО ФАЗИЛАТИ (2-қисм)

28-01-2022, 10:11 573 Ўқиш режими + -

Бизга берилган омонатлар жуда кўп. Тириклигимиз ва ҳаёт бизга вақтинча берилган омонатдир. Соғлик-саломатлик бизга берилган улкан омонат. Вақт омонат, фарзанд омонат, тинчлик омонат. Бу омонатларни ўз ўрнида ишлатишимиз, уларга заррача хиёнат қилмаслигимиз керак. Берилган умрни солиҳ ишларга сарф этишимиз, саломатлигимизнинг қадрига етишимиз, вақтдан унумли фойдаланишимиз, ўзимиздан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилишимиз, фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш пайидан бўлишимиз, тинчлигимизни асраб-авайлашимиз, тинчлик ишига бепарво бўлмаслигимиз керак.
Али разияллоҳу анҳу: “Омонатни адо қилиш ризқнинг калитидир” деганлар. Демак, ризқимиз кенг бўлишини хоҳласак, омонатга хиёнат қилмай, уни чиройли адо қилишимиз керак.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳар ташқарисига чиққанларида бир чўпоннинг қўй боқиб юрганини кўрдилар. Унинг олдига бориб, “Қўйларингдан биттасини сотмайсанми?” – деб сўрадилар. Шунда чўпон: “Мен қулман. Бу қўйлар хўжайинимники”, – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар уни синамоқчи бўлиб: “Бўри еб кетди”, деб қўяверасан”, – дедилар. Ҳалиги чўпон: “Бўри еб кетди деб хўжайинимни алдашим мумкин. Аммо Аллоҳничи?!” деди. Бу қулдаги омонатдорликни кўрган ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу уни хожасидан сотиб олиб, озод қилдилар.
Бир улуғ зот отнинг устида Қуръон ўқиб кетаётган эди. Устидаги тўни тушиб кетганини сезмади. Анча масофа босиб ўтилгандан кейин қараса, устидаги тўни йўқ. Отдан тушиб, ортга тўнни излаб кетди. Шунда шериклари “Отга миниб, бориб келмайсизми? Тайёр от турибди-ку!” дейишди. Шунда у зот: “Мен бу отни эгасидан бир томонга минишга ижарага олганман. Агар ортга ҳам минсам, омонатга хиёнат қилган бўламан”, – деб жавоб берди. Бу каби ривоятлардан жуда кўп келтириш мумкин.
Хулоса қиладиган бўлсак, имонимиз ва динимиз комил бўлиши учун ҳамда мунофиқлик аломатларидан халос бўлиш мақсадида ҳар биримиз омонатдор ва ваъдага вафо қиладиган солиҳ ва тақводор кишилар қаторида бўлайлик!
Куни кеча, юртимизда кутилмаган ҳолат юз берди. Қозоғистон давлатида юз берган носозлик сабабли Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам электр энергияси узилиб қолди. Табиийки, электр энергиясига боғлиқ кўп соҳалар: аҳолига сув етказиб бериш, уйларни иситиш тизими, газ етказиб беришга ҳам бу нарса таъсир қилди. Гарчи бу ҳолат кўп давом этмаган бўлсада, баъзи бирларда ваҳимага тушиш, миш-миш тарқатиш, электр энергияси йўқлиги сабабли талаб кўпайган маҳсулотларнинг нархини дарҳол, асоссиз ошириш ҳолатлари кўзга ташланди. Айниқса, қийинчилик ва синовли кунларда нон, ичимлик сув, озиқ-овқат каби халқнинг кунлик эҳтиёжи тушадиган маҳсулотларнинг нархини сунъий кўтариш – инсофсизлик, қийин аҳволдаги мусулмонлардан фойдаланиб қолиш ва мусулмон кишига асло тўғри келмайдиган ишдир.
Албатта, ҳаётда оммавий равишда кутилмаган қийинчилик ва синовлар учраб туриши мумкин, ҳатто яқин йилларда бунданда оғир пандимея, карантин синовларини ҳам бошимиздан ўтказдикку!
Бир кунлик синовда шунча ваҳимага тушилса, бундан “тадбиркорлар” ночор ва қийналганлар изидан фойда кўришга ҳаракат қилса, Аллоҳ сақласин, бу ҳолат узоқроққа чўзилса, нима бўлади!? Ахир биз тақдирга имон келтирганмиз-ку! Ризқ Аллоҳ таолодан эканига имонимиз бор-ку! Қуръони каримда бу мавзуда шундай марҳамат қилинади:
 وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ
яъни: “Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси 6-оят).
Нега синов пайтида ана шу имонимиз талаб қилганидек иш тутмаймиз?! Нега ушбу оятга биноан “Ризқимни Аллоҳ беради” деб ҳаракатланмаймиз?!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини мақтамаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар (Имом Термизий ривоятлар).
Демак, савдогарлар ҳалол, омонатдор, яхши инсон бўлишлари учун ушбу ҳадисда айтилган нарсаларга амал қилишлари, жумладан, маҳсулотни ҳаддан ортиқ қиммат сотмасликлари лозим бўлади.
Мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турганда, уларга енгиллик қилиб бериш ўрнига асоссиз қимматлаштириш ёки янада қимматроқ сотиш мақсадида ушлаб туриш гуноҳдир. 
Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонлар нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ташламоғи ҳақ бўлади” деганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Мана шундай синовли кунлар одамларга ёрдам қилиш, эҳсон қилиш, савоб олишнинг айни вақтидир. Чунки кенгчилик кунлари ҳамма ҳам эҳсон қила олади, лекин қийинчиликда бу ишлар ҳамманинг қўлидан келмайди.
Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида Мадина аҳлига қаттиқ очарчилик етди. Одамлар ниҳоятда қийин аҳволда қолди. Шу кунларда тириклигидаёқ жаннат башорати берилган саҳоба Абдурроҳман ибн Авф разияллоҳу анҳунинг катта карвони озиқ овқатлар билан Мадинага кириб келди. Савдогарлар у зотга икки, уч ва унданда кўп баробар фойда беришни таклиф қилдилар. Лекин у зот фурсатни ғанимат билиб, одамларга раҳм шафқат қилиб, бирига етти юз баробар ажр берадиган Аллоҳ таоло йўлига эҳсон қилдилар. Ўша кеча бирор киши оч қолмади.
Мана шундай улуғ зотлар бизга чиройли ўрнак бўлиши керак. Қийинчилик пайтларда марҳаматли бўлиб, пул ишлашдан кўра кўпроқ савоб ишлаш ҳаракатида бўлишимиз керак.
Хулоса қиладиган бўлсак, энг оғир пандимея ва карантин пайтларида бирдам, аҳл-иноқ бўлиб, барчамиз бир юқадан бош чиқариб, жорий қилинган тартиб қоидаларга риоя қилганимиз учун оғир синовли кунлардан ўтиб олдик. Ҳозирги кундаги электр энергиясига боғлиқ муаммоларда ҳам бирчамиз бир тану жон бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб турсак, иншааллоҳ бундай синовли кунлардан тезда ўтиб оламиз ва фаровон ҳаётимизни давом этамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни турли офат-синовлардан асраб, юртимизни тинч, халқимизни фаровон қилиб, барчамизга икки дунё саодатини насиб қилсин!
 

ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди