Интернет тармоқларида айрим кимсаларнинг ўз-ўзича ҳар хил соҳада фатво бериб юбориш ҳоллари учрамоқда. Аслида, илмсиз кишининг фатво бериши Ислом динида қораланади. Фатво бериш учун диндан етарли миқдорда илмга ва малакага эга бўлиш лозим.
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида жавоб беришга нисбатан ишлатилади. Яъни, фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди.
Бугунги кунда баъзи кишилар томонидан “такфир”, “Жиҳод” “мазҳабсизлик” каби мавзуларда асоссиз фатволар бериб юборилмоқда. Бу нарса мусулмонлар орасида турли ихтилофларни пайдо қилмоқда. Одамлар орасида ҳамжиҳатликка путур етказмоқда.
Хулоса қилиб айтамизки, илмсиз ҳолда фатво беришдан ўзимизни тийайлик ва учраган одамдан фатво сўраб, унга эргашиб кетишдан эҳтиёт бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин!
Р. Акбаров,Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн мухтор” масжиди имом хатиби