1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ислом дини зулм ва бузғунчиликни тақиқлайди

2-02-2022, 07:43 208 Ўқиш режими + -
Ҳар бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан, ўша юртда тараққиёт бўлади. Бизнинг эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам ана шу тинчлик-осойишталик ётади. Агар истиқлолнинг ўтган даврига назар ташласак,  юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз.  Бу неъматларга чин маънода шукрона келтириш ва уларнинг қадрига етиш керак. 
Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, - деганлар.
Аллоҳ таоло мўминларга тинчлик ва адолат ўрнатишни, яхшилик қилиш ва ёмонликдан қайтаришни ҳамда одамлар орасини ислоҳ этишни буюради. Зулм-зўравонликни, бузғунчиликни тақиқлайди.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32-оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.  
"Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам бор, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳанам) бордир" (Раъд. 25).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Ким бир қушни беҳуда ўлдирса, у қиёмат куни йиғлаб келади ва эй Раббим, бундан сўра, нима учун у мени бекордан-бекор ўлдирди, деб айтади", дейилади.
Шубҳасиз, исломда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг ёмон кўриниши ҳисобланади. Террор каби ваҳшийликларни амалга оширганлар ўзларини динга қаттиқ эътиқод қўйгани ҳақида сўзда қанчалик лоф урмасинлар, қилаётган ишлари орқали бу даъволари нақадар ёлғон экани фош бўлмоқда. Ояти каримада: “(Эй, Муҳаммад!) Сиз зинҳор золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан Аллоҳни ғофил, деб ҳисобламанг!” (Иброҳим, 42).
Хулоса шуки динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг ҳар қандай кўриниши тақиқланади, халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни мустаҳкамлашга чақирилади.  
З. Сувонов,
Қарши туманидаги “Ҳазрати Султон” жоме масжиди имоми-хатиби