Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани бежиз эмас, албатта. Шунингдек, доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – ҳурлигинг” каби мақолларда ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади.
Шунинг билан бирга, ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, ҳатто ўзга дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган. Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳллари билан тинч-тотув яшашга, фитна ва турли адоватларга барҳам беришга чақирилган. Унинг таълимотига биноан барча Пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий динларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшиликдан тўсмаслиги лозим. Бу борада Қуръони каримда:
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).
Ушбу оятдаги тафсир китобларда айтилишича: “Сизлар билан урушмаган ўзга дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлинг”. Бунда диний бағрикенгликни таъминлашдан асосий мақсад барча эътиқодларга бирдек эргашиш эмас, балки ўз эътиқодида мустаҳкам турган ҳолда ўзга дин вакиллари билан тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшаш, эзгу ишларда ҳамкорлик қилиш орқали тараққиёт, илм-фан ривожи учун тинчликни қарор топтириш кўзланади.
Ислом сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик”дир, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди. Бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғимиз зарур.
Тинчлик – барча халқларнинг азалий орзуси бўлиб келган. У инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади. Бу неъмат бебаҳо экани ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтилган. Хусусан, Қуръоннинг 50 дан зиёд сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар тинчлик, эзгулик ва бағрикенгликка чақирилган. Шунингдек, Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, “Икки энг азиз неъмат бор, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий) - дея инсонларни тинчликни қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этади.
Юқорида қайд этилганидек, ислом тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик ва моҳиятан енгиллик динидир.
Х.Хонимов,Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби