1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Сабр- юксак инсоний фазилат

17-02-2020, 14:25 2 048 Ўқиш режими + -

                                      Сабр- юксак инсоний фазилат

         Халқимиз орасида  сабр-тоқатли бўлишга кўп тарғиб қилинади. Чунки сабр-тоқат юксак инсоний фазилатдир. 

        Хўш, сабр нима маънони англатади?

Сабр сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “Сабр-арабча сўз бўлиб,  у чидам, бардош” –деб изоҳланади. Сабр инсонга берилган неъматдир. Инсон бу неъматга доимо ўзини тайёрлаб. Унинг шукрини қилиб бориши лозим. Пайғамбар (с.а.в.): “Кимки ўзини сабрга ўргатса, Аллоҳ унга сабр неъматини беради. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган” дейдилар.                                                                                                           

Ҳазрати Алишер Навоий сабр ҳақида шундай ёзади: 


Нафс уйига сабр ила иморат англа,                                                                    

Бесабрлиғин анинг шарорат англа, 

Иш сабр сори анга ишорат англа,

Саьрин зафар сори башорат англа.

Сабр-тоқат инсон учун яхши ахлоқдир. Довуд (а.с.) Aллоҳ таолога мурожаат қилиб:“Эй Аллоҳ менга яхши ахлоқ бергин. Мен унинг учун нима қилай?” деб сўрадилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Мен собирман, сен ҳам сабр қил” деб жавобберди.

Инсон бу дунёда турли хил хавф-хатар, очлик, молу жонга зарар бериш билан имтиҳон қилинади. Бу ҳақда “Қуръони Карим”да: “ Ва албатта сизларни хавфу хатар. Очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирор мусибат етканда: “ Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз”.-дейдиган собрларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга парвардигорлари томонидан саловот ва раҳмат бордур. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир” –дейилади. (Бақара сураси, 155-157-бетлар). Инсон эса бу дунёдаги турли балолар имтиҳон эканлигини билиб, уларга сабр қилиши лозим. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “ Аллоҳ таоло кимгаки яхшилик истаса, унга  мусибат беради” дедилар. ( Бухорий ривояти). Ва яна бошқа ҳадисда: “ Мукофотнинг кўплиги имтиҳоннинг кўплигига боғлиқ. Аллоҳ таоло бирор қавмни яхши кўрса, уларни имтиҳон қилади. Кимки бунга рози бўлса,   ундан рози бўлади. Кимки мусибатга рози бўлмай ғазаб қилса, унга ғазаб қилади” ( Термизий ривояти).

Сабр асосан икки нарсага нисбатан бўлади. Бу икки нарсанинг бири мусибат бўлса, иккинчиси эса маъсиятдир. Мусибат бу айрилиқдир. Инсонинг бирор киши ёки нарсасини йўқотиши мусибатдир. Пайғамбар (с.а.в.): “Бир кишининг суюкли кишиси вафот этса, у бу мусибатга сабр қилса, унга бериладиган ажр жаннатдир” дедилар. (Бухорий ривояти). Инсон бирор нарса ёки кишисини йўқотганида: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб унга сабр қилади. Инсон бошига бало келганида сабр қилса, у гуноҳлардан пок бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда: “Эй инсонлар, мен инсонлар орасида бирор кишини имтиҳон қилсам, у бу имтиҳон мендан эканлигини билиб, унга сабр қилса, ўша жойидан турмасиданоқ онасидан туғилган кунидагидек хато ва гуноҳлардан фориғ бўлади” дейилади.

Маъсият эса бу гуноҳ бўладиган ишлардир. Инсон ўз нафсини гуноҳ ишлардан тийишда сабр-қаноатли бўлиши лозим. Шундай қилса, у бу сабри учун катта ажру савоблар олади. Аллоҳ таоло:“Кимки, Парвардигорининг ( ҳузурида) туриши 9ва ҳисобот беришидан)дан қўрқса ва нафсини ҳаволанишдан қайтарса бас. Фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” дейди. (Назиот сураси. 40-41-оятлар). Луқмони Ҳаким ҳам ўз фарзандларига: “Эй ўғлим, oлтин олов билан. инсон эса бало билан синаб кўрилади. Сен ҳамиша борига қаноат қилиб, бошингга тушган мусибат ва маъсиятларга сабр қил” деб насиҳат қилар эканлар. Шу сабабли мусибат ва маъсиятга саб-тоқат қилишимиз лозим. 

Сабр қилиш ва қилмаслик жиҳатидан  инсонларни уч тоифага бўладилар. Биринчи тоифа кишилари ҳар қандай ҳолатда сабр-тоқат қиладиган кишилардир. Улар нафсларини жиловлаб, нафс талвасасига сабр қиладилар. Сабр улар учун оддий бир ҳол ҳисобланади.  Сабрли инсонлар жазавага тушмайди, ҳавои-нафс у билан тортишмайди. Бу даражага чиройли сабр қилувчи кишилар етадилар. Иккинчи тоифадаги кишилар сабр-тоқат қила олмайдиган кишилардир. Бесабр кишилар маъсиятга ҳам, мусибатга ҳам сабр қила олмайдилар. Бундай кишиларга ҳавойи нафс ҳукмрон бўлади. Учинчи тоифа кишилар баъзида сабр қиладиган ва баъзида сабр қилмайдиган кишилардир.

Сабр-тоқат келгуси муваффақиятлар ва хурсандчиликлар калитидир.  Бу ҳақда пайғамбаримиз ( с.а.в.): “Сабр хурсандчилик калитидир” деб марҳамат қилдилар.  Юсуф( а.с.)   бошларидан ўтган барча синовларга сабр қилдилар.  Юсуф а.с. ўз туғилишган  акалари томонидан  хўрланиб чуқур қудуққа ташланиб, сотиб юборилдилар. Зулайҳонинг макрига учрадилар. Юсуф (а.с.) қулликка, барча туҳматларга сабр қилиб,  сабр-тоқат орқали подшолик тахтига чиқдилар. Шу сабабли сабр-тоқат қулни подшо қилса, бесабрлик туфайли инсон бор-йўғидан айрилади. 

Сабр бу иймоннинг бир бўлагидир. Ҳадисда эса: “Иймоннинг ярми сабр” дейилади.  Сабр заҳардан аччиқ аммо меваси ширин бўлиб,   у аччиқ дори бўлса-да, аммо шифобахш неъматдир. Бу дорини ичган одам шифо топади. Бир донишманддан сўрашди аввали аччиқ охири ширин нима?  Донишманд: “ Aввали аччиқ, oхири ширин бу сабр” деб жавоб берди.Яна донишманддан сўрашди: “ Aввали ширин, охири аччиқ нарса нима? Донишманд “ Aввали ширин, oхири аччиқ бу бесабрликдир” деб жавоб берган экан.

Сабр-тоқат инсон учун даражадир.  Аллоҳ таоло бу даражани ўзи яратган махлуқлар орасидан инсонгагина берган. Инсон сабр-тоқат қилиш билан комилликка эришади. Кўп шикоят қилиш ҳам сабрсизликка киради. Каъбул-Ахбор: “Кимки мусибат етса ва уни инсонларга шикоят қилса, демак, Аллоҳ таолодан шикоят қилибди” дедилар. Сабрсизик инсоннинг табиатида бор. Чунки Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, инсон бесабр қилиб яратилгандир.  Қачонки, унга ёмонлик (мусибат) етса,  у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачонки, унга яхшилик (бойлик ёки соғлик0 етса, ўта ман этувчи (бахил)дир”. (Маориж сураси. 20-22-оятлар). 

  Сабрсизлик шайтоннинг кемасидир. Шайтон  инсонларни унга чиқаради-да, хаёлот денгизида суздиради.   Натижада, инсон хаёлнинг чексиз денгизида ғарқ бўлади.                                                                                                                               

Сабрсизликдан  халос бўлиш йўллари:

  1. Бу дунё синов – имтиҳон дунёси эканлигин эсга олиш;
  2. Тақдирнинг яхши –ёмонлиги  Аллоҳ таолодан эканлиги ёдга олиш;
  3. Ўзини банда эканлини ва берилаётган мусибат Аллоҳ таоло томонидан эканлигини билиб, ўзини бетоқат бўлишдан тўхтатиш;
  4. Мусибатга бериладиган савобнинг катта эканлигини ва қиёмат куни бунинг учун ажрга олишини ёдга олиш;
  5. Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолодан яхшилик умидвор бўлиш;
  6. Ҳар қандай ҳолатда аллоҳ таолога шукр ва сабрли бўлишни эслаш;
  7. Аллоҳ таолодан ҳар қандай ҳолатда қўрқиб туриш ва бундан ёмон ҳолатга тушган инсонлар бор эканлиги эслаш.

Агар инсонлар сабрсизликдан қутилиб,  сабр кемасига чиқсалар, ризо денгизи узра саёҳат қиладилар ва манзарали, кўркам оролга келадилар-ки, унда омонлик бордир. Инсон сабрсизликдан халос бўлса, унга сабр эшиги очилади. Шунинг учун пайғамбаримиз: “Сабр- нур” дедилар. ( Муслим ривояти). Инон ҳар бир ўтган нарса учун қайғуриши, афсус ва надомат чекиши инсоннинг соғлигига зарар қилади, унинг асабларини чарчатади, мушкулини оғирлаштиради ва янги муаммолар гирдобига мубтало қилади. Сабр инсоннинг ғамгинлигини ва қалбидаги қоронғиликни кетказувчи нурдир. Сабр йўлни ёритиб, мшаққатни енгиллаштиради. Инсоннинг қоронғу қалбидан ғамни кетказади. Сабр-тоқатсиз инсон мўлжаллаган манзилига ета олмайди.

Хулоса қилиб айтганда, сабр-тоқат кишилар орасида мақсад сари чидам билан интилиш, машаққатли дамларда бардошли бўлиш каби фазилатларни мустаҳкамлайди.


 Р. Акбаров