1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АФВ ҚИЛИШ СУННАТДИР

3-02-2022, 12:17 321 Ўқиш режими + -
Динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки бунда кўп ҳикмат бор. Кечириш ва ярашув туфайли инсон енгил тортиб, ажру мукофотга сазовор бўлади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси 14-оят).
Бошқа оятда: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!” (Аъроф сураси 199-оят), дейилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломдан бу оятни шарҳлаб беришини сўраганларида: “Аллоҳ таоло зулм қилган кишини афв этинг, бермаган кишига беринг, сиздан узилиб кетган кишига яқин бўлинг, деб буюрмоқда”, деганлар (“Тафсири Табарий”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечиримли бўлишда ҳам энг гўзал намуна эдилар. Ойша розийаллоҳу анҳодан Пайғамбаримиз хулқлари ҳақида сўралганида: “Расулуллоҳ ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар”, деб жавоб берган (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривояти).
Кечиримлилик ва шу каби олижаноб фазилатларга эга кишилар дунёда бошқаларнинг меҳри, эҳтиромига сазовор бўлиш баробарида турли балолардан сақланади. Охиратда эса улуғ неъмат – жаннатга ва Аллоҳнинг розилигига эришади. Бу тушунча халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, десак муболаға бўлмас. Чунки, биз Худони таниган, Унинг амрларига итоат қилиб, қайтариқларидан парҳез қилган одамларнинг авлодимиз. Модомики, Пайғамбар алайҳиссалом кечиримли бўлишга чақирган эканлар, албатта бунга амал қилиш пайидан бўламиз. 
Нохос ё жаҳл устида жиноят қилиб қўйган шахсларга давлат сиёсати даражасида эътибор берилиб, ҳар йили тузалиш йўлига ўтган бир неча юзлаб юртдошларимиз афв этилмоқда. Ҳар йили байрам ва ҳайитлар арафасида турли хил жиноятларни қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган минглаб шахслар афв этилиб, уларнинг оилаларидаги ўн минглаб инсонлар хурсандчилигига сабаб бўлмоқда. Бу ҳам хайрли, савоб ишлар сирасидандир, иншааллоҳ.
 
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
“Чим” жоме масжиди имом-хатиби