1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ЭТАЙЛИК!

3-02-2022, 12:20 229 Ўқиш режими + -
Бугунги кунда ҳаммаларимизга шу нарса яхши маълумки, жаҳондаги барча давлатларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, авто-улов ҳайдовчилари ва пиёдаларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган қонун-қоидаларни мукаммаллаштириш ва уларга жиддий риоя этиш энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Бу ҳақда кўплаб халқаро анжуманлар ўтказилмоқда, маҳаллий шароитларда авто улов ва йўл хавфсизлиги ойликлари мунтазам ўтказилиб, уларда кенг миқёсда ҳайдовчилар ва пиёдаларга тааллуқли қонун-қоидаларга амал қилиш тартиблари шу соҳа масъуллари ва мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда. 
Ислом таълимотида руҳий-маънавий ва ижтимоий хаётнинг барча соҳаларида тартиб-низом ва қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш ва ман этилган ҳар қандай ишдан узоқ бўлиш алоҳида таъкидланган.
Йўлдаги тош, сим, шиша каби йўловчиларга зарар етказувчи нарсаларни четга олиб ташлаш ҳам имоннинг бир бўлаги ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Йўлдан одамларга азият берадиган нарсаларни олиш садақадир”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Одобли инсон бошқаларга озор бермаслиги учун йўлни тўсмайди балки йўл беради ва уни ҳурмат қилади.
Одамлар гавжум жойларда яъни, бозорлар, спорт мажмуалари, тўйхоналар, шунингдек, жума намози вақтида баъзи инсонлар авто уловларини йўлнинг қатнов қисмига тартибсиз қўйиб кетишлари оқибатида йўл ҳаракатларига қийинчиликлар туғдирмоқда. Масалан тез тиббий ёрдам ва ўт ўчирувчи машиналар йўлини тўсиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Кўплаб масжидларимиз атрофида жума намозлари вақтида автомашиналарни кўчанинг ҳаракат қисмида қолдириб кетиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Намозгоҳларга боришда ниятимиз Аллоҳнинг фарзини бажариш экан, унгача яратганга хуш келмайдиган ишни қилмайлик. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, дедилар.
Кўчада қанча муҳим ишлар, хусусан инсон тақдирига боғлиқ масалаларда ҳаракатланаётган юртдошларимизга зарар бериб, гуноҳга ботмайлик.
Шунингдек, ҳайдовчилар йўл қоидаларини бузмасликлари, йўл белгиларига қатъий риоя қилиб тезликни белгиланган меъёрдан оширмасликлари зарур. Акс ҳолда нафақат ўзига балки бошқа инсонларга ҳам оғир зарар ва кулфат етказиб қўйиши мумкин эканлигини унутмайлик.
Аллоҳ таоло огоҳлантириб амр этади: “... ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...” (Бақара, 195).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонга моддий ва маънавий зарар берадиган тезликдан, ҳатто у катта савоб бўладиган ибодат соҳасида бўлса ҳам қайтарганлар. У зот марҳамат қилиб айтадилар:
“Эй одамлар хотиржамликни лозим тутинглар. Чунки яхшилик шашқолоқлик билан амалга ошмайди”.
Бунга айниқса йўл чироқ ишораси рухсат бермай туриб, йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдалар, муайян ишорани кутишга сабри чидамайдиган айрим авто улов ҳайдовчилари яхши эшитиб олишлари ва амал қилишлари зарур. Дарҳақиқат, бир оз сабр қилиб кутиб турсангиз, ҳаётингизни хатардан сақлаган бўласиз. Зеро, оҳисталикда-саломатлик, шошилишда надомат бўлади, деб бежизга айтилмаган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни авто машиналар олиб тартибли ҳаракатланиб юрадиган сабр-тоқатли бандаларидан қилсин!
 
Муродуллохон НУРИДДИНОВ,
Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом – хатиби