1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

АЛЛОҲДАН СЎРАНГ, БЕРГУВЧИ ЎЗИ!

3-02-2022, 12:22 282 Ўқиш режими + -
Инсон боласининг иши юришиб турганида, ўзи соғ – саломат, тинч – омон ва роҳат – фароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётига мағрур бўлиб юраверади. Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг бошига қийинчилик тушса, дардга чалинса ёки бир кўнгилсиз ҳодисага дучор бўлса бетоқат бўлади. Халос бўлиш йўлларини ахтаради, қийинчиликни кетказишни, дарддан халос бўлишни ёки кўнгилсиз ҳодисадан халос бўлишни сўраб, кечаю кундуз Яратган Аллоҳ таолога илтижо қила бошлайди. Аллоҳ таоло қалбдан қилинган дуоларни қабул қилувчи Зотдир.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай мархамат қилади:
“Агар бандаларим сендан мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилувчи дуо қилганда, ижобат қилурман. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки, тўғри йўлни топсалар.” (186 – оят)
Мулоҳаза қилинса, оятда бандалар Аллоҳ таолодан дуо ва илтижо ила сўрасалар  “Дуо қилгувчи менга дуо қилганда ижобат қилурман” яъни,  Аллоҳ таоло бандаларимнинг дуоларини эшитаман, ҳисобга оламан, эмас, балки “ижобат қиламан” , демоқда.
Дуолари қабул қилиниб, қийинчилик ёки дардлардан халос бўлгач эса, баъзилар гўё етган зараридан Аллоҳ таолога илтижо қилмагандай кетаверади. Яъни Яратган Аллоҳ таолони унутади ва такаббурлик қилади. Чунки, Аллоҳ таоло Юнус сурасида шундай мархамат қилади:
“Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак,  худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетавералир. Ана шундай қилиб, исрофчиларга қилаётган амаллари зийнатланиб кўрсатилади.” (12 - оят)
 Аллоҳ таоло Зумар сурасида бундай мархамат қилади:
“Бас, қачонки инсонни зарар тутса, у Бизга дуо қилур. Сўнгра унга Биз Ўзимиздан неъмат берсак: “Албатта, бу менга илмим туфайли берилди”, дер. Йўқ! У синовдир. Лекин кўплари(бунинг синов эканини) билмаслар.” 
Имом Табарий бу оятни бундай тафсир қилган: “Агар инсонга зарар етса, аллоҳ таолога ёлвориб илтижо қилади. Зарари ўрнига фойда, касаллиги ўрнига саломатлик бериб ҳолатини енгиллатса,  Аллоҳ таоло фойда ва саломатликни амалимдан рози бўлгани, мени уларга муносиб эканлигимни билгани учун берди”, дейди. Аслида, унга зарардан кейин берилган фойда, касалликдан сўнг қайтарилган саломатлик синовдир. Лекин кўплор жоҳиллиги, фикрларининг хатолиги учун буни билмайди.
Аммо Аллоҳ таоло кимга ҳидоят, тўғрилик, тавфиқ ва онг берган бўлса, улар мазкур ҳолда  сабабларни ахтариш билан бир вақтда Аллоҳ таолога илтижо қиладилар.
Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида мархамат қилади:
“Айнан ушаларга мағфират ва катта мукофот бордир”. (11 - оят)
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Мўмин кишининг ҳолига хурсанд бўласан. Аллоҳ таоло унга нимани қазо қилса, яхшилик бўлади. Агар унга ғам етса сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади,   агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади”.
Демак инсон доимо Аллоҳ таолодан яхшиликларга эриштиришини ва ўз навбатида ёмонликлардан  паноҳ беришини сўраши керак булади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, барчаларимизни соғ – омон қилсин. Аллоҳ таолодан яхшиликларни сўраб , ёмонликлардан омонлик тиловчи бандаларидан қилсин!
 
 МУРОДУЛЛОХОН НУРИДДИНОВ,
 ҚАМАШИ ТУМАНИ “ҚОРАТЕПА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ – ХАТИБИ