Аллоҳ таоло ўзининг чексиз неъматларини биз мўмин бандаларига ато қилиб келмоқда. Ражаб ойи ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи яъни, Жумодол-охир билан Шаъбон ойи ўртасида бўлмиш ойдир. Бу ойнинг фазилати шундаки, баъзи ривоятларга кўра, нубувватнинг ўнинчи йили ушбу ойнинг йигирма еттинчи кечаси машҳур Исро ва Меърож воқеаси содир бўлган. Исро ва меърож воқеаси Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларига далолат қилувчи нодир ҳодисалардан ҳисобланади.“Исро” луғатда “тунги сайр” маъносини билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Масжидул-Ҳаромдан Масжидул-Ақсога боришлари ҳодисаси “Исро” дейилади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:
“(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир (кўрувчи)дир”. (Исро, 1). Расулуллоҳнинг Исро ва Меърожларини ҳақ деб билиш имон шартларидандир. Ким Исро ҳақидаги оятларни рад этса, кофир бўлади
“Меърож” сўзи луғатда “Зина” деган маънони билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом уйғоқликларида жасадлари билан осмонга ва ундан Аллоҳ таоло хоҳлаган жойга чиққанлари воқеаси «Меърож» дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожларига ишониш Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидасининг муҳим қисмидир. Меърожда мусулмонларга беш вақт намоз ўқиш фарз қилинди. Нима учун тўғридан-тўғри Маккадан меърожга кўтарилмасдан, Байтул-Мақдисга бориб, сўнгра кўтарилган дейилса, унга шундай жавоб берилган: “Байтул-Мақдисга олиб борилишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърож ҳақидаги сўзларининг рост эканини тасдиқлаш ҳикмати бор. Чунки Қурайш қабиласи Байтул-Мақдиснинг васфини сўраганида, у зот Байтул-Мақдисни васфлаб, ҳатто йўлда кетаётган уларнинг карвони ҳақида ҳам гапириб берганлар. Агар у зотнинг самога кўтарилиши Макканинг ўзидан бўлганда, бу нарса ҳосил бўлмас эди”. Меърож воқеасида биз учун энг аҳамиятли бўлган нарса динимизнинг устуни бўлган беш вақт намознинг фарз бўлганидир.
Муродуллохон Нуриддинов,Қамаши тумани “Қоратепа” жоме масжиди имом хатиби