1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚАЙНОНА – КЕЛИН АҲИЛЛИГИ ОИЛА ТИНЧЛИГИДИР.

4-02-2022, 08:13 388 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсон зотини ҳам жуфт қилиб яратди. Шу жуфтлик орқали одамлар ҳалол йўл билан оила қуриб, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлайди. Аллоҳ таоло эрлар ва хотинлар ўзаро муроса ва тотувлик билан яшаши учун улар ўртасида иноқлик ва муҳаббат туйғуларини ҳам пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: “Унинг аломатларидан (бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин, қайнона ва келин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим. Зеро, оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади. Шунга биноан, шариатимизда қайнота ва қайнона куёв ёки келинга нисбатан қандай мақомда туриши ҳам баён этилган. 
Қайнота ва қайнона куёвга ҳам, келинга ҳам ота-она ўрнида бўлади ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда розилигини олиш вожибдир. Улар менинг ота-онам эмас, уларни розилигини олишим шарт эмас, дейиш жоҳиллик ва илмсизликдир. Эркак кишига энг ҳақли зот унинг онасидир. Аёл кишига эса энг ҳақли зот унинг эридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Аёл кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим.  У зот: “Унинг эри”, –дедилар. Мен: “Эркак  кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим. У зот: “Онаси”, – дедилар” (Имом Ҳоким “Мустадрак” китобида ривоят қилган).
 Рисоладаги эркак ҳаёти давомида доим икки аёл: онаси ва жуфтига моддий ва маънавий таъминот ҳамда ғамхўрлик қилади. Улар ўртасида адолат ўрнатган ҳолда ҳаёт кечиради.  Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...  

яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси, 34-оят). 
Бу оят билан Аллоҳ таоло эркакнинг оиладаги ўрнини белгилаб берди. 
Шундан келиб чиқиб, оила раҳбари бўлмиш эркаклар, бўлажак қайноналар бўлмиш жуфтларига келинга қандай муомала қилиш, келажакда келин бўладиган қизларига қайнона билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатиб боришлари керак. Бу ишни фақат аёлларга юклаб қўйиш тўғри эмас. Чунки юқоридаги оятда эркаклар аёлларни ҳимоя қилиши, ғамхўрлик қилиши ва уларга одоб бериши маъноси бордир. Келинлар қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб ҳурмат қилиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Эрнинг розилиги эса жаннат йўлидир. Баъзи хонадонларда келинга худди хизматкор-қулдек муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи хонадонларда эса аксинча, келинлар йўқ жойдан муаммо чиқариб, катта-катта талаблар қўйиб, эрнинг топганига қаноат қилмай, эри билан қайнонанинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда. 
Афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпгина оилаларнинг ажрашишига сабаб оиланинг бошлиғи эркак киши ўзини бир четга олган бўлиб, натижада аёллар ҳамма ишда “хўжайин” бўлиб қолишган. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифалар юклаб, зулм қилиб охир оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаётган қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Бу тоифадаги кишиларга нисбатан Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон даражадаги инсон одамлар унинг ёмонлигидан сақланиш учун ташлаб кетилган кимсадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). 
не орзу ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто баъзилари бу ғавғоларни кўтара олмай ўз жонига қасд қилишгача бораётган ҳолатлар учрамоқда. 
 Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Шундай экан, муҳтарама қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олийжаноблик саналиб, ёшларни тўғри йўлга тушишига сабаб бўлади. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналардан узр сўрашлари уларнинг фақат ҳурматлари ортишига олиб келади.
Оила ҳаёти ҳеч қачон бир текис фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Баъзида қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг баъзи ҳойи-ҳавасларидан воз кечишларига ҳам тўғри келади. Қачонки, эр-хотин биргалашиб оила тотувлиги йўлида курашсагина қийинчиликларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлигига эришади. 
 
Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти маънавий-маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари