1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Гапда чуқур кетиш (тил офатлари давоми)

4-02-2022, 09:12 304 Ўқиш режими + -
Ўтган мақоламизда тил офатларининг иккинчи кўриниши яъни, ботил тил ҳақида қисқача фикр бериб кетган эдик. Бугун мана шу тил офатининг давоми ўлароқ учинчи офат – гапга чуқур кетиш тўғрисида тўхталамиз, инша Аллоҳ.
Гапда чуқур кетиш – оғиз тўлдириб, қофиясини келтирган ҳолда гапириш ила бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадиганингиз”,  дедилар”.Термизий ривоят қилган.
Албатта, маърузачиларнинг қофиясини келиштириб гўзал гапиришлари бу жумлага кирмайди. Чунки улар диний таълимотларни кишиларга етказишлари учун одамларга таъсир қиладиган чораларни кўришлари зарур.
Сўзлар мисоли ерга сочилган уруғ дони. Агар оғиздан чиққудай бўлса, уларни битталаб бериб олиш мумкин эмас. Эл-юрт эшитганидан кейин уларни пардалаб бўлмайди. Ширин ва эзгу сўзлар оқиб турган зилол сувга ўхшайди. Зилол сув қаерга оқиб борса, у ердан анвойи чечаклар униб чиқади. 
Фузайл ибн Иёз дебдиларким: “Сўзини амалдан деб билганларнинг гапи оздир. Ҳикматга фақат сукут ва тафаккур билан ворис бўладилар. Сўзлашдан тақво этиш луқма ва таомдаги тақводан ортиқдир”. Фикрдаги “тақво” сўзига диққат қилсак: таомдаги тақвога гўзал равишда амал қилганлари ҳолда, тил тақвосига бепарво кишиларнинг эл орасида Аъзам ҳазратларининг муҳрларида мана бу сўзлар ёзилган экан: “Сўз айтсанг эзгу сўз айт. Агар ундайин сўзни айтолмасанг, тек тур”. Шайх Саъдий айтганларки: “Нодонға хомушлиғдин яхши нима йўқдур, агар муни билса эрди, нодон бўлмас эрди”. Қитъа:
                                                  Фазлинг гар йўқ эса они билгил,
                                                  Ки сўз айтурға очма ҳаргиз тил.
                                                  Одамини тил этгуси расво,
                                                  Очма оғзингни, бўлма бепарво.
Аввалги суҳбатимизда келтирилган насиҳатлардан ўзгачароқ кўринишдаги Суқрот ҳакимнинг насиҳатлари баёни билан танишсак фойдадан ҳоли бўлмас: “Эй жоним ўғлим, бир нодон кимса олдингга келиб, сўз сўраб, баҳслашмоқ истагида бўлса, жавобини юмшоқ ва ширин сўзлар билан бергил. Шоядки, ўша нодон жаҳолат мастлигидан ўзига келса. Ул нодонга чучуклик билан жавоб берган сўзинг фойда қилмаса, сўзингни такрор қилма. Зероки, такрор қилганинг сайин нодоннинг ўпкаси қабариб, жаҳолати ошар. Агар у жоҳил юмшоқ сўзни ҳам англамаса, унда тек турмоғинг афзалдир”. “Бир одам билан бир масала устида сўзлашар экансиз, сўзингизни жанжалга бош бўладиган даражасига олиб борманг. Тилингизни тийинг”. 
“Сукут сақламоқ”ни халқда “тилни тиймоқ” деб ҳам айтадилар. Тилни тиймоқнинг маъноси фақатгина жим турмоқ эмас. Маъно биз ўйлагандан кўра чуқурроқдир. Яъниким, тилни тиймоқ – хоинлик, туҳмат, ёлғон, ғийбат, чақимчилик, истеҳзо, бировни масхара қилиш, ёлғон қасам ичишдан тийилишдир. Шунингдек, Қуръони карим ўқилаётганда, иқомат ва хутба вақтида, хожатхонада сўрашмоқ ва суҳбатлашмоқдан тийилишдирки, биз масжидларда кўпгина бунинг аксини кўрамиз. Қуръон ўқилаяпти ёки мавъиза бўляпти, аммо кимларгадир ўзларининг гаплари муҳимроқ. Айнан шу дамда эмас, икки кундан кейин ҳам айтиш мумкин бўлган, ҳатто умуман айтилмай қолсаҳам бўладиган гаплардан тийилмайдиганларга Аллоҳ инсоф берсин! Тилни тиймоқ деганда яна Қуръони каримни ўз раъйига кўра тафсир қилмоқликдан, омонат ва сирларни фош этмоқликдан, гуноҳкорларни ҳимоялашдан, биродарининг узрини қабул этмасликдан, мўъминларни қўрқитишдан ва шунга ўхшаш тил воситасида бажариладиган беҳуда ва ёмон амаллардан сақланишни тушунишимиз керак. Қуръон тафсирларида кўз ва қош билан инсонга етказиладиган азиятлар тил ва қўл билан жафо етказган каби қабиҳлиги баён этилган. 
Инша Аллоҳ кейинги мақоламизда тил офатларининг тўртинчи кўриниши яъни, фаҳш, сўкиш ва ачитиб гапириш тўғрисида фикр юритамиз.
 
 
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти