1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ИСЛОМ МЎЪТАДИЛ ДИН! (2-қисм)

4-02-2022, 09:26 226 Ўқиш режими + -
Динимизда хайру эҳсон ишларида ҳам мўътадиллик тарғиб қилинади. Бундаги афзал ҳолат бахиллик ва исрофнинг ўртасидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
 وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورً
 الإسراء: 29
яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).
 وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا
 الفرقان: 67 
яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам мўътадилликка асосланган эди. У зот ҳеч қачон умматларини оғир машаққатли ибодатларга буюрмас, балки баъзи амаллар умматга фарз бўлиб қолишидан хавф қилиб, у амалларни гоҳида тарк қилардилар. У зотнинг суннатлари осон ва енгил, машаққатсиз бажариладиган амаллар эди. У зот алайҳиссалом умматининг энг заиф тоифаларини ҳам эътиборга олиб йўл тутардилар. Заиф тоифалардан соғлом, куч-қувватга тўлганларнинг вазифаларини талаб қилмасдилар. Мўътадиллик мавзусида У зот шундай дейдилар:
 إنَّ الدِّينَ يُسْرٌ، وَلَنْ يُشَادَّ الدِّينَ أَحَدٌ إلا غَلَبَهُ 
رواه الامام البخاري عن أَبي هريرةَ رضي الله عنه
яъни: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, дин уни мағлуб қилади”, дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Яъни одам ўзини ҳаддан ортиқ қийнаб, фарз ва суннатлардан ташқари тоқатидан ортиқ ибодатларга мажбурласа, охирида малолланиб, ожиз қолиб ҳаммасини ташлаб қўяди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом динда ғулувга кетишдан огоҳлантириб шундай дейдилар:
 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِيَّاكُمْ وَالْغُلُوَّ فِي الدِّينِ فَإِنَّهُ أَهْلَكَ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ الْغُلُوُّ فِي الدِّينِ
яъни: “Эй, одамлар! Динда ҳаддан ошишдан эҳтиёт бўлинглар! Чунки сиздан аввалгиларни динда ҳаддан ошиш ҳалок қилган” (Ибни Можа ривоятлари).
Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам мўътадилликка яққол мисолдир: “Уч киши Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб, бири: “Мен туни билан намоз ўқийман”, деди. Кейингиси: “Ҳар куни рўза тутаман”, деди. Охиргиси: “Мен ҳеч қачон уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қасам, мен сизлардан кўра тақводорроқман. Лекин мен рўза ҳам тутаман, ифтор ҳам қиламан (рўза тутмаган куним бўлади), кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).
Динда ҳаддан ошишнинг яна бир кўриниши мусулмонларни ўзидек фикрламагани ёки ўзига қўшилмагани учун кофирга чиқаришдир. Бу ҳолат Исломнинг аввалидан юзага чиққан ва ҳозиргача етиб келаётган катта мусибатдир. Такфирчи жамоатлар кўпчилик мусулмонларни кофир санаб, уларнинг қонини ҳалол санашди. Натижада мусулмонларга қарши уруш очиб, уларнинг қонини тўкишди. Охири ўзлари ҳам мағлуб бўлган бўлсаларда, ижтимоий тармоқларда ин қуриб олиб, турли ғулувга йўғрилган фатволарни чиқариб туришибди. Бу уларнинг айнан биз ўрганаётган мавзу – мўътадиллик  масаласини билмаслиги ёки билишни хоҳламаслиги сабаблидир. Афсуски, уларнинг ана шундай ботил фатволарига амал қиладиган, уларга эргашадиган, алданган мусулмонлар топилиб турибди. Уларга қулоқ солиб, фитна ўчоқларига борганларнинг пушаймон бўлиб мусулмонларга мурожаат қилаётганини эшитиб турибмиз. Улар интернетдаги қўштирноқ ичидаги фатво бераётганларнинг алдовга мутлақо ишонмаслик кераклиги, воқеъликда эса ҳолат улар айтганидек эмаслигини айтмоқдалар. Вақт ўтиши билан такфирчи тўдаларнинг алдов ва жиноятлари халққа янада кўпроқ ошкор бўлади. Аллоҳ таоло бундай адашишдан ўзи асрасин! Бу ўринда ҳаддан ошиш шуки, мусулмон киши динга қайси йўл билан кириб келган бўлса, ўша йўл билан ундан чиқади. Яъни, у исломга имон келтириб кириб келади. Фақат ва фақат ана шу имонидан қайтсагина диндан чиқади. Лекин кимларнидир фикрига, ғоясига ёки Ислом оламида тан олинмаган “ҳижрат ва жиҳоди”ига қўшилмагани учун кофир бўлиб қолмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзи мақтаган “ўрта уммат” сафига қўшсин! Ҳар соҳада мўътадилликка амал қилиб, икки дунё саодатига етишни муяссар қилсин! 

ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди