Аллоҳнинг бизга берган буюк инъомларидан бири бу оила ва шу орқали юзага келадигаган фарзанд неъматидир. Бу неъмат ҳисси ва қадрини Аллоҳ таолонинг мўмин бандасигина англаб етади холос.
Ҳа, оила бу муқаддас ва сокинликдир, оилани моҳиятини тушунмаган инсон бундай сокинлигу қадриятни нималигини ҳеч билмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда эркак ва аёлни никоҳланиб яшашга амр қилиб шундай марҳамат қилган:“Ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)[1]”. Ушбу ояти каримада очиқ-ойдин шарий никоҳга Буюк Роббимиз тарафидан биз ожиз бандаларга буйруқ бўлмоқда.
Бошқа ояти каримасида бу никоҳланишдан мақсадлардан бирини баён қилиб: “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг (Аллоҳнинг) оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур виладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир”[2].
Дарҳақиқат, оилани сокинлиги, сокинлик кўчада эмаслиги, сокинликни никоҳсиз ҳолатда топиб бўлмаслигини ақл юрита оладиганларгина билурлар!. Оила бу кўнгил-ҳушлик ёки бир-бирини душмандан қўриқлаш учунгина эмас, балки у сокинлик ва баркамол авлод қолдириш ҳамда Аллоҳ ҳаром қилган зинонинг ҳар қандай туридан сақланиш учундир!.
Аллоҳ таоло бошқа оятда: “Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар – итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир[3]”, деб марҳамат қилган.
Оилада эр раҳбар, ҳоҳ у бой бўлсин, камбағал бўлсин, буни аҳамияти йўқдир. Солиҳа аёл эса эса эрини уйи ни у йўғида муҳофаза қилиш ва унга ҳар қандай ҳолатда ҳам итоатда бўлиши керак. Акс ҳолда оилада эрнинг қадри йўқолади.
Аёл эрдан яхши пул топсада эр барибир Аллоҳнинг ҳукмига кўра раҳбар бўлиб қолаверади. Оятда бундай қайдлов йўқ, буни ҳикматини оқил ва инсофли мусулмонгина тушуниб етади.
Шунингдек муқаддас оилани камситиш ва уни маълум бир нарсаларга чеклаш мусулмон кишини ишидан эмас, балки уни қадрлаш, имкон қадар у борасида Аллоҳнинг ҳукмига мувофиқ гўзал ҳолатда яшаш комил инсоннинг амалидан ҳисобланади.
С.Муҳибуллаев,
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
[1]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-ж. Нисо сураси 3-оят.
[2]Тафсири Ҳилол. Рум сураси 21-оят.
[3]Тафсири Ҳилол. Нисо сураси 34-оят.