1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқинглар...

7-02-2022, 07:44 521 Ўқиш режими + -
Пойдевори маҳкам иморат мустаҳкам бўлганидек, оила мустаҳкам бўлса жамият ҳам бақувват бўлади. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган. 
Аллоҳ таоло эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ва аҳли аёл нафақаси эркак кишига Аллоҳ таоло томонидан фарз килингандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васаллам эрнинг аёли олдидаги вазифаси хусусида шундай марҳамат қилганлар; Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор? – деб сўрашганда, У зот (соллаллоҳи алайҳи васаллам): “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда фақат ўринни бошқа қилиб ётмоқлик” – дедилар. (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошка бир хадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи васаллам  “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб марҳамат қилганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфти ҳалолларини аёллар шаънига мос келмайдиган йўллар билан пул топиб келиш учун кўча-кўйга чиқариб, ҳатто мардикорчилик қилишга мажбур қилаётганлари ҳам сезилмоқда. Бундай ҳолатлар пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам Ҳажжатул вадоъда эркакларга мурожаат қилиб, бундай дедилар: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимсанинг киришига йўл қўймаслик. Борди-ю, шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб уришиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларни ўрта ҳолатда едириб, кийдирингиз” (Имом Муслим ривояти).
Албатта, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қиладилар:“Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”. (Имом Термизий ривояти).
Демак юртимиз равнақи ва унинг келгусида энг илғор мамлакатлар сафида бўлмоғи учун миллат бешигини тебратувчи оналарга ғамхўрлик қилиш энг биринчи вазифалардан бири бўлмоғи даркор. Зеро, аёллари қадр топган юрт қудратли бўлади.

Р.Киямов,
Нишон туман бош имом-хатиби