Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас даргоҳга раҳбар бўлиш вазифасини юклаб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир”(Нисо сурасининг 34-ояти).
Афсуски, ҳозирда кўплаб оилавий ажримларнинг сабаблардан бири оила бошлиғи (қайнота) ўзини четга олиши оқибатида қайноналар «хўжайин» бўлиб қолаётганидир. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду-насиҳат қилиб унга билмаганларини ўргатиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифаларни юклаб, зулм қилиб, охир-оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаётган қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади..!
Баъзи бир эркаклар жоҳил қайноналарни гапларига кириб билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига нисбатан талоқ лафзини ишлатиб қўймоқдалар. Баъзилари эса талоқ бериш ҳуқуқини суистеъмол қилиб, ҳа деганда аёлини қўрқитиш ёки ўзига бўйсундириш мақсадида бу сўздан фойдаланадилар. Ҳолбуки, “талоқ” лафзи айтилганда Аллоҳнинг Арши ларзага келади, шаръий никоҳ фосид бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Талоқ Аллоҳнинг ёмон кўрган нарсасидан бўлиб, у охирги чора сифатида жорий қилингандир. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
“Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ энг ёмон кўрадиган нарса талоқдир”.(Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Баъзи эркаклар талоқ масаласига бепарво бўлиб, аёлига талоқ сўзини кўп айтсада бунга парво қилмай ўзаро оилавий муносабатларда давом этавериш ҳоллари ҳам учраб туради. Уларнинг бу ишлари гуноҳи азимдир, ҳар биримиз бунинг хатари ва оқибатидан огоҳ бўлишимиз лозим. Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур.
Минг афсуслар бўлсинки, талоқнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар ота-оналар сабабчи бўлиб қолишаяпти. Тўғри, кўпчилик ота-оналар ўз фарзандларини уйлаб-жойлаганларидан кейин ҳам уларнинг оилавий ҳаётлари бахтли бўлиши учун қўлдан келган барча чораларни кўришади, ўғил-қиз ва келин-куёвларига доно маслаҳатчи бўлишади, ўз ҳаётий тажрибалари асосида ёшларга таълим беришади, уларнинг хато-камчиликларини кечириб, олийжаноблик кўрсатишади.
Аммо баъзи ҳолатларда тамоман аксинча ҳолатни ҳам кўрамиз. Ота-оналар орага тушиб, болаларининг оилавий ҳаётларини бузишгача бориб етишади. Бундай бемаъни аралашувдан эҳтиёт бўлиш керак.
Аллоҳ таоло юртимизни обод қилиб, оилаларимизни мустаҳкам ва азиз фарзандларимизни ота-онасига раҳмат келтирадиган, элу юртга манфаатли инсонлар бўлишларини насиб айласин!
Р.Киямов,
Нишон туман бош имом-хатиби