Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари гўё Қуръони каримнинг шарҳи бўлиб, у Қуръон оятларининг маъносини янада кенгроқ тушинишга, ундаги аҳкомларни батафсил баён қилишга хизмат қилади. Ривоят қилинишича, Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳу шафоат масаласига доир ҳадисни айтиб бераётганларида, ўша ерда ўтирган кишилардан бири: “Эй Абу Нажийд, нега сен бизларга Қуръонда айтилмаган нарса ҳақида гапиряпсан?”, – деди. Шунда Имрон ибн Ҳусайн разияллоҳу анҳунинг жаҳли чиқиб: “Сен ўзинг Қуръон ўқиганмисан?”, – дедилар. У: Ҳа, – деди. “Ўқиган бўлсанг, унда хуфтон намозининг фарзи тўрт ракат, шом уч ракат, бомдод намози икки ракат, пешин ва аср намозларининг фарзи тўрт ракат деб ёзилганини кўрганмисан?”, – дедилар. У: Йўқ, - деди. “Ундай бўлса сен буларни қаердан билдинг, биз Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилиб айтган ҳадислардан эмасми?!”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти). Шунингдек, рўзага оид ҳукмлар, закот нисобининг миқдорлари, Каъбани етти марта тавоф қилиш, шайтонга отиладиган тошларнинг сони ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар суннат орқали аниқлангандир.
Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориш билан мўмин-мусулмонларга катта инъом кўрсатди. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз суннатлари билан инсониятни Аллоҳнинг йўлига бошлаш учун келганлар
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари У зотнинг ҳаёт тарзларидан иборат бўлиб, унинг бирортасини амалда татбиқ қилиш шафоатларига дохил бўлишга сабабдир. Унутилиб кетган суннатларидан бирортасини рўёбга чиқариш эса, У зотнинг ҳаёт тарзларини қайта жонлантириш эканлиги ҳақида ҳам ҳадис мавжуддир. Бундан ташқари Расулуллоҳга эргашган киши Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ҳам сазовор бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда: яъни: (Эй, Муҳаммад, одамларга): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир - деб айтинг”, - дейилган (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Суннат сўзининг маъноси кенг қамровли бўлиб, у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, бажарган амаллари ҳамда саҳобаларнинг қилган ишларига билдирган ижобий муносабатларини ўз ичига олади. Суннат Ислом динимиз таълимотининг Қуръондан кейинги асосий манбаъларидан биридир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида қилган хутбаларида шундай деганлар:яъни: “Эй инсонлар! Мен сизларга шундай нарсани қолдириб кетяпманки, агар уни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсизлар, у – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир” (Ҳоким ва Байҳақий ривоятлари).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибрат мактабидир. Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ кишиларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Бизлар ҳам бирор табаррук, аҳли солиҳ инсон билан учрашиб қолганимизда, ёки унинг яхши хислатларини зикр қилганимизда ҳавас қилиб, “бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин”, “фалончига ўхшаб юрайлик” деган ибораларни ишлатамиз. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръонда: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир”, - деб марҳамат қилган (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан юз ўгириш, унга хилоф амал қилиш дунёда фитна-фасоднинг келиб чиқишига, охиратда аламли азобга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳақда Қуръони каримда: “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!”, - дейилган (Нур сураси, 63-оят).
Қуръони каримда: яъни: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни уларнинг устига (Аллоҳнинг азобидан) қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ”, - дейилган (Нисо сураси, 80-оят). Демак, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашиш Аллоҳга итоат қилиш билан баробардир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳодисаларининг бирида: “Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради, фақат ўзи хоҳламаган кишигина кирмайди”, - дедилар. Шунда саҳобалар: Ким жаннатга киришни хоҳламас экан? – дейишди. Расулуллоҳ: “Ким менга итоат этса жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, демак жаннатга киришни хоҳламабди”, - деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ривояти).
Ислом тарихидан маълумки, баъзи бир бидъатчи тоифалар, хусусан Рофизийлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини шаръий далил сифатида тан олмай, фақат Қуръони каримгина ҳужжат бўлади, деган даъвони қилганлар. Аслида, бу даъвонинг замирида суннатни бекор қилиш ва Ислом дини равнақига зарба бериш ётар эди. Сарвари олам саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда олдиндан башорат бериб: “Шундай кун келадики, бирортангиз менинг бирор ҳадисимни эшитганда: Биз фақат Қуръонни биламиз, унда нима ҳалол дейилган бўлса, ўшани ҳалол деймиз. Унда нима ҳаром қилинган бўлса, ўшанигина ҳаром деймиз, - деб айтади...”, - деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Бундай даъволарга қарши ўз даврида уламоларимиз етарлича раддиялар беришган. Буюк муҳаддис олимларимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жамлаб, бизларга етказиб беришган. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон умматим ичида бидъат юзага келса, олимлар илмларини ошкор қилсинлар”, - деганлар. Ушбу ҳадисдаги “илмни ошкор қилсинлар”, деган иборани уламолар “суннатни ошкор қилсинлар”, деб шарҳлаганлар. Бирорта суннатнинг йўқолиши битта бидъатнинг юзага келишига сабаб бўлиши, шунингдек, битта суннатни тирилтириш битта бидъатнинг йўқ бўлишига сабаб бўлиши ҳақида ҳам ривоятлар мавжуддир. Аллоҳ таоло барчаларимизни Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб яшашга муваффақ қилсин.
Х.Хонимов, Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби