1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ФАТВО БЕРИШ МАСАЛАСИ

9-02-2022, 11:42 284 Ўқиш режими + -
Бугунги кунда билса-билмаса диний масалада бировга фатво бериб юборадиган одамлар пайдо бўлган. Натижада кишилар ўртасида турли янглиш тушунчалар, ҳатто зиддиятлар юзага келиб қолмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб огоҳлантирганлар: “Фатвога журъатлингиз оловга журъатлингиздир” (Имом Доримий ривояти).
“Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳу бундай деган: “Одамлардан фақат уч тоифаси фатво беради:
1. Қуръоннинг насҳ ва мансуҳини билувчи олим.
2. Бир жамоанинг бошқа чора топа олмаган бошлиғи.
3. Аҳмоқ ва қийин вазиятда қолган одам”.
Агарда киши олимларнинг қарашларини билса-ю, халқнинг муомалалари ва одатларини билмаса, ундан бир нарса ҳақида сўралганида вазиятга қарайди. Агар ўзи эргашган мазҳаб уламолари ўша мавзуда иттифоқ қилишган бўлса, уни айтса (жоиз, ножоиз деса) бўлади. Чунки у гапи билан мазҳаб олимларининг фикрларини ифодалаган бўлади. Агар олимлар у масалада ихтилоф қилишган бўлса, “бу фалон олимнинг қавлига кўра ундай, бунисининг қавлига кўра бундай”, дейиши ҳам мумкин. Аммо масаланинг аниқ далилини билмагани учун ичларидан бирининг қарашини афзал билиб, шунга кўра жавоб бериши жоиз эмас.
Иброҳим ибн Юсуф Абу Юсуфдан ривоят қилади: Имом Абу Ҳанифа бундай деган: “Кишига биз далилларни қаердан олганимизни билмагунча бизнинг қарашларимизга кўра фатво бериши ҳалол эмас”.
Исом ибн Юсуфга:
– Сен Абу Ҳанифа билан кўп ихтилоф қиласан, – дедилар. У бундай жавоб берди:
– Абу Ҳанифага бизларга берилмаган бир лаёқат, фасоҳат берилган. У биз англамаган нарсаларни англайди. Бизга берилгани эса шугина. Аммо унинг далилларни қаердан олганини ўрганмаганча қарашларига кўра фатво беришимиз жоиз эмас. Буни эса ихтилоф орқали ўрганаман”.
Фақиҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: ўзини муфтийлик мақомида кўрган, мусулмонлар ишларини, масъулиятини зиммасига олган, халқнинг хайрихоҳлигини қозонган киши бир сабаби, узрли ҳоли бўлмай туриб кишиларни тингламасдан, эҳтиёжларига кўмак бермай қайтариб юбориши тўғри эмас. У халққа нисбатан ҳалим ва одилона бўлиши лозим.
Қосим ибн Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари билан ҳамсуҳбат бўлган Ибн Абу Марямдан ривоят қилади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
“Ким мусулмонларнинг бирон ишини зиммасига олгач, вазифасини бажармай, ўзини четга олса қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳам унинг эҳтиёжларини аритмай, ундан четланади” (“Канзул уммал” асаридан).
Муфтий мутавозе, ҳалим бўлиши, қўпол, қайсар, кекчи, қаттиқ қалб бўлмаслиги лозим. Чунки Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга)  мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар)  атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Оли Имрон сураси 159-оят) деб марҳамат қилган.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби