1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Тил офатлари (ёлғон...)

10-02-2022, 09:10 361 Ўқиш режими + -

                                                               Тил бўлсайди ўз қалбининг сирдоши,
                                                               Кесилмасди тил эгасининг боши.
          
Иғвогар мисоли кўмир, куйдирмаса ҳам кишини қора қилади. Иғвогарни бошқалардан ажратиш қийин эмас – у бировларнинг кулфатидан шодланади. Иғвони касб қилган одам киши танасида юриб, фақат яра бор жойда тўхтайдиган пашшага ўхшайди.
Ёлғон иллатининг “фарзандлари” борасида суҳбатлашиш фурсати етди. Кишининг сақланиши зарур бўлган – чақимчилик, туҳмат, ғийбат, ҳасад, иғво, фитна, ҳийла – бир оилага мансуб “қариндош” иллатлари ҳисобланади. Агар ёмонликлар орасида кўрик-танлов ўтказилса, барчалари бир поғонада турган бўларди. Бу иллатларни бир онадан бир пайтда бирга туғилган эгизаклар, десак ҳам бўлади. Чунки бирининг иккинчисидан кам ери йўқ. Ҳаммаси оила бахт саройининг кушандаларидир ва уларни бир сўз билан “фисқу фужур” (ёмонлик, бузуқлик-ахлоқсизлик) деб, бу иллатлар эгасини эса “фосиқ” деб аташ мумкин. 
          Бугунги мақоламизда охирги тил офатларининг еттинчи кўриниши яъни, ёлғон ва унинг “қариндошлари” ҳақида, уларнинг инсондаги зарарлари бўйича мулоҳаза қиламиз, инша Аллоҳ...
          Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.
Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар:
Журжоний: “Ёлғон хабар унинг воқеликка тўғри келмаслигидир”, деган.
Ибн Ҳажар: “Ёлғон бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир”, деган.
Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга амалда ҳам бўлади. Бунда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга уринади.
Қуръони Каримнинг “Юсуф” сурасида бунга далил бор:
“Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб: “Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан”, дедилар.
Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар” (16 – 18-оятлар).
Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида, ашёвий далил деб, Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди. Улар ҳам сўз ила, ҳам амал ила ёлғон тўқишди.
          Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор:
  1. Фойда жалб қилиш. Ёлғончи ўзига етишини кўзлаб, одамларни алдаб, ўз манфаати учун ёлғон гапиради. 
  2. Зарарни қайтариш. Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ҳам ёлғон тўқийди.
У ўзича шу тўғри йўл, деб ўйлайди. Аммо икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарини жалб қилаётганини ўйламайди.
  1. Сўзни ва гапни чиройли чиқаришга уриниш. Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан, уларга ёқадиган гап-сўз излаб, ёлғон тўқийди.
  2.   Душмандан ўч олиш мақсади. Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб, кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди.
  3. Ўз обрўсини орттириш мақсади. Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиб кўрсатиб, мақтаниш учун ёлғон тўқийди.
  4. Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани ва нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор.
Одатда одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермайдилар. Ёлғон фақат ёлғончининг ўзигагина маънавий зарар келтиради, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса ёлғон йўлида учраган ҳар қандай нарсага олов пуркаб, куйдириб-ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларида бирин-кетин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин. 
Шу сабабли Исломда бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор берилади, унга қарши курашилади.
 
 
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти