1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚУРЪОНИ КАРИМДАГИ ЭНГ БУЮК ОЯТ (Оятал курсининг фазилати) (1-қисм)

10-02-2022, 10:40 2 906 Ўқиш режими + -
Бугунги маърузамизда Қуръони карим оятлари ичида энг буюги ва улуғи деб таърифланган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эртаю кеч ўқиб юришни тавсия қилган, ҳадиси шарифларда бир қанча фазилатлари баён қилинган, Бақара сурасининг 255-ояти бўлмиш, Оятал курси ҳақида суҳбатлашамиз. Барчамизга маълум бўлган Оятал курси қуйидагичадир:
 اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لَا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلَا نَوْمٌ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ مَنْ ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ
яъни: “Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! Аллоҳ одамларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир” (Бақара сураси 255-оят).
Энди ушбу “Оятал курси”ни қисқа тафсири билан танишсак:
“Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бордир!” Аллоҳ яккаю-ягона, фақатгина Аллоҳга  ибодат қилинади. Унгагина илтижо қилиб, ҳожатлар сўралади. Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш эса, катта адашиш ва Аллоҳга ширк келтиришдир. 
“У тирик ва абадий турувчидир”. Аллоҳнинг тириклиги азалий ва абадий бўлиб, уни бошланиши ҳам, тугаши ҳам йўқ. Аллоҳ барча борлиқдаги нарсани бошқарувчи ва яратувчидир. Аллоҳнинг изни ва ёрдамисиз бирор-бир кўкат ўсмас, бирор-бир барг тўкилмас, ҳеч ким ризқ топа олмас ва бирор-бир жонзот ҳаракат қила олмас ҳатто нафас ҳам ололмайди. Демак, Аллоҳ таоло еру осмондаги барча нарсани бошқариб, уларни ҳаракатга келтириб турадиган Зотдир. Ушбу “Ал-Ҳай ва Ал-Қайюм” исмларини баъзи уламоларимиз Исми Аъзам деб, бу исмлар билан дуо қилинса ижобат бўлади деганлар. Бунга Пайғамбарлар алаҳиссаломларнинг қуйидаги дуоларини мисол келтирганлар:
كَانَ دُعَاءُ عِيْسَى عَلَيْهِ السَّلاَمُ عِنْدَ إِحْيَاءِ الْمَوْتَى بِإِذْنِ اللهِ: (يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ)،
وَلمَّاَ أَرَادَ سُلَيْمَانُ عَلَيْهِ السَّلاَمِ عَرْشَ بِلْقِيْسِ، دَعَا قَائِلاً: (يَا حَيُّ يَا قَيُّومُ)،
яъни: “Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтиришда “Ё Ҳайю, ё Қойюм” деб дуо қилганлар. Сулаймон алайҳиссалом Билқиснинг тахтини Аллоҳнинг изни билан олдиларида ҳозир бўлишини хоҳлаганларида “Ё Ҳайю, ё Қойюм” деб дуо қилганлар”.
Демак, биз ҳам дуоларимизда Аллоҳ таолонинг ушбу икки исм-сифатини айтиб, ҳожатларимизни сўрашимиз айни муддао бўлар экан.
Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Аллоҳ доимо уйғоқ. Уни бир лаҳза ҳам уйқу олмайди. “Солиҳлар гулшани” номли китобда ажойиб воқеа келтирилган: Бир киши бир бегона аёлга кўнгил қўйди. Ўша аёл бир кеча ўз эҳтиёжи учун бир жойга кетган эди, эркак унинг ортидан эргашди. Иккиси холи жойга борганда эркак аёлга фаҳш ишни таклиф қилди. Аёл унга: “Қара-чи, ҳамма ухлаяптимикан?” деди. Ҳалиги киши аёл зинога рози бўлди деб ўйлаб, ташқарига чиқди, одамлар яшайдиган жойларни айланиб чиқди. Ҳамма ухлаётганини кўриб, хурсанд бўлиб, ортига қайтди. Келиб, аёлга ҳамма ухлаётганини айтди. Аёл: “Аллоҳ табарока ва таоло-чи? У Зот ҳам ухлаяптими?” деди. Киши: “Аллоҳ таоло ухламайди, Уни мудроқ ҳам тутмайди”, деди. Аёл: “Ҳа, Аллоҳ ухламаган ва ҳеч қачон ухламайди ҳам. Унинг яратган махлуқотлари бизни кўрмаса ҳам, Унинг Ўзи бизни кўриб туради. Мана шундан қўрқиш керак”, деди. Эркак бу сўзлардан ларзага тушиб, аёлдан узоқлашди. Қилган иши учун Аллоҳ таолодан қўрқиб, астойдил тавба қилди. У вафот этгач, бир киши уни тушида кўриб, “Аллоҳ таоло сенга қандай муомалада бўлди?” деб сўради. У: “Аллоҳдан қўрқиб, тавба қилганим учун гуноҳимни кечирди”, деди.
Осмонлар ва Ердаги барча нарсалар Уникидир. Осмону ерда нимаки бўлса, ҳаммасининг эгаси Аллоҳдир. Бу эгалик умумий бўлиб, ҳеч нарсани четда қолирмайди. Бу эгаликни ҳеч бир нарса чегаралай олмайди.
(Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! Дарҳақиқат, Аллоҳ изн берган зотларгина гуноҳкорларни шафоат қилади. Бу ҳақда Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
أَذِنَ اللهُ تَعَالَى لِلْأَنْبِيَاءِ وَالْأَوْلِيَاءِ وَالْعُلَمَاءِ وَالْقُرَّاءِ وَالصَّالِحِيْنَ باِلشَّفَاعَةِ لِمَنْ اِرْتَضَى لَهُمْ الشَّفَاعَةُ، فَيَشْفَعُونَ لِمَنْ أدخلوا النار
яъни: “Пайғамбарлар, авлиёлар, уламолар, қорилар ва тақводорлардан иборат Аллоҳ Ўзи рози бўлган зотларга шафоат қилишга рухсат беради. Натижада, улар дўзахга кирувчиларни шафоат қиладилар”.
Демак, ҳеч ким бировни ўртасига тушиб шафоатчилик қилишга журъат қила олмайди. Фақат Аллоҳнинг Ўзининг изни билангина, У берган изн чегарасидагина шафоат қила олади.
Аллоҳ одамларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Аллоҳ таоло бандаларнинг аввал қилган, ҳозир қилаётган ва кежлажакда қиладиган ишларини ҳам билиди. Демак, банда ҳар бир ишини Аллоҳ кўриб турганини ҳис қилган ҳолатда қилиши ва Қиёмат куни ҳар бир қилмишидан савол-жавоб бўлишини ҳис қилиб туриши лозим.
(Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Демак, инсон, илмнинг чўққисига чиқдим, деб жар солганда ҳам, Аллоҳ изн берган озгина илмга эришган бўлади, холос. Шунинг учун ҳам Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
مَا عِلْمِي وَلاَ عِلْمُكَ مِنْ عِلْمِ اللهِ إِلاَّ  كَمَا نَقَصَ هَذَا الْعُصْفُورُ مِنَ الْبَحْرِ
яъни: “Мен билан сени илминг Аллоҳнинг илмини олдида худди денгиздан чумчуқ тумшуғида сув олгандекдир”.
Демак, қайси соҳанинг илмини эгаллаган бўлишимиздан қатъий назар, илмимиз қанчалигидан асло ғурурланмаслигимиз керак.
Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. Мазкур ояти каримани бундай ном олишига сабаб “Курсий” сўзининг оят ичида зикри келганидир. “Курсий”нинг луғавий маъноси ўриндиқ, тахт, таянч ва курсидир. Оятдаги “Курсий” сўзини тафсир илми олимлари турли хил маъноларда тафсир қилганлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Курсийдан мурод Аршдир”, деганлар. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Курсийдан мурод Арш эмас. Арш курсийдан каттадир”, деган. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: “Курсийдан мурод Аллоҳ таолонинг илмидир”, – деганлар.
Ақида уламолари: “Биз Аллоҳнинг Арши ва Курсиси борлигига иймон келтирамиз. Бу икки нарса, одамларнинг арши-тахти ва курсисига ўхшамайди. У иккисининг ҳажми, кайфияти ва сифатини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бизнинг эса, уларни билишга ҳожатимиз йўқ. Агар ҳожатимиз бўлганида, Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб берган бўларди”, дейдилар.
У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. Яъни, Аллоҳ таоло осмонлару ерни  ва улар ичидаги нарсаларни сақлашдан ва уларни тўхтовсиз бошқариб туришдан чарчамайди. Бу иш Унга ҳеч қандай оғирлик қилмайди. Бу сифат Аллоҳнинг қудрати комил ва чексиз эканлигини кўрсатади.
У Олий ва Буюкдир. Аллоҳ ҳамма нарсадан юқори ва олийдир, Аллоҳ ҳамма нарсадан улуғдир.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бу ояти карима ҳақида шундай деганлар:
"إِنَّمَا تَمَيَّزْتْ آيَةُ الْكُرْسِيِّ بِكَوْنِهَا أَعْظَمَ آيَةٍ لِمَا جَمَعَتْ مِنْ أُصُولِ الْأَسْمَاءِ وَالصِّفَاتِ مِنَ الْإِلاَهِيَّةِ وَالْوَحْدَانِيَّةِ وَالْحَيَاةِ وَالْعِلْمِ وَالْمُلْكِ وَالْقُدْرَةِ وَالْإِرَادَةِ، وَهَذِهِ السَّبْعَةُ أُصُولُ الْأَسْمَاءِ وَالصِّفَاتِ"
яъни:  “Оятал курсини энг улуғ оят бўлишининг сабаби – у ўзида Аллоҳ таолонинг исм-сифатларининг энг асосийларини жамлагандир. Улар, Аллоҳнинг илоҳлиги, яккаю ягоналиги, тирик-барҳаётлиги, барча нарсани билиши, барча нарса Уни мулки экани, барса нарсага қодирлиги ва У хоҳлаган нарсагина бўлишидир. Мана шу еттиси Аллоҳ таолонинг энг асосий исм-сифатларидир”.
(давоми бор)

ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди