1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Фитна - маънавий иллатдир!

10-02-2022, 11:04 251 Ўқиш режими + -
Маънавий иллатлардан бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, ма­шаққат ва балога гирифтор қилишга ай­ти­лади. Ҳадиси шарифларда фитна қаттиқ ва қатъий қораланади. Барча фитналардан ҳимоя ва мустаҳкам қаъла бу – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом суннатидир.  Жамиятдаги инсонлар ўртасида фитналар, келишмовчиликлар содир бўлганда нима қилиш кераклиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. 
Пайғамбар алайҳиссалом бизларни огоҳлантириб, айтадиларки: «Ҳали фитналар бўлади. Огоҳ бўлинглар! Ундан кейин шунақа фитна бўладики, у фитнага умуман аралашмай ётган киши ўтирган кишидан яхшидир. Ўтирган киши эса у фитнада иштирок этиб турган кишидан яхши. У фитналарда иштирок этиб турган киши эса ҳаракат қилиб юрган кишидан афзалдир. У фитналарда ҳаракат  қилган киши эса елиб югурган кишидан афзалдир. Агар шундай фитна одамларнинг бошига тушганда, кимнинг туяси бўлса, туяси ортидан (фитнадан йироқ бўлиб, туясига қараб) кетсин. Кимнинг қўйи бўлса, қўйи ортидан (фитнадан йироқ бўлиб, қўйига қараб) кетсин. Кимнинг ери бўлса, (фитнадан йироқ бўлиб) ерига борсин (деҳқончилигини қилсин). Кимда бу нарсалар бўлмаса, қиличини олиб, тиғини тошга  уриб (қиличини яроқсиз ҳолга келтирсин) ва бу фитнага аралашмаслик қўлидан келса, аралашмасин. Аллоҳим, етказдимми! Аллоҳим, етказдимми! (Ўзинг гувоҳ бўл!)» (Муслим, Аҳмад «Муснад»да, Абу Довуд).  
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса: «Одамлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламдан яхшилик ҳақида сўрар эдилар. Мен ўзимга етиб қолмасин деб хавфсираб ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Бас, у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз жоҳилиятда ва ёмонликда эдик. Бас, Аллоҳ бизга ушбу яхшиликни келтирди. Ушбу яхшиликдан кейин ёмонлик борми?» дедим. «Ҳа», дедилар. «Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик борми?» дедим. «Ҳа. Унинг тутини ҳам бор», дедилар. «Унинг тутини недир?» дедим.  «Ҳидоятсиз йўл бошлайдиган қавмдир. Улардан (баъзи нарсаларини) ёқтирасан ва (баъзи нарсаларни) инкор қиласан», дедилар. «Ўша яхшиликдан кейин ёмонлик борми?» дедим. «Ҳа. Жаҳаннам эшигида турган даъватчилар. Уларга ким ижобат қилса, унинг ичига отирлар», дедилар.  «Эй, Аллоҳнинг Расули, уларни бизга сифатлаб беринг», дедим. «Улар ўзимизнинг қавмдандир. Ўзимизнинг тилимизда гапирадилар», дедилар. «Ўша нарса менга етса нима қилишимга амр қиласиз?» дедим. «Мусулмонлар жамоасини ва уларнинг имомини лозим тутасан», дедилар. «Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?!» дедим. «Ўша фирқаларнинг барчасидан четда бўл, дарахтнинг томирини тишлаб бўлса ҳам. Сенга ўлим келганда ҳам ўша ҳолда бўлишга ҳаракат қил», дедилар». Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишган.
Суннатга кўра, биз ҳам фитнадан сақ­лашини сўраб, Раббимизга илтижолар қиламиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизни фитна бало­сидан асрасин.
 
 
 А. Асқаров,
"Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси