Маълумки, баъзи бир хавориж, муътазила каби ўтмишда ўтган тоифаларнинг ҳозирги замондаги давомчилари бўлган тоифалар “Охиратдада Аллоҳ таолонинг жамолини ҳеч ким кўрмайди”, деган даъвони қилишади. Аслида уларнинг бу даъволари очиқ-ойдин хато ва жоҳилликдир.
Китоб ва суннатда, саҳобалар ва улардан кейинги уламоларнинг ижмоларида Аллоҳ таолони охиратда кўриш собит эканига далиллар етарличадир. Бу ҳақда йигирмага яқин саҳобалар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилинган. Кўплаб аҳли сунна мутакаллим уламоларининг адашган тоифаларга берган жавоблари ҳам машҳурдир”.
Жаннатга кирган ҳар бир банда Аллоҳ таолонинг жамолини кўради. Албатта Аллоҳ таолонинг жамолини кўриш, зиёрат қилишда жаннат аҳли турли даражада бўлади. Баъзиларга ҳафтада бир жума кунида, баъзиларга эса бир кунда икки бор, эрталаб ва кечда. Баъзилар эса ҳар ҳолатда зиёрат қиладилар. (Тафсири Мазҳарий). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “У кунда чиройли юзлар бор. Ўз Роббисига назар солувчилар”. (Қиёмат сураси, 22 23-оятлар). Бу мўминлар ҳолатининг баёнидир. Яъни, қиёмат куни уларнинг бахтга эришганлари юзларидан балқиб турган севинчдан билинади ва улар ўша Куннинг энг олий мақомига – Аллоҳнинг, ўз Роббларининг жамолини кўришга муяссар бўладилар. Аҳли жаннат учун энг олий неъмат Аллоҳ таолонинг жамолини тўсиқсиз кўришдир. Ушбу ояти карима ана ўша буюк неъматнинг ҳақиқатан бўлишига далилдир.
Бу маъно бошқа оятларда ва бир қанча ҳадиси шарифларда ҳам ўз ифодасини топгандир. Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сизлар ўз Роббингизни худди манави ойни кўраётганингиздек, аён кўрурсизлар”, – деганлар. Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, жумладан: “Бас, ҳижоб очилур, уларга Робблари таборака ва таолога назар солишдек маҳбуб ҳеч бир нарса берилмагандир”, – деганлар.
Мутакаллим уламолардан Нажмиддин Умар Насафий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Ақоиди Насафий” матнларида бу борада шундай келтирадилар: “Аллоҳ таолонинг бандаларига кўриниши ақлан жоиз, нақлан вожибдир. Ҳа, охират диёрида мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларини тасдиқловчи самъий далиллар келгандир. Бас, бирор маконда бўлмасдан, бирор муқобил тарафда бўлмасдан, ёки нурга чулғанмасдан, ёки кўрувчи билан Аллоҳ таоло ўртасида масофа собит бўлмасдан кўринади”.
Мўьминлар жаннатга киргач, уларга кўзлар кўрмаган ва қулоқлар эшитмаган сон-саноқсиз неъматлар берилади. Ўша неъматларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога назар солиш ҳисобланади. Бандалар Аллоҳ таолони шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз кўрадилар. Бу ҳақда Сўфи Оллоҳёр бобомиз ўз байтларида шундай келтирганлар:
Кўнгулда кечса, кўзга тушса ҳар шай
Эрур андин муназзаҳ Холиқи Ҳай.
Яъни, инсоннинг кўнглида Аллоҳ таолонинг қандайлиги тўғрисида қандай фикр ўтса ҳам, унинг кўзига қандай улуғвор нарса кўринса ҳам Аллоҳ таоло барчасидан бошқа бўлган, олий ва буюк Зотдир.
Идроксиз кўриш деганда эса кўрилган нарсани тасвирлаб бера олмайдиган, унинг қандайлигини тушунтириб бера олмайдиган ҳамда ёдида сақлаб қола олмайдиган даражада кўриш маънолари тушунилади. Шу маънода мўминлар Аллоҳ таолонинг жамолига шаклсиз, идроксиз ва бирор тимсолсиз равишда назар ташлайдилар.
Кофирлар эса ўша кунда Аллоҳ таолони кўришдан тўсиладилар. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича хабар берилган: “Йўқ!!! Албатта, улар ўша кунда ўз Роббиларини кўришдан тўсилурлар” (Мутоффифин сураси 15 оят).
Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ: “Ушбу оятда мўминларнинг Аллоҳ таолони кўришларига далил бор”,-деганлар.
Имом Молик роҳматуллоҳи алайҳ: “Унинг душманлари тўсилган ва Уни кўра олмаганларидан кейин, Ўзининг дўстларига тажаллий (Ўзини намоён) қиладики, У Зотни кўрадилар”,-деганлар.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бизлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик, у зот тўлин ой кечасида ойга назар солдиларда: “Сизлар яқинда Роббиларингизни бу ойни кўргандек кўрасизлар, Уни кўришда қийналмайсизлар, агар қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин намозга куч сарфлашга қодир бўлсаларингиз, албатта, уни адо қилинглар”,-дедилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бу ойни кўргандек кўрасизлар” дейишлари кўриладиганни кўрилганга ўхшатиш эмас, балки кўришни кўришга ўхшатишдир.
Аллоҳ таолони кўришни ойни кўришга ўхшатишда икки хил маъно бор:
Тўлин ой кечасида ойни кўриш тўғрисида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмайди.
Ойни кўришда кўрувчилар қанча кўп бўлишларидан қатьий назар ҳеч бир машаққатсиз барчалари баравар кўраверадилар.
Аллоҳ таолони тушда кўриш борасида эса қуйидаги ривоятлар келган. Албатта, бу кўриш ҳам оддий кўз билан эмас, балки қалб кўзи билан бўлади: Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолони тушларида юз марта кўрганликлари ривоят қилинган.
Таъбир берувчиларнинг имоми Муҳаммад ибн Сийрин шундай деганлар: “Ким Аллоҳ таолони тушида кўрса, Жаннатга киради ва ғам-ташвишларидан халос бўлади”.
Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони тушимда кўрдим ва ибодатларнинг энг афзали ҳақида сўрадим. Шунда Аллоҳ таоло “Қуръонни тиловат қилиш”. - деди”.
Аллоҳ таоло барчамизга жамолини кўришлик бахтини насиб этсин!
Муҳаммади ҚОРАЕВ,Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси, Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби