Камолот кушандаси
6530
17-02-2022, 10:31
313
Ўқиш режими
+
-
Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизнинг ташвишимизга сабаб бўлмоқда. Бу иллат – гиёҳвандлик ва турли психотроп воситаларга қарамликдир.
Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.
Гиёҳванд моддалар ва турли психотроп воситаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.
Мамлакатимиз бўйлаб "Трамадол", "Лирика", "Тропикамид" ва шу каби кириб келаётган психотроп дориларининг айланмаси кўпчиликни, айниқса, ўспирин фарзанди бор ота-оналарни хавотирга солиб қўйди. Сабаби, бугун бу маҳсулотларнинг асосий истеъмолчилари беморлар эмас, балки ёш авлод вакиллари бўлиб қолмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, асосан шифокор тавсиясига кўра, невролгия, тутқаноқ ва кучли оғриққа қарши бериладиган ушбу психотроп моддаларнинг маълум бир қисми наркотик дорилар ҳисобланади ва улар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида расман наркотиклар рўйхатига киритилган. Булар Ўзбекистон ҳудудида муомаласи тақиқланган ёки чекланган наркотик воситалар, наркотиклар бўлмаган, лекин тиббий мақсадларда ишлатишга рухсат этилган ва муомаласи Ўзбекистон ҳудудида чекланган психотроп моддалардир. Мазкур дориларни беморлардаги онкологик касалликларда, жарроҳлик операцияларида оғриқсизлантириш мақсадида меъёр билан қўллаш мумкин. Узоқ муддатда қўлланилса ёки нотиббий мақсадда фойдаланилса ўзига нисбатан руҳий ва жисмоний тобеликни юзага келтиради.
Шифокорларнинг айтишича мазкур дориларнинг инсонни руҳий ва жисмоний фаоллигини оширувчи хусусияти ҳам бор. Шу хусусияти инсонни қарамликка олиб келади. Лекин бу вақтинча бўлиб, дори таъсири йўқолгач, организмга акс таъсир этади ва кучли қарамликни келтириб чиқаради.
“Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади ҳадиси шарифда (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик воситалари ва қарамликни келтириб чиқувчи, зарарли нарсалар ҳаром эканига далолат қилади. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!”-дейилади. (Бақара сураси, 19-оят).
Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида шундай дейилади: “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.
Фазилатли Шайх Маҳмуд Шалтут (р.а) ўзининг фатволарида: “Гиёҳвандлик кишилардаги мардлик ва олийжаноблик каби яхши сифатларни кетказади. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсонни ваъдасига вафо қилмайдиган, ишонч билдирилса ишончни оқламайдиган гаприса ёлғон гапридаган қилади. Инсондаги масъулият ва қард-қиммат туйғуларини йўқ қилиб, унда қўрқинч, хавф хатар қабиҳлик ва пасткашликни пайдо қилади. Унда ўзига ва ўзи билан барга яшайдиганларга нисбатан хиёнат туйғулари эгаллайди. Бу билан жамиятда яроқсиз кимсага айланади”, дейди.
Имом Саноний шундай дейди: “Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими – у мутлақ ҳаромдир”.
Имом Аъзам (раҳмутулоҳи алайҳ) мазҳабларидаги охирги мужтаҳид уламолардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл этиб шундай дейди: “Банг-афюн истеъмол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар бўлади”.
Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”. Демак, инсон Аллоҳга маҳбуб бўлиш йўлида сиҳат-саломатлиги ва соғлиғига катта аҳамият бериши ва уни барча зарарли нарсалардан, хусусан гиёҳвандлик, бангилик каби иллатлардан сақланмоғи вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг покиза неъматларини инъом қилиб, ўша покиза неъматлардангина истеъмол қилишга буюрган: “Эй инсонлар! Ердаги нарсалардан покиза ҳалол ҳолатда енглар! Ва Шайтоннинг изларига эргашманглар! Албатта, у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара. 168)
Дори-дармон савдоси билан шуғулланаётган айрим шахсларнинг психотроп дориларни катта партияда харид қилаётганлари аслида уларни гиёҳвандларга сотиш учун олаётганини билиб туриб ўзларини билмаганга олишлари ҳам ҳаром. Дорихона эгаларининг бу иши дунёвий жиҳатдан жиноятга, шаръий жиҳатдан гуноҳга шерикчилик ҳисобланади. Зеро, динимизда инсонларга зарар учун савдо қилиш асло мумкин эмас.Фатволарда келишича, “Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳаром саналади”
Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сурасининг 2-ояти).
Бугун оилада, ёшларнинг тарбиясида ҳамма вақт уларни қаерда ва кимлар билан биргаликда бўлишлари, нима иш билан машғул эканлари, истеъмол қилаётган нарсалари, қандай ўртоқлари борлигини назорат қилиш жуда муҳим заруратга айланиб қолди. Зеро, иллат вақтида фош қилинса унинг таъсиридан чиқиб кетиш имконияти кўпроқ бўлади.
Инсон ҳаёти, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик-бангилик, психотроп воситаларни истеъмол қилишга қарши курашиш юртимизнинг ҳар бир фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир.
М. Қораев – Қарши шаҳар “Қумқишлоқ” жоме масжиди имом хатиби