Айрим кишилар бу дунёдан воз кечиб, узлатни ихтиёр қилиш керак деган даъволарни қилишади. “Дунёни тарк қилиб, фақат ибодат билан шуғулланаман” дейиш насроний динидаги роҳибликка ўхшайди. Ислом динида эса дунёни тарк қилиб, узлатга кетиш яъни роҳибликка ўтиш йўқ.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилдилар:
لا رهبانية في الاسلام
“Ислом (дини)да роҳиблик ( тарки дунёчилик) йўқ” (Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло “Қуръон карим”да шундай дейди:
ورهبانيةُ ابتدعوها ما كتبناها عليهم الا ابتغاء رضوان الله فما رعوها حق رعايتها فئاتينا الذين ءامنوا منهم اجرهم و كثير منهم فاسقون
“Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар. Биз буни уларга фарз қилмаган эдик, фақат узлари Аллоҳнинг розилигини тилаб қилдилар, лекин ҳақиқий риоясини қила олмадилар. Бас, улардан иймон келтирганларига ажрларини бердик, лекин уларнинг кўпи фосиқдурлар. (Ҳадид сураси, 27 оят).
Ва яна Пайғамбаримиз (с.а.в) муборак ҳадисларидан бирида шундай дейдилар; Умматимнинг энг яхшиси охират иши деб дунё ишини дунё иши деб охират ишини қолдирмайдиганларидур. дедилар.
Хулоса қилиб айтамизки, дунёни тарк урмасдан, ундан дунё ва охират манфаати йўлида фойдаланиш лозим. Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбандий бобомизнинг “Дил баёр, даст бакор” яъни “Қалбимиз Аллоҳда, қўлимиз меҳнатда бўлсин” деган ҳикматли сўзларига амал қилайлик!
Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охиратда яхшилик ато қилиб, дўзах азобидан Ўз паноҳида асрасин!
Р. Акбаров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими, Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн мухтор” масжиди имом хатиби