
Бир ҳадис шарҳи (5-ҳадис)
БИДЪАТЛАРНИ РАД ҚИЛИШ
Мўминларнинг онаси Оиша розийаллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Кимки бизнинг ишимизда диндан бўлмаган бирор янгилик қилса, у рад қилингандир” (Бухорий ва Муслим риқоятлари). Имом Муслим ривоятида: “Кимки бизнинг ишимиз бўлмаган бирор амални бажарса, у рад қилингандир”, дейилади.
Ҳадиси шарифда ғусл, таҳорат, намоз ва рўза каби ибодатлар динда бюрилганидан бошқа шаклда қилинса, қабул қилинмаслигига ишора бор. Чунки ношаръий бир йўл билан олинган молни эгасига қайтариш лозим. Ундан фойдаланиб бўлмайди.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам олдларига бир бадавий келиб: “ Ўғлим ушбу кишининг шогирди эди, унинг хотини билан зино қилибди. Мен ўғлим тошбўрон қилинаркан, деб эшитиб, унинг номидан юзта қўй ва бир жория фидя бердим”, деганида у зот шундай жавоб бердилар: “Жория ва қўйларинг ўзинга қайтарилади” (Бухорий, Муслим, Абу Довул, Насоий, Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ким шариатга тўғри келмайдиган бир бидъат амални қилса, амали қабул қилинмайди, у гуноҳкор бўлади ва азобга мустаҳиқ бўлади.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам яна шундай марҳамат қиладилар:
“ Кимки бирон бир гуноҳ иш қилса ( ёки бидъат амал чиқарса) ёки бир гуноҳкорни ҳимоя қилса ( ёки бидъатчини ҳимоя қилса), унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” ( Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривоятлари).
Имом Муҳиддин Закариё ибн Шараф Нававий
Қирқ ҳадис китобидан