Ўсмир йигит ва қиз, уларда балоғат ва етуклик ғунчалари очилаётган пайтда, хаёлан, бир кун келиб ўзига жуфт бўладиган умр шеригининг сифатларини белгилай бошлайди.
Инсонларнинг бу сифатларга қарашлари тарбияларига кўра турличадир. Кимдир шаклий сифатларни – бўй, ранг ва кўз шаклларини ўзининг шарти деб белгиласа, бошка биров мол ва бойликка эътибор беради. Яна бири бўлажак жуфтининг обрў-эътиборига ёки насабига диққат қилади.
Хақиқатда бу сифатларнинг барчаси матлуб ва марғуб. Унга эга бўлган жуфтни излашга тўсиқ йўк. Аммо бу сифатларнинг ҳаммасидан яхшироқ ва фойдалироқ бир сифат ҳам бор. У диёнат сифатидир.
Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
قال رسول الله صلعم:" تنكح المراة لاربع: و مالها و لحسبها و لجمالها و لدينها. فاظفر بذات الدين تربت يداك". متّفق عليه[1] ¹
«Аёл тўрт нарса учун никоҳланади – жамоли, моли, насаби ва дини. Диндорроғини танлагин, қўлинг тупроққа ёпишгур!» яъни икки қўлинг баракали бўлади.
Лекин кўпинча ана шу улуғ ҳикмат бўлган жаноби Расулуллох (с.а.в.) нинг кўрсатмалари унутилиб юборилади. Баъзилар келиннинг мол дунёсига учишади. Лекин вақт ўтган сари бойлик, давлат кетадиган нарса. Ота –онанинг насл –насаби ҳам янги оилага кўчмайди, уйда қолади. Ҳусн – жамол хам навбати ўтиб сўлгунлик соати етиб эшик ва томдан, девору тошдан хунуклик кириб кела бошлайди. Хўш, келин билан келадиган нарсалар нима? Булар қизнинг дини, иймони, одоб-ахлоки, ҳаёси! Келин одоб жиҳатидан гўзал, ахлоқ жиҳатидан хушхулқ, ўзи диндор, диёнатли бўлса – бундайлар оиланинг хақиқий бекалари, фароғат ва устуни бўлади. Ана шундай келин топган одам иншаАллоҳ бахтли оилага мустаҳкам замин қуйган бўлади.
Ҳамиша йигитнинг мақсади диёнатли қизга ўйланиш бўлиши керак. Агар қиз диёнатли бўлиб, устига мол, обрў ва гўзаллик соҳибаси ҳам бўлса, жуда яхши. Аммо мол, обрў ва гўзаллик эгаси бўлса-ю, диёнатсиз бўлса, фазилат бўлмайди. Молдор диёнатсиз аёл бўйсунмас, диёнатсиз гўзал аёл мағрур, обрўли диёнатсиз аёл такаббур бўлади. Диёнатли аёл гўзал, молдор ва обрўли бўлса хам, камтар ва хушхулқ бўлади.
Қайт этилган ушбу сифат ва ҳоллар аёлгагина хос ва аёлдангина матлуб бўлмай, эркакларга хам хос ва тегишлидир. Зеро, қиз ҳам йигитнинг келишганлиги, бойлиги ё обрў ва насабига алданиб қолмай, диёнатли йигитни қидириши керак. Диёнатли ва солиҳ йигит жуфт бўлиш учун энг муҳим сифатларга эга бўлган йигитни излаши қизнинг хам бурчидир. Қолган сифатлар диёнатдан кейинги даражада турадиган сифатлардир.
Диёнатли йигит хотинини хар томонлама асрайди ва ҳимоя қилади. У билан тотув яшайди, унинг инжиқликларини кўтаради. Энг муҳими, уни яхши кўрса, эъзозлайди, бордию ёмон кўрса, унга зулм қилмайди.
Шунинг учун куёв танлашда ҳам унинг ташқи жиҳатларига кўп эътибор бериш билан кифояланмаслик керак. Қайси ўкув юртида ўкийди, машинаси, кўркам уйи борми, қанча пул топади, ота-онаси бадавлатми – ҳаммасини суриштирадилару, аммо энг асосийсини – ахлоқлими, диндорми, буни уйлаб ҳам кўрмайдилар. Тўғри бахтли яшаш учун мол дунё ҳам, машина-ю уй хам керак! Бироқ Расулуллох (с.а.в.)нинг мана бу муборак ҳадисларини ёддан чиқармаслик лозим:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:" اذا خطب اليك من ترضون دينه و خلقه فزوجوه ان لا تفعلوه تكن فتنة في الارض و فساد عريض [2]
«Агар сизга хулқидан, динидан ўзингиз рози бўлган киши ( яъни яхши хулқ – ахлоқли, диндор киши) қизингиз ёки синглингизни сўраб келса, шунга беринг, уйлантиринг. Агар бермасангиз, ер юзида катта фитна, фасод бўлади».
Хулоса шуки, аёл ёки эркакдаги диёнат сифати, ўртада қурилган оила аталмиш муқаддас қўрғон учун муҳим омил эканлигини асло унутмаслик лозим. Оила мустаҳкам, баракали бўлиши ҳар икки номзодлардаги диёнат, вазминлик, ақл билан иш юритиш, оқибатини ўйлаш каби эзгу хислатларга бевосита боғлиқдир.
Ў. Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси
[1] Фиқҳи сунна , 2-жузъ, 147-бет
[2] Мишкотул-Масобих 2-жузъ, 929-бет, 3090-хадис.