Яхшиликни нима йўққа чиқаради?
6560
24-02-2022, 09:27
490
Ўқиш режими
+
-
Қадим замонда бир бой бўлган экан. Одамлар ундан шаҳарга сув олиб келишда ёрдам беришини сўрашибди. Бой халқнинг кўмаги билан шаҳарга сув олиб келибди. Сув келиши натижасида шаҳар янада кўкаламзор бўлиб, мевали дарахтлари кўпайибди. Айрим кишилар бойдан миннатдор бўлиб, уни тўй-маракага айтиб “Бой ака тўйга боринг, сизни кутамиз” дейишса, айрим кишилар “сувни фақат бой олиб келган эмас, халқ олиб келди” деб бойга нисбатан одобсизлик қилишар эди. Бундан фойдаланган Шайтон бойнинг ичига кириб, “Сен ариқ қазимасанг, бу сув, бу ободончилик қаерда эди, одамлар сени ҳурмат қилмаяпти” деган фикрни берди.
Бой ҳам Шайтоннинг гапига лаққа кириб, шаҳар халқига :
-Мен ариқ қазиб, сув олиб келдим. Ариқ қазиб сув олиб келишдан мақсадим “фалон-фалон”ни ният қилган эдим, лекин сизлардан мени гапимга кирмасдан ҳаммаларинг ўзларингча, мендан сўрамасдан шох тортиб, сувни олиб кетдинглар, билиб қўйинглар, ариқ меники, сув меники, ҳали маҳкамага бориб жавоб берасанлар. Яхшиликни билмайдиган сиз каби инсонлар билан бирга яшагим келмай қолди, яқинда шаҳардан чиқиб кетаман, ўзларингдан кўринглар”-деди.
Халқ ичидаги бир доно киши бойга: -Эй бой, сенинг бу юқоридаги гапинг ёш боланинг гапидан бошқа гап эмас. Шаҳарга сувни сен олиб келмадинг, сувни сени сабаб қилиб Аллоҳ олиб келди, сен сабабчисан, холос. Агар Аллоҳ сенинг кўнглингга ариқ қазишни, сув олиб келишни солмаганида ва сенга бу бойлигингни бермаганида бу ишларни қилармидинг? Ва яна “шаҳардан чиқиб кетаман” дейсан,тўрт томонинг қибла, хоҳлаган жойингга кетавер, лекин қуйидагиларни эсингдан чиқарма:
Биринчидан, ариқ қазиб сув олиб келган одамнинг бағри кенг бўлади, асабларини босиб олади, Шайтонни гапига кириб васвасага берилмайди.
Иккинчидан, эй бой, ариқ қазиб, сув олиб келганингни ҳар доим пеш қилаверма, бу эса миннат бўлади. Миннат инсоннинг яхшиликларини йўққа чиқаради. Бу ҳақда Қуръони карим “Эй иймон келтирганлар, молини одамларга кўрсатиш учун берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, берган садақаларингиз (яхшиликларингиз)ни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!» (Бақара сураси, 264-оят) дебди”.
Ислом динида миннат қилишлик гуноҳи кабира (улкан гуноҳ) ҳисобланади. Энг ёмони миннат қилувчи инсон ўзини жаннатга киришдан маҳрум қилади (Аллоҳ асрасин!).Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Маккор-алдамчи, миннатчи ва бахил жаннатга кирмайди» (Термизий ривояти).
Хулоса шуки, қилган яхшиликларимизни миннат қилиб, уни йўққа чиқаришдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин! Аллоҳ таоло яхшиликларимизга икки дунёда ажр ато қилсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими