1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар

25-02-2022, 09:30 494 Ўқиш режими + -
Учта тушунча замон ва макон танламайди. Булар сўзлаш, тинглаш ва англашдир. Одамзот яралибдики, ўзаро муносабат жараёнида ана шу уч бирликка амал қилиб келинади. Ўзаро муносабат, мурожаат қилиш жараёнидаги ўзни тутиш ва фикр алмашувлар муомала маданияти тушунчасида уйғунлашади. Дунё гўзаллик қонуниятларига биноан қуриларкан, демак, инсонннинг хулқи ва нутқи ҳам, кўриниши ва кийиниши ҳам, муносабати ва мулоқоти ҳам гўзал бўлиши мақсадга мувофиқ.
Халқимизнинг “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар” — деган ўгити бежиз эмас. “Тил яраси битмас, тиғ яраси битар” — деганида ҳам инсон учун зарур бўлган муомала жараёнига эътибор заруриятини сезиш қийин эмас.
Шахс маънавиятининг узвий бир бўлаги муомала маданияти бўлса, хулқ-атвор, одоб-ахлоқ, нутқий фаолият тушунчалари унинг замирига киради. Асрлар оша ҳар бир халққа хос бўлган, миллий-маънавий қадриятлар юксак маданият рамзига айланган урф-одатлар, юриш-туриш, яшаш тарзи барчаси киши шахсиятида акс этиши табиий.
Муносабат, шубҳасизки, шахснинг муомала маданиятидан келиб чиқади. Бу эса баркамоллик белгиси бўлган таълим ва тарбияга, маънавият ва маърифатга бориб боғланади. Ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом авлодгина юртнинг порлоқ келажагидир. Қушнинг парвозини қўш қанотисиз тасаввур қилиш мумкин бўлмаганидек, инсоннинг иқболи ва юрт истиқболини ҳам таълим-тарбия ва маънавият-маърифатсиз тушуниш, идрок этиш мушкул. Қолаверса, француз адиби  Антуан Сент-Экзюперининг “Бу дунёдаги бирдан-бир ҳақиқий неъмат одамларнинг бир-бири билан мулоқотидир”,-деган фикрида теран маъно бор.
Таълим талаби нутқ билан, тарбия талаби хулқ билан боғлиқ экан, шахс маънавияти, муомала маданияти, муомала сирлари ва одоби масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этаверади. Муомала “тарозиси”нинг икки палласи бўлиб, бири хулқ, иккинчиси нутқдир. Ўзаро тушуниш ва бир-бирини англаш туйғуси муомала маданиятининг асоси ҳисобланади. Баъзан бир замонда, бир маконда яшаймиз, бир жамоада  ишлаймиз-у, лекин бир-биримизни тушунмасдан дилхираликларга йўл қўямиз. Ҳар кимнинг характери, савияси, диди ҳар хил бўлгани учун,  ўзига яраша муомалани талаб қилади. Шу тобда шоирнинг ушбу битиги ёдга келади.
Қолмади одамзот кирмаган гўша,
Еру кўкда, сувда ҳозир ҳамиша.
Оҳ, гоҳида ёнма ён турару инсон
Бир—бирин қалбига киролмай сарсон.
Сув ва само билан сирлаша олган инсон энг яқинларининг қалбига йўл топа олмай изтироб чекиши таажжубли ҳол. Қалбга йўл маърифатдан бошланади. Бир сўз ва бир хатти-ҳаракат эътирофга ёхуд эътирозга, назарга ёхуд ҳазарга, яхшиликка ёхуд ваҳшийликка сабабкор қилиши ҳеч гап эмас.  Шундагина воизнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам жоиз бўлади, суҳбатдоши қалбида из қолдиради. Жоҳил киши сўзнинг қийматини ва ўзининг қадрини билмагани учун хушмуомалада бўлолмайди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва олишиш учун эса билим, тафаккур, юксак даражадаги хулқий ва нутқий маданият зарур.
Кимдир меҳр кўзи билан, яна кимдир қаҳр кўзи билан, биров тасдиқ кўзи билан бошқа биров инкор кўзи билан қарашга одатланган ҳаётда. Ҳар бир нарсадан фазилат излашдан кўра, иллат излашга одатланган кимсага муомала маданияти ҳақида сўз очиш қуруқ сафсатадир.
Инкор кўзи-ла қараган кишига
Юсуфнинг юзи ҳам хунук кўринар.
Агар муҳаббат-ла қараса девга
Дев ҳам фариштадек сулув кўринар.
Демак, қандай кўз билан қараш инсоннинг феъл-атвори, диди, савияси, нияти ва дунёқарашига, бошқача айтганда, таълим-тарбиясига боғлиқ экан.
Хулқи қандай бўлса, киши нутқи ҳам шундай бўлиши табиий. Мутафаккир Алишер Навоий “Кимнинг миясида иллат кўп бўлса, сўзида мантиқ бўлмайди. Мияси соғлом бўлса, гап сўзи ёқимли ва хатосиз бўлади” – дейишлари билан ҳақ. Хулқ ва нутқ бирлашиб ўз рўёбини кўрсатса, киши ё хушфеъл, ё бадфеъл дейилади.
Шарқ одобномасида қаерга бориш, қандай сўрашиш, қаерда ўтириш, қандай сўзлаш, кимларнинг суҳбатида бўлиш муомала маданиятининг мезонлари сифатида кўп бор тилга олинган. Саъдий Шерозий “Ширин сўзли шилгай душман пўстини,дағал сўзли душман қилгай дўстини” — дея ўринли таъкидлаган.
Жон озиғи ҳам, қозиғи ҳам, яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан пичоқ қинидан чиқиши борасидаги доно халқимизнинг уқтиришлари замирида ҳам муомала маданияти мавжудлигини инкор этиб бўлмайди.  Шарқона лутф, шарқона тавозеъдан бехабарлик инсоннинг не куйларга солмайди, дейсиз.
Муомала жараёнида сўзлашишдан олдин суҳбатдошингизнинг юз-у кўзидаги ифода ёхуд табассуми сиз учун муҳим. Ҳадисларда суҳбатдошингизга табассум қилишингиз ҳам садақа эканлиги айтиб ўтилган. Совуққон, тунд қиёфада муомалада бўлувчи  кимсалар борасида Мирзо Абдулқодир Бедил шундай ёзганди: “Яхшилик излама совуқ кишидан, музлаган чечакнинг ҳиди жуда кам.”
Ғишт жипс ҳолда ўз ўрнига ҳафсала билан терилса, иморат пишиқ, мустақкам бўлади. Шундай экан, ҳар бир сўзнинг ўз ўрни, ҳажми, ўлчови, кўриниши, вазни, таровати, ҳиди бор. Уни диди бор, нозиктаъб тафаккур соҳиблари англашади, амалда қўллай олишади. Сўз саҳовати ва латофатини идрок этган адибларимиз бунинг қудратидан фойдаланган ҳолда насру назм дурдоналарини яратишган. Тилда юз минглаб сўз бўлса ҳам, уларнинг моддий асосини бир неча ўнлаб товушлар ташкил қилиши ҳақида фикр юрита туриб, муқтадир олим Алибек Рустамий шундай ёзади: «… ўзбек адабий тилида 31 товуш бор. Шевадагиларни қўшсак, 40 дан ошмайди. Шу қадар озгина товушдан миллиондан ортиқ сўз ясалган».
Тўғри таъкидланганидек, гап сўзнинг сони ёки сифатида эмас, балки уларни билиш ва ўз ўрнида қўллай олишдадир.  Демак, сўз – неъмат, сўз – рағбат, сўз – ташвиқ, сўз – даъват, сўз – давлат, сўз – савлат, сўз – ҳикмат, сўз – ҳиммат, сўз – ҳурмат, сўз – раҳмат, сўз – заҳмат, сўз – фазилат, сўз – иллат, сўз – тузувчи, сўз – бузувчи, сўз – илм, сўз – тилсим, сўз – билим, сўз – зулм, сўз – сабоқ, сўз – таёқ, сўз – ҳавас, сўз – ҳасад, сўз – ғурбат, сўз – ғийбат, сўз – дўст, сўз – душман, сўз – шарофат, сўз – офат, сўз – олқиш, сўз – қарғиш, сўз – меҳр, сўз – қаҳр … хуллас, сўз – ҳамма нарса. Фақат уни қачон, қаерда, қандай қилиб қўллаш сўзловчига боғлиқ. Бу эса сўзловчининг онгу шуурига, ақлу идрокига, фаҳму фаросатига дахлдордир.
Демак, тил, нутқ одоби инсон маънавияти ва камолотида етакчи мезон эканини Юсуф Хос Ҳожибнинг «Сўзнинг ўрни — сир» деган фикридан ҳам уқиш мумкин. Сўзнинг сир-синоатларини идрок этиб, ўрнини топа олган зукко суханварларгина сўзнинг саҳоватларидан баҳраманд бўла олади, ўзгаларни ҳам баҳраманд қила олади.
            
Ўткир МАҲМУДОВ
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти хатоба фани ўқитувчиси