Айрим тоифалар диндан етарли саводлари бўлмагани учун ўзлари билмаган ҳолда “Аҳли сунна вал жамоа”га мухолифлик қиладилар. Шу сабабли аввал “Аҳли сунна вал жамоа” деган ибора нима маънони беришини билишимиз лозим.
Хўш, “Аҳли сунна вал жамоа” қандай маънони англатади?
“Аҳли сунна вал жамоа” арабча ибора бўлиб, “Суннатга амал қилувчи ва жамоатга эргашувчи кишилар”, деган маънони англатади. Аҳли сунна вал жамоа – ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али разияллоҳу анҳумнинг суннатларини маҳкам ушлаганлар. Улар – дин пешволари бўлмиш саҳобалар, тобеъинлар ва тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари йўлларига эргашган жамоадир. Аҳли суннат вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил иснод (оғизма-оғиз эшитиш) билан қабул қилиб олганлар.
Адашган тоифалар “Аҳли сунна вал жамоа” ва унинг мазҳабларини инкор қилиб, уларга мухолифлик қилмоқдалар.
Аслида, ҳар бир мўъмин-мусулмон ўзига Аҳли сунна вал жамоа лозим тутиши керак. Бу ҳақда “Танвир” муаллифи Имом Таҳовий (раҳимаҳуллоҳ)нинг бундай деганини нақл қилганлар:“Айрим муфассирлар бундай деганлар: “Эй, мўъминлар! Аҳли суннат ва жамоат деб аталган нажот топувчи тоифага эргашишни ўзингизга лозим тутинг! Чунки, Аллоҳ таолонинг ёрдами, ҳифзу ҳимояти ва тавфиқи уларга мувофиқ яшамоқдадир. Хор-зорлик, ғазаб ва бенасиблик эса уларга мухолиф бўлмоқдадир. Ушбу нажот топувчи тоифа бугун тўрт мазҳабда жам бўлган. улар Ҳанафийлар, моликийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийлардир. Кимки ушбу тўрт мазҳабдан ташқари чиқса, у бидъат ва бахтсизлар аҳлидан бўлади!”
Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳақ йўлида бардавом бўлишимизни насиб қилсин!
Р. Акбаров,ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими,Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имом хатиби