1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Мулоҳаза: БУГУНГИ СИНОВИМИЗ НИМА?

3-03-2022, 16:50 228 Ўқиш режими + -
Аллоҳ бизни бу дунёга синов учун келтирганини биламиз. Буни қандайдир илмий изланиш ё фаразлар орқали ўрганмаганмиз. Балки Роббимиз биз бандаларига марҳамат қилиб, Мулк сурасининг 2-оятида: “... сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун (юбордим)” дейди. Яшар эканмиз, ҳар лаҳзада икки душман – нафс ва шайтон бизни бу синовдан йиқитиш, эртанги абадий ҳаётда Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор қилиш пайида бўлади. Умримиз синалиш билан ўтар экан, меҳрибон ва раҳимли бўлган Роббимиз ояти карима орқали бизга очиқ душман эканини билдирган шайтон тиним билмайди. Кечами, кундузми, тўйми-азами – мудом инсоннинг фикру хаёлини бузишга ҳаракат қилади.
Интернет ҳаётимизга кириб келганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо тез фурсатда компютерлардан чўнтакларга – телефонларимизга кўчиб, ундан ҳаётимизга кириб улгурди. Ҳозир ҳар ишда “ақлли телефон” (смартфон) кўмакчимиз. Таассуф, мусулмонлар фарзандига ғусл, таҳорат, намоз, Қуръон ўқиш сингари зарурий илмларни ўргатиш билан чекланмоқда. Интернет ва телефонлардан фойдаланишда эса танбеҳ ва насиҳатдан нарига ўтишолмаяпти.
Унутманг, иблис алайҳи лаъна айни пайтда “интернетнинг устаси, ҳакер”дир. Худди оила қураётганда “оила мутахассиси”, бола дунёга келганда “бола мутахассиси” бўлгани каби. Яъни, у ҳар бир хатти-ҳаракатимиз, ишимиз, турмуш тарзимизда бизга турли йўл ва усуллар билан ўз ҳукмини ўтказиш, йўриғига юргизиш чораларини ўйлаб топади. Унинг ҳар соҳада “мутахассис” экани бизни чалғитиш борасидадир. Бу йўлда у бизнинг ўзимизга жойлаштирилган “чип”, яъни нафсимиздан усталик билан фойдаланади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг қоидаси шу: инсон нимага қўл урса, қизиқса, эътибор берса, фойдаланса ўша нарсада уни адаштириш, умрини ҳавога совуриш, хато ва гуноҳ ишларга ундаш бўлади. Жумладан, нанотехнологиялардан фойдаланишни бошлаганимизда ҳам у: “эй воҳ! Инсон мен тушунмайдиган нарсалардан фойддалана бошлади”, демайди. Чунки аллақачон ўзига инсон зотидан бўлган қўшинни тўплаб бўлган ва хизматга йўналтиргандир. Бу борада инсон қиёфасидаги баъзи “шайтон”лар иблиснинг ўзини ҳайратда қолдираётган бўлса, ажабмас.
Эътибор қилсангиз, ҳозирги кунда жума хутбасини тинглашга келганлар ҳам қўл телефонига термулиб ўтиради. Интернет ва қўл телефони Байтул Ҳаромда ҳам ибодатларга таъсир кўрсатмоқда. Улар туфайли банда Аллоҳнинг байтига бориб турган бўлса ҳам, Унинг зикридан чалғимоқда. 
Инсонлар орасидаги муносабатлар ҳам Аллоҳ таолонинг шариати асосида бўлиши керак. Зеро Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам   уммати эканмиз, олдимизда бир муаммо пайдо бўлса унинг ечимини тоғ-тошларга чиқиб кетиш, узлатга чекиниш билан ҳал қилолмаймиз. Жамиятга бир зарарли, юқумли хасталик тарқалса шифокорлар қандай йўл тутади? Биз ҳам динимиз, руҳиятимиз, инсонийлигимизга путур етказадиган зарарли нарсаларни кўрганда шундай йўл тутишимиз лозим. Жамиятга бир иллат ёпишса қутилишга, динимизни ўрганиш ва ўргатишга масъулмиз.
Технологиядан фойдаланаётган эканмиз, уларни динимиз кўрсатмалари асосида ишлатиш, зарар ва фойдаларини ажрата билиш, заҳари ва асалини аниқ-тиниқ кўрсатиш лозим бўлади. Масалан, офлайнда (реал ҳаётда) мумкин бўлмаган ишлар онлайн (интернет)да ҳам мумкин эмас. Ҳаётда бизни Аллоҳдан, ибодатдан тўсадиган, жисмоний-руҳий салбий таъсир этадиган зарарларнинг интернетдаги шакл ва суратлари ҳам зарарлидир. Шулар ҳақида батафсил бир дастурул амал тузилиши лозим ва лобуддир.
Қўл телефонидан фойдаланганда, интернет қаршисида ўтирганда қонун-қоидаларга риоя қилсак на биз, на фарзандларимизга интернетдан зарар етмайди. Чунки интернетнинг зараридан сақланадиган махсус дуоси йўқ, балки мусулмон ахлоқи бор. Смартфонларни суннатга мувофиқ ишлатадиган мусулмонлар бор.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби