Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Тавозуълиқ бўлуб тутқил ўзинг кам,
Шажарким, мевалик бўлса, бўлур ҳам.
Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин.
Кимгаки Аллоҳ таоло яхши номни шуҳратни, шону шарафни берибди, шукр қилган ҳолда, бу неъматни бир имтиҳон сифатида қабул қилса адашмайди. Бу имтиҳон денгизидан тавозуъ (камтарлик) кемасида сузиб ўтиб, муродга етмоқлик мумкин. Яшар эканмиз, инсон учун барча яхши хислатлар сув ва ҳаводек зарур бўлади. Шулардан бири одобдир. Одобли ва ҳусни хулқли бўлиш инсонни комиллик сари етаклайди бундай хусусиятлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда тамоман мужассамлашган эди. Аллоҳ таоло тавозуъ аҳлини мақтади ва Пайғамбар (с.а.в.) ҳам тавоъзули бўлишликка амр қилиндилар: “Мўминлар учун қанотингизни паст тутинг” (Ҳижр) ва яна: “Ўзингизга эргашган мўмин бўлган кишилар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, уларга хушхулқ билан камтарона муомалада бўлинг)” (Шуаро) ва яна Аллоҳ таоло расулининг хулқларини мақтади: “Албата, Сиз улуғ хулқ эгасидирсиз” (Қалам). У кишининг хулқлари камтаринлик эди.
Набий муҳтарам Оиша онамизнинг уйларида таомланаётган эдилар. Ўртадаги тавоқда гўшт. Икки тиззаларига чўккалаб, еб турардилар. Аёлга учраса ҳам, эркакка учраса ҳам, ҳеч парво қилмайдиган ёмонлиги билан ном чиқарган бир фоҳиша кириб келди-да, Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) боқиб: “Буни қаранглар, қул ўтиргандек ўтирибди, қул овқат егандек таомланаяпти”, деб мазах қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Мен қулман, қул ўтиргандек ўтираман, қул егандек ейман, сен ҳам егин бундан”. Хотин: “Қўлинг билан берсанг ейман” деди. Росулуллоҳ тавоқдаги гўштни олиб узатган эдилар ул хотин: “Йўқ, оғзингдагидан берсанг ейман”, деди. Росулуллоҳнинг оғизларида гўштнинг пайи қолган эди. Оғизларида чайнаб турган пайни чиқариб, унга бердилар. Хотин пайни олди-да чайнаб, ютиб юборди. Пай хотиннинг қорнига тушди. Шу пайтнинг ўзидаёқ у хотинни ҳаё ўраб олди. Ҳаттоки бирон кишига тик қарашга ботинолмай қолди. Шундан кейин ундан ўлгунича бирор ботил нарса эшитилмади.
Камталик – кишига зебу зийнатдир. Кимки соддаликда, ўзини тута билишда, кишиларга ҳурмат ва иззат кўрсатишда, покизалик ва қаноат бобида юксак ахлоқий кўрсатса, у одам камтариндир. Бундай фазилатли кишиларга ҳамма эргашади ва тавозуъ қилади. Мартабаси баланд бўлишини тилаганнинг йўли бир – камтаринликдир. Барчани ўз ҳимматидан баҳраманд эта олиши шарт. Билсинки, уруғ олдин тупроққа аралашиб, сўнг осмонга бўй чўзади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда улуғ хулқ мужассамлашган. Биз умматлар ҳам ул зотнинг изларидан бориб, ул зотдан намуна олган ҳолда бошқалар билан бўладиган ҳар қандай муомалаларимизда хушёр ва сергак бўлишимиз мақсадга мувофиқ иш ҳисобланади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларининг бирида: “Кимга юмшоқликдан насиба берилган бўлса, унга яхшиликдан насиба берилибди” дедилар. Бир улуғ зотдан: “Илм афзалми ёки одобми? деб сўраганларида, одоб афзал дея жавоб берган эканлар”. Зеро, одоб ва ҳусни хулқ бизга зарур экан, ота –боболаримиздан мерос бўлиб келаётган миллий ва аньанавий қадриятларимизни кўз қорачиғимиздек асраб, уни ҳаётга тадбиқ этмоғимиз зарур бўлади.
Оллоёр Омонов“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси