Тасаввуф таълимотига уламолармиз томонидан одамзоднинг руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласи деб таъриф берилади.
Тасаввуфга берилган кўпдан кўп таърифларнинг аксариятида унга таълимот сифатида қараш кайфияти устуворлик қилади.
Тасаввуф таълимоти пайғамбарлардан мерос қолган. Ҳар бир улуғ пайғамбар ўз қалбини Аллоҳнинг зикри билан пок этиб, Унинг буйруқларини бекаму кўст бажарган ва ҳалол меҳнат ила ризқ топишни ўз бурчи деб билган. Жумладан, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом темирчилик, Мусо ва Муҳаммад алайҳиссаломлар чўпонлик қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам тижорат билан шуғулланганлар.
Аммо айрим уламолар эса тасаввуф – соф амалиёт деган даъвони қилади.
Тасаввуф таълимотига амалий фаолият, ўзликни англаш ва ўзини поклаш билан боғлиқ узлуксиз жараён сифатида қараш – тасаввуф моҳиятини теранроқ англашга кўмак бериши билан бирга, унинг ижтимоий аҳамиятини ошириб, ҳар бир жамият маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини аниқ тасаввур этишга замин яратади.
Зотан, тасаввуф тариқатлари ичида ижтимоий турмушга яқинлари барча асрларда омма диққатини ўзига тортган ва шу тариқа инсоний камолот пиллапояларини босиб ўтиш билан боғлиқ сермашаққат жараённинг беминнат кўмакчисига айланган.
Тасаввуф таълимотига кўра, инсон қарама –қарши икки асос –модда ва руҳдан иборат. Шунинг учун инсонда ана шу икки асоснинг хусусиятлари мавжуд. Агар моддийлик ғалаба қилса, инсонда ҳайвонийлик ва агарда туҳ томон устун келса илоҳийлик ривожланади. Руҳ жисм қулига айланмаслиги керак, аксинча, жисм руҳ учун асбоб-улов, восита бўлиб хизмат қилиш керак.
Тасаввуф таълимоти ўз ичига олтмишдан ортиқ тариқатни олади. Бу тариқатлардан қуйидагиларни мисол қилиб келтириш мумкин:
Хожагон-нақшбандия;
Яссавия;
Кубравия
Қодирия;
Мавлавия;
Сухравардия.
Бу тариқат ва уларнинг асосчилари тасаввуф таълимотини шаклланиши алоҳида аҳамият касб қилдилар.
Хулоса қилиб айтамизки, тасаввуф таълимоти қадимда ҳам, ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий ва маданий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлган таълимотлардан ҳисобланади.
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими