Шаъбон ойи
6600
5-03-2022, 09:35
234
Ўқиш режими
+
-
Бугун диний тақвимга кўра ҳижрий-қамарий йил ҳисобидаги Шаъбон ойи бошланди. Маълумки, Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккизинчи ойидир. У 29 кундан иборатдир.
Хўш, Шаъбон нима маънони англатади?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “ Шаъбон –қамарий йил ҳисобида 29 кундан иборат, саккизинчи ойнинг номи” дейилади.
Шаъбон арабча сўз бўлиб, у бўлиниш, тарқалиш деган маъноларни англатади. Шарқ халқлари ўз йил ҳисобларининг саккизинчи ойига нима учун Шаъбон деб ном беришган?
Ривоят қилишларича, қадим замонлар одамлар қиш пайтида бир жойда, баҳор келиши билан бошқа жойларга тарқалиб яшашган. Йилнинг ҳар хил келиши, яшаш шароитига қараб одамлар истиқомат жойларини ўзгартириб туришган. Ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг саккинчи ойига ном бериладиган пайтда одамларнинг ҳар томонга бўлиниш, тарқалиш пайтларига тўғри келади. Мана шу ҳолатдан келиб чиқиб, у ойга Шаъбон деб ном қўйилади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, халқимиз Шаъбон ойини “Барот” ойи ҳам деб атайди.
Шарқ халқларида ҳар бир ойни кимгадир, нимагадир тегишли қилиб баён қилиш ҳоллари учрайди. Масалан, Ражаб ойи Аллоҳ таолонинг ойи деб эътироф этилса, Шаъбон ойи пайғамбар ойи, Рамазон эса барча кишиларнинг ойи дейилади. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “ Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, Рамазон эса умматнинг ойидир”. Инсон Шаъбон ойида ўтаётган умрини яхшилик билан ўткариши фазилат ҳисобланади. Бу ҳақда пайғамбар (с.а.в.) шундай дейдилар: “ Аллоҳ таоло Ражаб ойини ўзи учун танлаб олди. Шунинг учун Ражаб ойини Аллоҳ таолонинг ойи дейилади. Кимки Ражаб ойининг ҳурматини жойига қўйса, Аллоҳ таоло у бандани жаннатга киритиб, яна ўз розилигини ато этади. Ким шаъбон ойини ҳурматлаб, уни қадрласа, пайғамбарлар билан бирга бўлади “ дедилар.
Халқимиз ҳамиша Шаъбон ойи келса, бу ойнинг ҳурматидан ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтирадилар. Улар бу ойда ота-она, ёр-биродарлар, хеш-ақроболар, касалманд, муҳтож кишиларнинг ҳолидан хабар олишни кўпайтирадилар. Уларга турли мурувватлар кўрсатадилар. Бу эса Шаъбон ойи инсонлар орасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик бахш этадиган ой эканлигига далолат қилади.
Худо хоҳласа, Шаъбон ойи тугаб, Рамазон ойи бошланади. Аллоҳ таоло Шаъбон ойини барокатли қилиб, барчамизни муборак Рамазон ойига еткарсин!
Р. Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоят вакиллик ходими