Муқаддас динимиз озодаликка ғоят жиддий эътибор қиладиган, поклик тушунчаси мукаммал ифодасини топган ягона шариат ҳисобланади. Унда жой поклиги, либос поклиги, шахсий гигиена, атроф-муҳит тозалиги, ювинадиган сувларнинг тоза ёхуд нажас яъни нопок сувларга ажратилиши, бир кунда беш вақт намоздан олдин юз-қўл, оёқ ва ҳоказоларни таҳорат ниятида ювиш, жунуб бўлганда, албатта, ғусл қилиш, ҳафтада бир марта (жума кунида жунуб бўлмаса ҳам) ғусл қилиб, покланишга чақириши ҳамда турли хушбўйликлардан фойдаланишга тарғиб этиши динимизда покизалик ва озодаликка нисбатан қай даражада буюк эътибор қаратилишини кўрсатади.
Муқаддас манбаларимизда покизаликка тарғиб қилувчи оят ва ҳадислар ниҳоятда кўп. Шу боисдан покликни динимиз асосларидан бири десак сира муболаға қилмаган бўламиз.
Барча ҳадис ва фиқх китобларини ўқиган киши аввало “Поклик китоби”га кўзи тушади. Ҳар-бир муъмин-мусулмон эркак ва аёл ўрганмоқчи бўлган биринчи дарси ҳам поклик дарсидир. Муъмин-мусулмонларнинг мурожаат қиладиган дастури Қуръони каримда Аллоҳ таоло покиза кишиларни мақтаган.”Бақара” сурасида: “Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади”, “Тавба” сурасида: “Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир”, шу каби оятларнинг барчаси тозаликка, озодаликка чорлайдиган илоҳий кўрсатмалардир.
Ҳадиси шарифда: “Албатта Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, тозадир тозаликни яхши кўради, олийжанобдир олийжанобликни яхши кўради, сахийдир саховатни яхши кўради. Бас, ҳовлиларингизни тоза тутинглар, яҳудийларга ўхшаб қолманглар”, дейилади (Термизий ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф мазмунидан Ислом дини шахсий тозалик билан бир қаторда атроф-муҳит тозалигига ҳам аҳамият қаратиши аён бўлади. Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлиларни тоза тутишга буюрганларини ўқидик. Шу ўринда бир тафаккур қилайлик, ҳовлиларни озода тутишга динимизда бу қадар эътибор берилган экан, уйларнинг ичи ҳақида нима дейиш мумкин? Табиийки, уйларнинг ички қисмларининг тозалиги динимизда янада муҳимроқ ўринда экани шубҳасиздир.
Муқаддас динимиз Исломнинг покликка бўлган эътибори шу даражага етдики, уни иймоннинг ярми деб эълон қилди. Набий алайҳиссалом бир ҳадисларида “поклик (таҳорат) иймоннинг ярмидир” дедилар.
Исломда иймоннинг қадр-қиймати қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олсак бўлаверади. Бу ўз навбатида биз мусулмонлар динимиз талабига яраша бўлишимиз кераклигини ҳам билдиради.
Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақлу идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига табиатни тоза ва покиза сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Аллоҳ таоло юклаган бу масъулиятни инсон азалдан бажо этиб келади. Табиатни муҳофаза этиш Ислом динининг асосий таълимотларидан бири ҳисобланишига ҳам шу илоҳий мажбурият сабаб бўлган.
Табиатни муҳофаза этишнинг шартларидан бири табиатдаги яшилликнинг асраб-авайланишидир. Ҳадиси муборакда: “Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу ўша бандага қиёмат кунигача садақаи жория бўлади”, дейилган.
Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.
Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда бундай ишлар қадрланади.
Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб-авайлаши, балки унинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан.
Кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти улуғ. Муборак китоблар кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, яъни қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).
2021 йил ноябрда Муҳтарам Президентимиз томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилиниб, 200 миллион туп дарахт кўчати экиш режалаштирилган эди. Бунга мувофиқ, кузда 85 миллион дона кўчат ўтқазилди. Кўплаб ташкилотлар, маҳаллалар, умуман, кенг жамоатчилик бу савобли ишда жонбозлик кўрсатди. Бу йил баҳор мавсумида 125 миллион дона дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган бўлиб ҳозирда бу ишлар қизғин кетмоқда.
2022 йилнинг 2 февраль куни экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан ўтказилган йиғилишда Муҳтарам Президентимиз: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бир йиллик тадбир эмас. Унинг доирасида келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчатини экишни мақсад қилганмиз. Бу умуммиллий ҳаракатнинг натижаси ҳар бир маҳаллада кўриниши керак, бу савобли ишни ҳавас билан қилиш керак”, – дедилар.
2022 йил 1 март Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси муносабати билан Баёноти эълон қилинди.
Мазкур Баёнотда жумладан шундай дейилади: Аллоҳ таоло бизга атроф-муҳитни озода сақлаш, муҳофаза қилиш ва ифлослантирмасликка буюрган. Шу билан бирга, динимиз том маънода поклик динидир. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, – деб, бежиз айтмаганлар (Имом Бухорий ва Имом Молик ривояти).
Инсон имонининг ярмини поклик, тозалик орқали мустаҳкамласа, қолганини илм воситасида эгаллайди. Бундан чиқадики, атроф-муҳит муҳофазаси мустаҳкам илмий асосга эга бўлиши зарур.
Шу билан бирга, Расул алайҳиссалом: “Уйларингиз атрофини пок тутинглар”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Табароний ривояти). Зеро, Ватан остонадан – уйдан бошланади.
Уйларимиз атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофларини ҳашар йўллари билан тозалаш қадимдан халқимизда урф бўлиб келган яхши одатлардан. Мана, неча асрларки, бу урф-одат халқимиз қадриятларида ўз ифодасини топмоқда. Аммо сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашгандек гўё.
Шу боис, Давлатимиз раҳбари бу масалага маҳалла фаоллари, нуронийлар, уламолар, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик эътибор қаратишга даъват этиб, барчанинг зиммасидаги муҳим вазифани шундай баён этдилар: “Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир”.
Ёши улуғларимизнинг сувга чиқинди ташлаш ва ҳатто тош отишга ҳам қўймасдан: “Сувнинг ҳам, ернинг ҳам жони бор, озор бериб бўлмайди”, деган ҳикматни бугунги ёш авлодга ҳам таълим бериш керак.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу Басрага келганларида басраликларга: “Мени сизнинг олдингизга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Роббингизнинг Китоби, Пайғамбарингизнинг суннатини ўргатишим ва кўчаларингизни тоза тутишим учун юборди”, деб мурожаат қилган эканлар.
Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимиз озода бўлиши, ичимлик сувимиз тозалиги, танамиз эса покиза бўлишига буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчи деб билиб келганлар. Ҳозирги пайтда айниқса озодалик ва покизалик қоидаларига риоя қилиш яна ҳам зарурроқ иш бўлиб қолди.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи севган бандаларидан қилиб, юртимиз, атрофимиз, танамиз ва руҳиятмиз ҳамда бутун оламнинг пок бўлмоғини насиб айласин.
Р. Усмонов ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби