...Уйга борганимда, дарвозадан пешвоз чиқмасангиз, қалбим яйрамайди. Сизни шу ҳовлида қадам товушларингизни эшитмасам, кўнглимдаги ёруғлик ҳам зулмат каби бўлиб қолади онажон... Сизни “Келдингми болам” деган қарашингизда, бир олам қувонч кўраман онажон... Қалбимдаги ечимсиз ташвишларим гўёки сизнинг юзингиздаги биргина табассумни кўрганда, ҳеч ташвиши йўқдек бир зумда унут бўлади онажон. Бу қандай ҳолатки, инсон шу қадар яшаш учун бетиним тарзда ҳаёт кечиради-ю, не-не орзулар кетидан қувиб чарчамайди.... гоҳида иш, рўзғор, юмуш, пул топиш дардида сарсон бўлиб, ишимизни ҳал бўлиши учун бешбегона инсонларни кўнглидан чиқамизу, аммо ўзинг учун яқин бўлганларни биргина йўқлаш келганда эса вақт топа олмаймизки, худди бутун дунё ташвиши биргина бизнинг бошимизга тушгандек гўё, қаерларгадир шошамиз... Тирикмиз, яшаб қолишимиз керак деб, кимнингдир яшаш жойига ҳавас қилиб, пул топиш дардида сарсон бўламиз, машина минишим керак деб, елиб югурамиз, фарзандларимизни келажагини таъминлаймиз деб, кечани кеча, кундузни кундуз демай чопамизу, лекин ўйламаймизки, биз яшаб турган осмон остида ётишга бошпонаси йўқ, аммо яшаётган кунини қадрини билиб, нолимай шукур қилаётган инсонлар ҳам борлигини унутиб қўямиз... Кимлардандир кам бўлмай деб, қимматбаҳо телефонларни олишга интиламизу, аммо ўн миллионлик телефон ҳам юз минг сўмлик телефон ҳам алоқа учун хизмат қилишини ҳис қилмаймиз... Фарзандларимизни келажаги бизни ташвишлантирадию, аммо уларни тарбиясига келганда эса, оқсоқланиб қоламиз... Эҳ, бу қандай дунё онажон?! Баъзан ташвиш кўплигидан яшашни ҳам хоҳламай қоларканмиз... нега онажон...?! Яшаш учун ҳамма нарсамиз бор етарлику, лекин қалбимиздаги бушлиқни тўлдиролмай нимадир барибир етишмаётгандек туюлаверади, кўнгил ниманидир хоҳлаётганини англаёлмай қоламиз... Қалбимга қулоқ солганимда, у “меҳр”га муҳтож эканлигини англайман онажон. Баъзан ташвиш танамни чарчатганида, ғуборларимни фарзандларимни эркалатиб тўкаман, аммо вақти келганда ҳеч кимни тасаллиси, юпатишига қониқмайман... Бу қайноқ меҳрингизни фақатгина сиздан туяман онажон. Тиззангизга бошимни қўйганимда, рўзғор қилиб, меҳнат қилиб чарчамаган бу қадоқ қўлларингиз юзларимни, бошимни силаганда, шунақанги хотиржамликни ҳис қиламанки, қўлларингиз қадоқлари юзларимга қанчалар ёқишини тасвирлаб бера олмайман онажон... Кўзларимни бир зум юмганимда, кўз олдимда болалик хотираларим ёдга тушади. Эслайсизми онажон, опа-сингилларим, ака-укаларим билан дастурхон бошида кўп қулоқсизлик қилиб, сизни чарчатиб ташлар эдик, лекин бирор марта ҳам қўпол гапингизни эшитмаганмиз онажон... Бизларга қараб, нималарнидир пичирлаб гапириб қуярдингиз ҳаттоки эътибор ҳам қилмас эдик, онажон. Ака–укаларим кўчадан кўйлаклари чанги чиқиб, баъзан йиртиб келган вақтларида ҳам ҳеч ёмон гап билан ранжитмас эдингиз. Тобингиз қочганида, фарзандларингиз кўмагига муҳтож бўлиб, бизларни биримизни мактабдан бир кунгина қолишимизни сўраб, маюс боққанингизда, баҳона қилиб, “бугун ёзма иш бўлади”, “бизлардан ўқитувчимиз диктант олишлари керак, ҳамма тўлиқ бўлиши керакда” дер эдик онажон, лекин Сиз кулимсираб, “майли болам” деб, орқамиздан дуо қилиб қолардингиз... Ўшанда қалбингиз қанчалар оғриганини ҳозир ҳис қилсам, оҳ... шунчалар сизга меҳрибончилик қилолмаганларимни ўйласам, ўзимдан хафа бўлиб кетаман онажон... Юзларингиздаги ажинларни санагим ва ҳар бир чизиқни тарихини ёзгим келади, чунки бу нурли юзингиздаги ажинлар бизнинг ташвишларимиз туфайли тушгандир онажон... Бошингиздаги оқ сочларингизи сони кундан кунга кўпаяётганлигини кўриб, қанийди олдингидек узун, тим қора сочларинигизни қайтара олсайдик, афсус бундай мўъжизани қила олмаймизда Онажон... Бу сиймони сатрларда ифодаласам, қоғозларнинг бардоши етмас, тўкилаётган сиёҳнинг адоғи кўринмаса керак... Умрингизни кўчирган сатрларим қиёфангизни чиза олармикин онажон?! Биламан менинг нотавон қалбим ярмига бормай синса керак... “Тош келса, кемирдим, сув келса симирдим” деб гапириб қоласиз баъзан. “Нега, бу тош тишларимни синдирди демайсиз” деганимда, “Сизлар учун ҳаёт синовларига тоғларга елкамни тутаман”, деб жавоб берасиз-а... “Оғриқларингни олай болажоним” дея, жон койитасиз.... “Сизни оғриқларингизни ким олади Она?” десам, “Кўникканман қизим, сизларни бахтингиз бадалига келган оғриқлардан айланай” дейсиз... Тавба, Буюк Роббим Сизни қандай муҳаббат билан яратди?! Мен ҳам Сиздек бўла олармикинман?! Онажон, қанчалар сизга ўхшагим келади....
Нилуфар Бердиева,
Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти