1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қариндошлик ришталари узилмасин!

7-03-2022, 09:47 761 Ўқиш режими + -
Халқимиз азал-азалдан қавму қариндошлик, қуда-андачилик, биродарлик каби инсонийлик удумларига содиқ қолиб келишган. Ахир, биз ака-ука, опа-сингил қўйингки, қариндошчиликни эъзозлайдиган элмиз. Чунки, ёшлигимизданоқ ота-боболаримиз бизнинг мурғак онгимизга меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат ришталарини мустаҳкамлайдиган ўгитларини сингдирадилар.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бугун орамиздаги айрим инсонлар ўртасида андиша, инсоф, диёнат, оқибат ришталари йўқолиб бормоқда. Энг ачинарлиси, ака-ука, опа-сингил, ҳаттоки ота ва бола ўртасида ҳам бундай ҳолатлар рўй бермоқда. Баъзи кишиларимиз уй-жой талашиб, мерос бўлишолмай ўз туғишганлари билан юз кўришмас бўлcалар, баъзи ака-ука, опа-сингилларнинг қудачилиги жудоликка сабаб бўлмоқда.
Фарзандларнинг ҳаммаси ҳам ота ёки онадан яхши фазилатларни ўзига мерос қилиб олмас экан. Аввал замон ака-ука, опа-сингиллар ўртасида мол-дунё талашишлар, жанжал-суронларнинг ҳаммаси ота оламдан ўтгандан кейин бошланса, минг афсуски, ҳозир ота-онанинг ҳали тириклигидаёқ рўй бериб турибди. Ака-ука шу тариқа, умрининг охиригача бир-бири билан гаплашмайди, тўй қилса чорламайди, эҳсон қилса бир коса таом илинмайди ва на азасида иштирок этади. 
Бундай кўринмас тўсиқлар мавжуд экан, бундай хонадонларда тинчлик, файз-барака, хотиржамлик каби неъматлар асло бўлмайди. 
Шариатимиздаги қариндошлар билан алоқани узиш катта гуноҳлардан ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръонда баён қилиб шундай дейди:
Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир. (Нисо сураси 1 – оят)
Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир. (Муҳаммад сураси 22,23 – оятлар)
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қариндошлик алоқаларини узганлар жаннатга кирмайди”. Муттафақун алайҳ.
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй, Аллоҳнинг Расули! Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан алоқани узиб кетадилар. Уларга қанчалик яхшилик қилсамҳам, улар менга ёмонликни раво кўрадилар. Уларга доимо яхши муомалада бўлишимга қарамасдан, улар буни эътиборларига ҳам олмайдилар», деб шикоят қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошларга оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб кетган қариндошлик ришталарини тикловчи одам қариндошдир. Сен айтган сўзларингда бардавом бўлсанг, Аллоҳ сен билан биргадир», дедилар» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, қариндошлар билан алоқа қилсин”. Бухорий ривояти.
Қариндошлар билан учрашганда очиқ юз билан кўришиш, биринчи бўлиб салом бериш, мулойим гаплашиш, гарчи улар қўпол ва дағал муомала қилсалар ҳам уларга нисбатан чиройли муомала билан жавоб қайтариш силаи раҳмнинг гўзал намунасидир.
Гина ва адоватда юриш, бир-биримиз билан аразлашиб, хусуматда бўлиб, уч кундан ортиқ юриш мусулмон кишига ҳаром ҳисобланади. Уч кун ичида инсон жаҳолатда ёки ғазабда бўлса ҳовуридан тушиб, ўзининг хатоларини англаб узр сўрашлиги, бир-бирларининг ҳақларига дуо қилишлари бу ҳақиқий мусулмонларнинг фазилатли амалларидандир. 
 
 
Азамат УСМОНОВ