1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Худкушлик – хиёнат ва разолатдир!

19-03-2023, 10:07 199 Ўқиш режими + -
Худкушлик ҳужумлари хоҳ мусулмонларга нисбатан, хоҳ ғайримусулмонларга нисбатан бўлсин, хоҳ мусулмон ўлкаларда ва хоҳ ғайридин ўлкаларда бўлсин, шаръан ҳаром, хиёнат ва разолат ҳисобланади. Унинг исломга ва Аллоҳ йўлида бўладиган жиҳодга ҳеч қандай алоқаси йўқдир.
Афсуски, яқин шарқ мамлакатларида террористик ташкилотлар ёш болаларни аскар сифатида ёллаб, уларни жаллод қилиб тарбиялаб, ўз асирларини қатл этишда фойдаланиши ачинарли ҳолат ва бу ишлари ислом тамойилларига, уруш қоидаларига ва инсон ҳуқуқлари қадриятлари ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари қонунларига мутлақо зиддир. 
Оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган хабарларда масжид, мактаб, боғча, бозор каби аҳоли гавжум жойларда худкуш ўзини портлатгани ва бунинг оқибатида 100 га яқин киши ҳалок бўлгани, яна қанча киши яралангани, улар орасида аёллар ва болалар кўплигини, бинолар вайрон бўлганини кўришимиз мумкин. Агарда фақатгина худкушлик оқибатида содир этилган портлашларда ҳалок бўлганларни ҳисобласак, қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлинганини кўрамиз.     
Террористик ташкилотларни бу каби ишларига Ислом дини нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, Ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси, 70-оят). 
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига доимий равишда панду насиҳат ва ваъзу иршод қилишга буюрилганлар. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом умрларининг охиригача ўз умматларини илоҳий таълимот асосида рушду ҳидоятга бошлаб, нафс ва шайтон йўлларидан қайтариб ўтдилар. “Ҳажжатул-вадоъ” – видолашув ҳажидаги хутбаларида бундай деганлар: “Эй одамлар, албатта бир-бирингизни қонларингизни тўкишлик, молларингизни ноҳақ ўзлаштиришлик ва обрўларингизни тўкишлик сизларга ҳаромдир. Худди ушбу арафа кунингиз ва бу зулҳижжа ойингиз ҳурматли бўлгани каби. Огоҳ бўлингиз, сизлардан ҳозир бўлганлар ушбуларни ғоибларингизга етказсин. Эй одамлар, (сизларга) етказдимми?”. (Имом Бухорий ривояти). 
Бу ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи муқаддас эканини баён қилдилар. Демак, Аллоҳ азиз қилган инсоннинг жонига қасд қилиб, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида, 32-оят). Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).
Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар осмон ва ер аҳлларининг барчалари бир мўминнинг қонини (тўкиш)да иштирок этсалар, батаҳқиқ Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини дўзах оловига юзлари билан улоқтиради”. (Имом Термизий ривояти).
Мазкур оят ва ҳадислардан келиб чиқиб, жаҳоннинг нуфузли фатво бошқармалари уламолари ҳам турли йўллар билан бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлишни шаръан ҳаром амал эканлигини эълон қилган. Бу ишни Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ. Бу гуноҳ ишни амалга оширганлар Аллоҳ таолонинг азобига учрайди, деб алоҳида таъкидлаган.
          
Манбалар асосида
Азамат Усмонов тайёрлади.