ГУНОҲДАН ТАВБА ҚИЛГАН КИШИ – ГУНОҲИ ЙЎҚ КИШИ КАБИДИР! (1-қисм)
6624
10-03-2022, 12:59
263
Ўқиш режими
+
-
Маълумки, инсонни йўқдан бор қилган ва мавжудодлари ичида мукаррам айлаган зот – Аллоҳ таолодир. Аллоҳ таоло инсонга ҳам ақл, ҳам нафс истакларини берган. Нафси ақлидан устун келганда инсон билиб-билмай хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради. Ислом динида шу ҳолатга қандай қаралади, у қандай муолажа қилинади? Гуноҳкор бандага раҳмат эшиклари бутунлай ёпиладими ёки унда яна Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш имконияти борми?
Агар банда астойдил тавба қилса, ҳар қандай гуноҳнинг кечирилишига умид бор. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришни ваъда қилган. Қуръони каримнинг 87 ўрнида тавбага тарғиб қилинган. Жумладан,
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
(سورة النور الاية-31)
яъни: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Нур сураси, 31-оят).
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни насуҳ (чин) тавба қилишга тарғиб қилиб, шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا عَسَى رَبُّكُمْ أَنْ يُكَفِّرَ عَنْكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ
وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
(سورة التحريم الاية-8)
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Аллоҳ таоло ўзининг фазлу карами билан жаҳолат туфайли гуноҳ қилиб, кейин тезда унга афсус-надомат чеккан кишиларнинг гуноҳларини кечиришини ваъда қилган:
إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ
فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا
яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Сарвари олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам каттаю кичик гуноҳлардан сақланган бўлсалар-да умматларга таълим учун ҳар куни тавба қилар эдилар. Ҳадиси шарифларида ҳам бундай деганлар:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ تُوبُوا إِلى اللهِ واسْتَغْفِرُوهُ فإنِّي أتُوبُ في اليَومِ مئةَ مَرَّةٍ
(رَوَاهُ الْاِمَامِ الْبُخَارِيُّ عَنْ الأَغَرِّ بنِ يَسَارٍ رضي الله عنه)
яъни: “Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан” (Имом Бухорий ривоятлари).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлардан маъсум бўлишларига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳдан холи бўлмаган умматлар учун катта дарс ва кўрсатмадир. Яна бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар:
التَائِبُ مِنَ الذَّنْبِ كَمَنْ لاَ ذَنْبَ لَهُ
(رواه الإمام ابن ماجة عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه)
яъни: “Гуноҳдан тавба қиладиган киши гуноҳи йўқ киши кабидир” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Мазкур ояти карима ва ҳадисларга асосан гуноҳ қилган банданинг тавба қилиши вожиб саналади. Бепарво бўлиш, ҳали фурсатим бор деган нотўғри тасаввурга берилиши асло мумкин эмас.
Тавба эса гуноҳларнинг турига қараб ҳар хилдир:
Биринчиси: Банда билан фақат Аллоҳ орасидаги гуноҳлар. Масалан, зино, ароқхўрлик, ғийбат, бўҳтон. Агар ғийбат ва бўҳтон қилинган кишига хабар етиб бормаган бўлса, бу гуноҳлардан покланиш учун чин қалбдан Аллоҳга тавба қилиш кифоя. Шу билан банда оқланади.
Иккинчиси: Банда, банда ва Аллоҳ орасидаги гуноҳлар. Масалан мўмин биродарини ғийбат қилди ва унга етиб борди ёки ўзганинг ҳаққини еган бўлса, бу гуноҳдан покланиш учун тавбанинг учта шарти бор:
Қилган ишидан афсус-надомат қилиш;
Дарҳол ўша гуноҳни тарк қилиш ва ундан чекиниш;
Қайта такрорламасликка астойдил қасд қилмоқ ва шу билан бирга ўша инсондан кечирим сўраб, уни рози қилиши шарт бўлади.
Учинчиси: Банда ва Аллоҳ орасидаги тавбанинг ўзи билан кечирилмайдиган гуноҳлар. Масалан, узрсиз рўза ва намоз каби фарзларни тарк этиш гуноҳи. Бу гуноҳлар азобидан халос бўлиш учун банда астойдил тавба қилиши ва яна қолдирилган ибодатлар ўрнига қазосини бажариб бериши лозим бўлади. Мана шу тавба чин тавба бўлиб, гуноҳкорни охиратдаги жавобгарликдан қутқариб қолиши мумкин.
Ҳазрати Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. Ҳазрати Ҳасан Басрий “Истиғфор айтинглар”, дедилар. Иккинчи одам келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилинди. Уларнинг барчаларига “Истиғфор айтинглар” деган маслаҳатни бердилар. Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: “Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?” дебди. Ҳасани Басрий ҳазратлари бу саволга қуйидаги ояти карими билан жавоб бердилар:
فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُمْ مِدْرَارًا وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ
وَيَجْعَلْ لَكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَلْ لَكُمْ أَنْهَارًا
яъни: Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур (Нуҳ сураси, 10-12 оятлар).
Демак, мўмин-мусулмонлар истиғфор айтиб юрсалар, Аллоҳ таоло оятда ваъда қилган барча нарсаларини ато қилар экан.
(Давоми бор)
ЎМИнинг жумъа мавъизасидан олинди