1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Даражаси баланд зот

25-12-2019, 18:36 380 Ўқиш режими + -


Даражаси баланд зот

Абу Мансур ал-Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридия оқимининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оздир. Тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. 

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ҳам мусулмонлар эътиқодига турли хил ёт ғояларни кириб келишини олдини олган ва илмни жоҳилларнинг таъвилидан ҳимоя қилган раббоний олимлардан эди.

Уламолар томонидан Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни “Имамул ҳудо”, “Мусаҳҳиҳу ақоиди аҳли сунна” деб аталган ва эътироф қилинган. Барча уламолар у зот ҳақида илиқ фикрларни билдиришган. Жумладан, Имом Кафавий раҳимаҳуллоҳ “Аъламул ахёр” китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади: “Мотуридий раҳимаҳуллоҳ мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчисидир. Аллоҳ у кишига сиротул мустақим, яъни тўғри йўлни насиб қилиш ила нусрат берди ва у киши дин нусрати йўлида юрди. Буюк китобларни тасниф этди ва ботил эътиқод соҳибларига раддия берди”.

Шайх Абдуллоҳ Мустафо Муроғий раҳимаҳуллоҳ “Ал-Фатҳул мубин” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Абу Мансур Мотуридий ҳужжат ва далили кучли, хусуматчини мот қиладиган, мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиб адашган ва мулҳидларнинг шубҳаларига раддия берган олимлардан эди”.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ “Завожир ан иқтирофил кабоир” китобида Имом Мотуридий ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган: “Аҳли Сунна эътиқоди деганда Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳларнинг эътиқодлари назарда тутилади”.

"Ар-Ровзатул баҳия” китобининг муаллифи Шайх Ҳасан ибн Абу Азуба раҳимаҳуллоҳ инсон қайси олимга эргашса Аҳли сунна тоифасига киришини баён қилиб шундай деган: “Шуни билки, Аҳли Сунна вал Жамоа эътиқодининг мажмуаси икки қутбнинг сўзидир. Бу икки қутб: Имом Абул Ҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Бу икки имомнинг қай бирига эргашсанг, ҳидоятга эришиб бузуқ эътиқод ва тойилишдан саломат қоласан”.

Аллома Тошкупризода раҳимаҳуллоҳ ақоид илмининг икки имоми ҳақида “Мифтаҳус саодат” китобида шундай деган: “Аҳли сунна вал жамоанинг калом илмидаги раиси икки кишидир: бири ҳанафий мазҳабига мансуб Абу Мансур Мотуридий. Иккинчиси эса шофеъий мазҳабига мансуб Абул Ҳасан Ашъарийдир”.

Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ «Мирқотул мафатиҳ» китобида Имом Мотуридий ҳақида шундай ёзади: “Ҳавойи нафсини ўзига илоҳ қилиб олган кимсани кўрдингми” оятидаги ҳавойи нафсга Китобу суннатга хилоф бўлган эътиқодий фосид ҳавойи нафсларнинг барчаси киради. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ мункар ёмон ҳавойи нафсни баён қилиб шундай деган: “Мункар ҳавойи нафс бу Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имоми: Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридийнинг эътиқодларига  мухолиф бўлган фосид эътиқодлардир”

Имом Кавсарий раҳимаҳуллоҳ Имом Мотуридий ҳақида “Муқаддиматул Кавсарий” китобида шундай деган: “Ашъарий ва Мотуридий булар ернинг машриқу мағрибида Аҳли Сунна вал Жамоанинг икки имомидир. Улар санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп китоб таълиф қилишган. Бу икки имом ўртасидаги хилофларнинг аксари лафзийдир. Бу борада кўплаб китоблар ёзилди. Байзовийнинг “Ишаротул маром фи иборотил имом” китоби бу борадаги энг яхши китобдир. Зубайдий “Иҳё”нинг шарҳида Байзовийнинг ўша китобидан нақл қилган”.

Абул Ҳасан Надавий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Рижалул фикр вад даъва” китобида бу зот ҳақида шундай деган: “Имом Мотуридий кенг фикрли, заковат ва фаҳм эгаси, турли фанларни ўзлаштирган буюк олим бўлган”.

“Кашфуз-зунуни ан асомийил кутуби вал фунун” китобининг соҳиби Ҳожи Халифа “Таъвийлоту аҳлис-сунна” тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади: “У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди”.

Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.

Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

У киши ўз замонларидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар.

У киши ҳанафий мазҳабида бўлиб, аввал айтиб ўтганимиздек, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлганлар. Яъни у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Мовароуннаҳрда Аҳли суннанинг шайхи бўлиш даражасига эришганлар. Бу ерда Аҳли сунна кўп ва ғолиб бўлгани учун, у киши имом Ашъарийга ўхшаб ҳар хил йўлларда ва турланишларда бўлмаганлар, балки аввал бошдан мўътадил йўлдан бориш имконини топганлар. У киши кези келганда нақлга, кези келганда ақлга ўз ҳаққини берганлар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа фуқаҳолари ва муҳаддисларидан биридирлар. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча турдаги илмий масалаларда у кишига мурожаат қилинган. Улар у кишидан ақоид, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олганлар.

Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар.

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ таҳқиқларга кўра ҳижрий 333 санада тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган. Аллоҳ таоло ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.  

 

ЎМИ Қашқадарё вилоят вакиллиги Матбуот хизмати