1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ислом дини инсонларни яхшиликка чорлайди

14-03-2022, 10:18 275 Ўқиш режими + -
Маълумки, Ислом дини таълимоти инсонларни фақат эзгуликка чорлайди, одамлар орасида меҳр-муҳаббат, инсофу адолат ривож топишини таъминлайди. Қуйидаги оят ҳам жамиятда меҳр-мурувватни зиёда қилишга тарғиб қилувчи оятлардандир. яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (ях-шилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси, 36-оят).
Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада биз бандаларини ўнта нарсага амал қилишга буюрмоқда. Зеро, мана шуларга амал қилиш натижасида жамиятда соғлом муҳит ҳукм суради, одамлар орасида ўзаро ҳурмат ва оқибат юзага келади.  
Биринчиси, ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилиш, Унга бирор нарсани шерик қилмаслик. Дарҳақиқат, мўмин-мусулмоннинг зиммасида турган биринчи галдаги вазифа, бу Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликдир. Аллоҳга ибодат қилиш деганда, Уни рози қиладиган, қаҳру ғазабидан сақлайдиган ҳар қандай иш-ҳаракат ва гап-сўзлар билан машғул бўлиш тушунилади. Аллоҳ таолога ширк келтириш гуноҳларнинг энг каттаси бўлиб, у туфайли киши имонидан айрилади (Аллоҳ таоло барчаларимизни бундан сақлаган бўлсин). Натижада, қилган барча тоат-ибодатлари ҳабата, яъни бекор бўлиб, солиҳ амаллари ҳам бесамар ва зое кетади. Аллоҳ таоло ширк келтирган ҳолда, тавба қилмай вафот этган кишини асло кечирмаслиги ҳақида Қуръони каримда хабар берган (Нисо сураси, 48- оят). Аллоҳни таниган, Унга ибодат қиладиган кишидан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Чунки, Ислом динида буюрилган барча ибодатларни ихлос билан адо этадиган инсон гўзал ахлоқу одоблар соҳибига айланиб боради. 
Иккинчиси, ота-онага яхшилик қилиш. Оятда ота-онага яхшилик қилишни Аллоҳга ибодат қилиш билан чамбарчас боғланиши бежиз эмас, албатта. Зеро, Аллоҳ таоло инсонга жон ато этган бўлса, ота-она унга умрини, меҳрини, мол-дунёсини сарфлаб, одам қилиб тарбиялаган. Шунинг учун ҳам фарзанднинг зиммасида ота-онасининг ҳаққи жуда кўпдир. Ота-онага яхшилик қилишга буюрувчи оятлар Қуръони каримнинг бир нечта сураларида такрор келган бўлиб, бунинг боиси фарзандлар ота-оналарининг ҳаққини унутиб қўймасликлари, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилишлари, розиликларини топиш йўлида саъй-ҳаракат қилишлари учун тарғибдир. Афсуски, баъзи бир ноқобил фарзандлар ота-оналарини кексайиб қолган вақтларида қаровсиз қолдирадилар, баъзилари эса уларни боқиш ва парвариш қилишдан ор қилиб, қариялар уйига олиб бориб ташлайдилар.  
Учинчиси, қариндошларга яхшилик қилиш. Қариндошларга яхшилик қилиш силаи раҳм дейилиб, Ислом динида силаи раҳмга катта эътибор қаратилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: яъни: “Ким ризқи мўл, умри узоқ бўлишини ҳохласа силаи раҳм қилсин”, - деганлар (Муттафақун алайҳ). Қариндошлар билан алоқани узиш оғир гуноҳ саналиб, Қуръони каримда Аллоҳдан қўрқиш билан бирга қариндошлик риштасини узишдан ҳам қўрқиш лозимлиги таъкидланган (Нисо сураси,1-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошлик риштасини узган одам жаннатга кирмайди” - деганлар (Муттафақун алайҳ). Албатта, мўмин-мусулмон борки, жаннатга киришни умид қилади. Демак, жаннатга киришни ҳохлаган инсон қариндошлар билан борди-келди қилиши, қўлидан келганича уларга ёрдам бериши лозим бўлади.
            Тўртинчиси, етимларга яхшилик қилиш. Маълумки етимлар жамиятдаги энг ожиз ва ҳимоясиз тоифадир. Шунинг учун ҳам Ислом дини таълимотида уларни парвариш қилишга, уларга нисбатан марҳаматли бўлишга тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: яъни: “Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай яқин турамиз, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар” (Имом Бухорий ривояти). Уламолардан Ибн Баттол деган зот шундай деганлар: “Ушбу ҳадисни эшитган киши унга амал қилиб, жаннатда Пайғамбар алайҳиссалом билан бўлиш бахтини қўлга киритишга ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, охиратда бундан кўра улуғроқ даража йўқдир”. Дарҳақиқат, ҳозирги кунда меҳрибонлик уйларида ота-онасининг меҳридан бебаҳра қанчадан-қанча мурғак қалблар мурувватли, саховатпеша кишиларнинг меҳрига ташна эканликларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Уларга таълим-тарбия, ахлоқ-одоб ўргатиш, моддий жиҳҳатдан ҳомийлик ёрдамларини кўрсатиш ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан эканлигини унутмаслигимиз лозим.
            Бешинчиси, мискинларга яхшилик қилиш. Мискин деганда, рўзғорида эҳтиёжидан ортиқча нарсаси бўлмаган кимса тушунилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: яъни: “Мискин - инсонлар орасини (тиланчилик қилиб) оралаб юрадиган, бир-икки луқма ёки бир-иккита ҳурмо бериб қайтариладиган кимса эмас. Балки, мискин эҳтиёжини қоплайдиган нарсаси бўлмаган кишидирки, одамлар унинг (бундай) аҳволидан воқиф бўлолмаганлари туфайли унга садақа бермайдилар, унинг ўзи ҳам туриб одамлардан тиланчилик қилмайди” - деганлар (Муттафақун алайҳ). Демак, мискин инсонни топиш, уни ҳақиқатан ҳам мискин эканлигини аниқлаш бир оз мушкул иш. Ҳозирги кунда кўча кўйда, айниқса чорраҳаларда туриб олиб, тиланчилик қилаётганлар ҳақиқий мискинлар эмас. Шунинг учун хайру эҳсон қилмоқчи бўлган инсонлар мустаҳиқ кимсаларни топиб бермоқлари лозим бўлади.
Олтинчиси, қариндош қўшнига яхшилик қилиш. Ислом динида яна эътибор берилган муҳим нарсалардан бири, қўни-қўшничилик муомаласидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида қариндош қўшнининг бегона қўшнига нисбатан ҳаққи икки хисса эканлигини, яъни ҳам қариндошлик ва ҳам қўшнилик ҳаққи борлигини таъкидлаганлар. Шунинг учун ҳам ояти каримада қариндош қўшни бегона қўшнидан олдин зикр қилинмоқда.
Еттинчиси, бегона қўшнига яхшилик қилиш. Умуман олганда, Ислом таълимотида қўшничилик ҳақларига риоя қилиш қатъий талаб қилинган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: яъни: “Жаброил алайҳиссалом менга қўшнига яхшилик қилишни шу даражада кўп тайинладиларки, ҳатто мен яқин кунларда уни меросхўр бўлиши ҳақида ваҳий олиб келсалар керак деб ўйлаб қолдим” – деганлар (Муттафақун алайҳ). Қолаверса, қўшнисига азият берган кимсанинг имони комил бўлмаслиги ҳақидаги ҳадис ҳам қўшничилик ҳаққи нақадар муҳим эканлигини англатади. Кўпмиллатли аҳоли истиқомат қиладиган бизнинг юртимизда қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари ва бурчларини яхши англа-ган ҳолда, ўзаро ҳурмат-иззатда ва бағрикенглик тамоилларига риоя қилиб яшамоғимиз айни муддаодир.  
Саккизинчиси, яқин ҳамроҳларга яхшилик қилиш. Муфассир уламолар яқин ҳамроҳ жумласини, аҳли аёл, доимий ҳамроҳ, ошна, оға-ини, меҳмон каби сўзлар билан тафсир қилишган. Барчасини умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, киши кундалик ҳаётида унга ҳамроҳ бўладиган инсонларга яхшилик қилиши лозим бўлади. Ҳох у оилада бўлсин, ҳох кўчада, ҳох ишда бўлсин, ҳох ўқишда яқин инсонлари билан яхши муомалада бўлиши, қўлидан келганича уларга яхшилик қилиши даркор. Зеро, жамият шахслардан ташкил топар экан, ҳар бир жойда инсонлар бир-бирларига ёрдам бериб, самимий муомалада бўлсалар албатта, ундай жамиятда тинчлик, тотувлик ҳукм суради.
Тўққизинчиси, йўловчи-мусофирга яхшилик қилиш. Йўловчи-мусофир деб таржима қилинаёт-ган сўз араб тилида ибн сабийл дейилиб, уни сўзма-сўз таржима қилганда “йўлнинг боласи” деган маъ-но чиқади. Кўриниб турибдики, у йўлини йўқотиб, борар жойини билмай ҳайрон ҳолда турган кимсадир. Масалан, ўз ватанига қайтиш учун маблағи йўқ, мусофир юртда эса, уни ҳеч ким танимайди. Шундай вазиятда унга ёрдам бериш лозим бўлади. Бирор юмуш билан бегона юртга келган кимсага йўл кўрсатиб юбориш, оғирини енгил қилиш, яхши муомала билан унинг кўнглини кўтариш яхшилик қилиш ҳисобланади. 
Ўнинчиси, қўл остингиздагиларга яхшилик қилиш. Киши қўл остидаги ишчи-хизматчилари ҳамда қўлига қарам бўлган кимсаларга ҳам яхши муомалада бўлмоғи шарт. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўл остингиздаги одамлар ҳам сизнинг биродарингиздир. Кимнинг биродари унинг қўл остида бўлса, ўзи еганидан едирсин, кийганидан кийдирсин. Уларга тоқатлари етмайдиган ишларни буюрманг! Агар шундай иш буюрсангиз, унга ўзингиз ҳам  кўмаклашинг!” – деганлар (Имом Бухорий ривояти). Қўл остидагиларга яхшилик қилиш деганда, яна уларнинг меҳнатларини қадрлаш, қилган хизматлари учун ўз вақтида ҳақ тўлаш тушунилади. Корхона раҳбарлари ўз ходимларининг лаёқатига қараб иш тақсимлаши, иқтидорлиларини рағбатлантириб туриши ҳам шулар жумласидандир.
Кўриб ўтганимиздек, мазкур оятда жамиятдаги деярли барча тоифа инсонлар зикр қилиб ўтилди ва барчасига бирдек, яхшилик қилишга, яхши муомалада бўлишга буюрилди. Демак, Ислом дини таълимотида инсоният унинг ким эканлигидан қатъий назар, ўзига яраша ҳурмат ва эҳтиромга лойиқдир. Аксинча, одамларни ажратиш, яъни бой ва мансабдор кишиларга лаганбардорлик қилиб, иззат-икром кўрсатиш, камбағалларга нисбатан паст назар билан қараб, уларни камситиш, фақат фойдаси тегадиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, бошқаларга беписанд муносабатда бўлиш такаббурлик белгисидир. Албатта, Аллоҳ таоло кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди. Аллоҳ таоло халқимиз орасида меҳр-оқибатни янада зиёда қилсин.   
 
Х. Хонимов, Деҳқонобод туман бош имом-хатиби