1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Хайрли ва савобли ишларда бир-бирингиздан ўзишга шошилинг!

14-03-2022, 10:21 478 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, У ўз хазинаи ғайбиясидан бандаларига қанча инъом қилсада, ундан ҳеч бир нарса камаймайди. Парвардигоримиз биз бандаларини ҳам Ўзининг сифатларидан ўрнак олиб, доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Жумладан, Қуръони каримда: яъни: “Яхшилик қилингиз, албатта, Аллоҳ муҳсинларни яхши кўради”, - деб муҳсин бандаларини севишини баён қилган (Бақара сураси, 195-оят). Дарҳақиқат, муҳсин сўзининг маъноси кенг қамровли бўлиб, жумладан у инфоқ-эҳсон маъноларида ҳам ишлатиб келинган. Оятнинг мазмунидан муҳсин сифатига эга бўлиш катта фазилат эканлиги келиб чиқади. Зеро, қўли очиқ, камбағалпарвар, хайру саховатли, хотамтой инсонлар ҳамма замонда ҳам эл юрт ҳурматида бўлиб келганлар. 
Киши ўзининг мол-дунёсидан ўзгаларга насиба ажратса, муҳтожларга инфоқ-эҳсон қилса бу унинг ризқига барака кириши ва зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ҳадиси қудсийда Ҳақ субҳонаҳу ватаоло: яъни: “Эй Одам боласи, инфоқ-эҳсон қил. Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан”, - деган (Муттафақун алайҳ). Қуръони каримда ҳам ушбу мазмундаги бир нечта оятлар мавжуд бўлиб, жумладан, Бақара сурасининг 272-оятида: “Қилган ҳар бир хайр-эҳсонингиз сизларга адолатсизлик қилинмаган ҳолда мукаммал қайтарилур”, - дейилган бўлса, Саба сурасининг 39-оятида: “Бирор нарсани эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”, - дейилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ушбу оятга монанд тарзда:  яъни: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири:“Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини ўрнини тўлдиргин”, деса, иккинчиси: “Эй Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талофат етказгин”, - деб дуо қилади”, - деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).
Мўътабар китобларда ёзилишича, муҳтожларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига хизмат қилиш билан бирга дунёвий ишларнинг ривож топишига ҳам сабаб бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида: “Менга заиф, бечораларни топишга ёрдам беринглар. Сизларнинг ризқингиз ва ютуқларингиз асосан заиф ва бечораларга ёрдам беришингиз сабабидан зиёда бўлади”, - деб таъкидлаганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу борада барчамизга ибрат бўлиб, эҳсон қилаётган нарсаларига келажакда ўзлари муҳтож бўлиб қолишларини ўйлаб ҳам ўтирмас эдилар. Садақа сўраб келганларнинг бирортасини ҳам қуруқ қайтармаганлар. Беришга ҳеч нарсалари бўлмаган тақдирда, бирор нарса келиб қолса, албатта, беришларини ваъда қилар эдилар. Инсонда мол-дунёга нисбатан ҳирс қўйиш, унинг кўпайишини исташ табиати мавжуд. Ҳатто, анчагина маблағга эга бўлган кишилар ҳам эҳсон-садақа қилишга журъат қилолмайдилар, гўё уларнинг назарида йиққан моллари камайиб қолаётгандек. Ҳолбуки, Ислом дини инсонларни ана шундай хасислик иллатидан қутулишга чақиради. Қуръони каримда бахилликни енга олган инсон икки дунё саодатига эришиши ваъда қилиниб: “...Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, айнан ўшалар нажот топувчилардир”, - дейилган (Тағобун сураси, 16-оят). 
Бировнинг ҳолидан хабар олиб, унга меҳр кўргазиш қанчалик савоб иш бўлса, ўзганинг оғирини енгил қилиб, унга ҳамдард бўлиб, бошидан ташвишини кўтариш учун ўз ҳимоясига олиш охиратдан умиди бўлган ҳеч бир инсоннинг эътиборидан четда қолмаслиги лозим. Зеро, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимдаким бир биродарига енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга қиёматда енгиллик беради”, - деб марҳамат қилганлар. Қуръони каримда зикр этилган: “Хайрли, савобли ишларда бир-бирингиздан ўзишга шошилинг”, деган чақириққа ижобат қилиб ҳайрли ишларга шошилган одамгина бундай фазилатга эга бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни саховатли бандаларидан қилсин. Омийн!
 Х. Хонимов, Деҳқонобод туман бош имом-хатиби