1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Жиҳод масаласида ғулувга кетиш ислом дини таълимотига зиддир

15-03-2022, 16:42 187 Ўқиш режими + -
Ҳозирги кунда жиҳод тушунчасининг бузиб талқин этилиши, жуда кўп ножоиз амалларнинг қилинишига сабаб бўлмоқда. Жиҳод масаласида ғулувга кетишнинг ислом дини таълимотига зид экани ҳадислар, уламоларнинг асарлари ва фатволарида муфассал баён қилинган. Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”,  “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди. Масалан: Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:  “Жиҳод тўрт хилдир: Амри маъруф (яхши ишларга буюриш), наҳи мункар (гуноҳ, ёмон ишлардан қайтариш), ўзининг зарарига бўлса ҳам рост сўзлаш ва фосиқ кишининг масхара қилишига чидаб туриш”. Мана шундан келиб чиқиб, жиҳод мусулмонлар Ватани ва динини ҳимоя қилиши учун жорий этилганини хулоса қилсак бўлади. У йўқ нарсани амалга ошириш учун эмас, балки бор нарсани ҳимоя қилиш учун жорий қилинган. Бугунги кунда эса сохтасалафийлар каби бир қанча бузғунчи ақидапарст оқимлар жиҳодни диннинг руҳи, деб билиб,   уни Исломнинг олтинчи аркони деб ҳисобламоқдалар.
Афсуски, сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир.
Ватанга бўлган меҳру-муҳаббат ҳар қандай муаммони ечишга, ҳар қандай ёвуз кучни енгишга қодир. Ана шундай муҳаббат Жалолиддин Мангубердини тақдирнинг оғир зарбаларига дош  беришга, метин ирода ва ҳарбий салоҳиятни намойиш этиб,   чингизийлар билан муросасиз кураш олиб боришга ундаган эди.
Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга ҳиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ватанни севадиган, унинг тинчлиги ва тараққиёти йўлида жон фидо қиладиган диний тушунча ва иборалар талқинини тўғри фарқлайдиган ва унга амал қиладиган имонли ва ихлосли бандалардан бўлишга насиб айласин. 
 
Музаффар Қосимовو
“Хожа    Бухорий”    ўрта      махсус   
 ислом билим   юрти маънавий -маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари