1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШАРИЪАТ МАНБАЛАРИДА МИСВОК ҲАҚИДА

15-03-2022, 16:49 283 Ўқиш режими + -
Ислом - поклик динидир. Аллоҳ таоло пок Зот, покларни ва доимо покланиб юрувчиларни яхши кўради. Инсон ҳар бир аъзосини тоза бўлмоғини тадбирини кўриши керак. Жумладан, ҳар куни бир неча инсонлар билан мулоқотда бўлар эканмиз, тишларимизнинг тозалигига эътибор бериш керак. Бу борада тишлар соғлом бўлишида муҳим омил бўлган мисвок ҳақида динимиз кўрсатмаларини билан танишиб чиқамиз.
Оғизни мисвок ёрдамида тозалаш жумҳур фуқаҳолар наздида суннатдир. Манбаларда айтилишича, мисвок таҳоратгагина хос амаллардан эмас. Чунки, бошқа ҳолатларда ҳам мустаҳаб бўлади. Жумладан, оғизнинг ҳидланганида, уйқудан турганда, намозга қоим бўлишда, байтуллоҳга киришда, одамлар даврасига боришда, Қуръон қироати олдидан.
“Ҳидоя” китобида эса мисвок ишлатиш ҳамма вақтда мустаҳабдир, дейилган. Унинг мустаҳаблиги таҳорат пайтида таъкидлироқ, яъни суннатдир ёки ҳар намоз олдидан мустаҳабдир.
Мисвок қилишнинг энг ози юқоридан учта, тишнинг пастида учта бўлиб, учта сув биландир. Мисвок қилишнинг аниқ адади йўқ, балки, қалби таскин топгунча, бадбўйлик ва тишнинг сариғи кетгунча мисвок ишлатади. Ишлатишнинг мустаҳаби шулки, уч сув билан уч марта ишлатади, яъни, комил суннат ҳосил бўлишида тақдир йўқ, қалби ором олгунча ишлатаверади, фақат учтадан оз ишлатиб қўйса, уни учтага тўлдиради.
Мисвок ишлатишда аввал юқори тишлар ўнг тарафдан бошлайди, сўнг чап тарафини қилади. Кейин эса пастки тишларнинг ўнги, сўнг чапи қилинади. Бу “Баҳр”да келган. Учта сув дегани ҳар сафар мисвокни ҳўллаб, намлаб олади, деганидир. Мисвокни ушлашдаги суннат шуки, жимжилоқ бармоқни унинг остидан, бош бармоқни ҳам бош тарафидан остидан, қолган бармоқларни эса устидан тутади.
Унинг юмшоқ бўлмоғи ҳам мустаҳаб бўлади. Мисвок эгилувчан ҳўл бўлмаслиги керак. Зеро, у тишнинг кирларини (сариқ тошларини) кетказа олмайди. Яна милкларни жароҳатлайдиган ҳолатда қуруқ бўлмаслиги даркор. Демак, мисвокни ишлатадиган боши – ўрни юмшоқ бўлиши лозим, яъни ўта даражада қаттиқ ёки юмшоқ бўлмаслиги керак.
Букмасдан тўғри тутмоқ, жимжилоқ бармоқ йўғонлигида, бир қарич узунликда бўлиши мустаҳабдир. Зоҳири шуки, мисвокнинг узунлиги ишлатишнинг бошланишида бир қарич бўлмоғи керак. Кейинчалик калта бўлиб қолиши зарар қилмайди.
Зарарли дарахтдан мисвок қилиш макруҳ, заҳарлисидан эса мисвок қилиш ҳаром бўлади. Райҳон ва анор шохчаларидан мисвок қилишнинг макруҳлигини бир қанча уламолар зикр қилганлар. Энг афзали зайтун дарахтидир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Муборак дарахт бўлмиш зайтундан бўлган мисвок қандай ҳам яхши! У менинг ва мендан олдин ўтган Пайғамбарларнинг мисвогидир”, деганлар. Имом ат-Табароний ривоят қилган.
Мисвокнинг манфаатларидан баъзиси шуки, у ўлимдан бошқа барча дардларга шифодир. Ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатгувчидир. Мисвок ишлатиш соч-соқолнинг оқаришини кечиктиради, кўз нурини кучайтиради. Энг яхши фойдаси ўлимдан бошқа касалликларга шифо бўлишидир. Мисвок оғизни покловчи, Парвардигорнинг розилигини топишга ёрдам берувчи, фаришталарни хурсанд қилувчи, кўзга равшанлик бағишловчидир. У ёқимсиз ҳидларни, тишларнинг касалланишини кетказади, тишларни эса оқартиради, милкларни бақувват қилади, таомни ҳазм қилишга ёрдам беради, балғамни кесади, намоз савобини кўпайтиради, Қуръон йўлини тоза қилади, фасоҳатни зиёда қилади, меъдани қувватлантиради, шайтонни ғазаблантиради, яхшиликлар савобини оширади, аччиқни кесади, асаб торларини тинчлантиради, тиш оғриғини босади, оғиз ҳидларини хушбўй этади, жон чиқишини осонлаштиради.
Биз мусулмонлар бу таълимотларга оғишмай амал қилмоғимиз, болаларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз зарур.
 
Ў. Маҳмудов 
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси