1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ҳар-бир ишда ҳалоллик лозим

15-03-2022, 20:58 328 Ўқиш режими + -
Одамзотдан бошқа маҳлуқотлар кўплаб яратилган бўлсада, аммо ақлдек жавҳарга фақат инсон мушарраф бўлган. Ҳар бир иш ва юмушни ақл ишлатиб, фикр қилиб кўриш инсоннинг бурчидир. Одам учун фойда ва савобли ишларнинг бири бу луқмани ҳалол қилишдир. Инсоннинг танасини дўзах ўтидан сақловчи бир сабаб – айнан ҳалол луқмадир. Шариъатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ-рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишига чақиради. Бизнинг динимизда ҳалол луқма талаб қилиш ҳатто фарз даражасига кўтарилган. 
Қуръони карим ва суннати набавия ҳукми ила ҳалол ва ҳаром ўртасидаги фарқ очиқ ойдин баён қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”(Бақара сураси, 168-оят).
Ушбу ояти каримада шайтоннинг изларидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмоқда. Бундан мурод – “Шайтоннинг йўлида юрганларни ҳалоллик йўлидан юришга қўймайди”, деганидир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар. 
Демак, мусулмон инсон ҳаромдан, бировнинг ҳаққидан дўзахга тушишдан қўрққан каби қўрқиши зарурдир. Зотан, инсон бировнинг игна қадар ҳаққи сабабидан ҳалокатга учраши мумкин. Бу эса турли касб ва соҳаларда хизмат қилаётганлар иймону ихлос билан ҳалолликни лозим тутишини ифодалайди. 
Жумладан: Нонвой эрта-тонгдан унни қориб, касбга киришар экан, ёпадиган нони ҳар бир инсоннинг қўлига ҳалол пок етиб бориши учун ундан покизалик талаб қилинади. Ҳатто пешонасидан томадиган терни ҳам қораётган хамирга томмаслиги чорасини кўриши лозимдир.
Қассоб ҳам сўяётган жонлиқни “Бисмиллоҳ”ни айтиб, ҳалол покиза сўйиши, жамиятга ҳалол гўшт тақдим қилишни ўзининг бурчи деб билиши ҳамда бу борада ўзини  омонатдор ҳис қилиши лозимдир.
Жамоат жойларида хизмат қилаётган ошпазлар, ҳатто идиш-товоқ ювушчилар ҳам покизаликка катта аҳамият қаратиши лозим бўлади.
Ҳайдовчилар ҳам белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилиб, йўловчилар хавфсизлигини  кўзлаб ҳаракат қилиши ва ўзгаларга халақит бермасдан автоуловларни бошқариши лозим бўлади.
Ўқитувчи-муаллимлар ҳам дарс вақтини риоя қилиши ҳамда ўз касбининг омонатдори эканини асло унумасликлари лозимдир. Улар синфхонада 45 минут ёки 80 минут дарс вақтидан ҳар бир дақиқасини унумли фойдаланиши, ўқувчи ёки талабаларга манфаатли билимлари етказишга бор имкониятини сарфлаши, бунинг учун эса аввало дарсга яхши тайёргарлик кўриб, вақтида келиши лозим бўлади.
Ўқувчи талабалар ҳам ўқитувчининг ҳамда синфдошларининг вақтини беҳуда зое қилмаслиги учун уй вазифаларини яхши тайёрлаб келишлари, бу борада уларни ота-оналари қаттиқ назорат қилишлари талаб қилинади.
Шунингдек, халқнинг соғлиғига масъул бўлган соҳа мутахассисларининг хизматлари ҳам алоҳида таҳсинга муносибдир. Шундай бўлса-да, беморларга нисбатан имкон қадар яхши муомала қилиши, уларни даволашда бор имкониятларини ишга солишлари лозим бўлади.
Худди шу каби бошқа барча соҳа вакиллари ҳам ҳалолликка аҳамият қаратиши, ўзлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳамда жамият олдида касбининг омондори деб билишлари лозим бўлади.
минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ёлғончилик, ваъдага вафосизлик, товламачилик, бировни алдаб пул ва нарсаларини олиш, қарз, омонатга нарса олиб, бермасдан юриш, оддий ҳолатларда ҳам ёлғон гапириш, ўз манфаатини ўзганинг манфаатидан, ҳаққидан устун қўйиш каби разил иллатлар, оғир гуноҳлар борки, баъзи инсонларга касб-корларида оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бу иллатлар нафақат инсоннинг умри, ризқи, моли, оиласидан баракани кетказади, балки кишининг охирати учун ҳам аянчли оқибатлари учун ҳам сабаб бўлиб қолади. Шу сабаб бундай иллатлардан огоҳ бўлишимиз даркор. 
Айниқса, ҳозирги кунимизда насияга савдо қилиб ёки қарз олиб, ҳатто имконият бор бўлса ҳам ўзгаларнинг ҳаққини ўз вақтида бермай, ҳақдордан яшириб юриш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ваҳоланки, бундай ҳолат шариатимизда улкан гуноҳ экани, ҳақдорга нисбатан зулм экани айтиб ўтилган. Қарздор ҳолатда вафот экан инсон Қиёмат кунида оғир аҳволда қолишидан огоҳлантирилган.  Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг наздида Аллоҳ қайтарган кабира гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай ўлиб, У зотга рўбарў бўлишидир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривоят қилган). 
Ҳаром таомдан улғайган бола, албатта, бузуқ ва зулмкор бўлади, унга ҳеч қандай панд-насиҳат, таълим кор килмайди, чунки ҳаромда шайтон бор, ҳаром луқма билан бирга шайтоний табиат ҳам боланинг танасига сингиб боради. Аксинча, ҳалол луқма эса қалбга нур, дилга сурур бахш этади. Инсонда хотиржамлик ва ҳаловат пайдо қилади. Аъзоларни ибодатга моил этиб, амалларни мақбул бўлишига сабаб бўлади.
Биз бугун мана шундай буюк аждодларимизга ҳавас қилсак, етук шахсиятларни тарбия қилиб, етиштирмоқчи бўлсак, аввало бировнинг ҳаққидан ҳазар қилайлик. Ўзимизнинг ва оила аъзоларимизнинг ризқини ҳалолдан бўлишига, унга бирор шубҳали луқма аралашмаслигига жиддий эътибор берайлик.  
 
Музаффар Қосимов, 
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти маънавий-маърифий 
ишлар бўйича мудир ўринбосари