Азалдан ўзбек ҳалқида инсонийлик фазилатларни ўзида мужассам этган ўзини ўйламай фарзандини ўйлайдиган, болам-чақам, оилам, деб ҳар доим эзгу ниятлар билан яшайдиган ҳалқдир. Ҳаётида оиласининг тинч осойишталигини, фарзандларининг камолини катта бахт деб билади. Шу боис ҳар бир киши учун оила бахтидан улуғ бахт бўлмаса керак. Фаравон турмуш, тинч ва осойишта ҳаёт, ўғил қизларнинг роҳатини кўриш ҳамманинг орзусидир. Албатта бу Аллоҳнинг бандаларига берган буюк неъматларидан биридир. Шунинг учун аввало оила раҳбари сифатида эр ва уй бекаси бўлган хотин ўз ҳаётларини фарзандларига ўрнак қилиб, бир-бирларини қадрласа, ўртада ишонч, яқинлик, ўзаро ёрдам бўлса, ҳар хил гап сўз ёмонликларидан бир бирини ҳимоялай олса, ҳамда оила масъулиятини ҳис қилиб, қийинчиликларни бирга енгиб, фарзанд тарбиясида ҳамкор бўлса, ўша оилада тотувлик, осойишталик ва бахтли яшаш учун муносиб муҳит ярата оладилар. Алал оқибат отани оиладаги ўрни, муомала маданиятидан ўғил, онадан эса қиз ўрнак олади. Шу билан биргаликда фарзандлар балоғат ёшига етиб, ота ўз ўғлига оилада эркакнинг масъулиятини алоҳида тушунтириб, Аллоҳ таоло эркак кишини аёл кишидан руҳий ва жисмоний жиҳатдан устун эканлигини, келажакда оилада раҳбар бўлишлигини, бўлажак аёлига чиройли муносабат қилиб, уни нафақаси ва бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар эркакнинг зиммасида эканлигини тушунтириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَاأَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِم
яъни: Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлагани учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар” (Нисо сураси 34-оят). Аллоҳ таоло эркак кишига муқаддас қўрғон бўлган оилага раҳбарлик қилиш вазифасини юклаб, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этишга буюриши билан бирга бундай оилаларнинг бахтли бўлишларига ҳам йўл кўрсатади ва яна эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий, ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
وعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
яъни: “...ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса ..” (Нисо сураси 19-оят). Ушбу ояти каримага биноан, эр-хотин орасидаги алоқа севги-мухаббат, раҳм-шафқат, ҳурмат асосида бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган ноқулай ҳолат туфайли дарҳол бир- бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсонлардан ҳоли эмас. Гоҳида эр киши ўз аёлидаги айрим ёқтирмаган камчиликларини кўради-ю, лекин бошқа жўда кўп яхшиликларини кўриб, кўрмасликка олади. Бу эркаклар шаънига тўғри кулмайдиган ҳолат. Шундай экан, эркакларга ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом ва бахтиёр бўлишини кўзда тутган ҳолда уларга вақти-вақти билан чиройли тушунтириб панду-насиҳат қилиб туришлиги лозим бўлади. Пайғамбаримиз Мухаммад саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг ушбу ҳадисларига мувофиқ : “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг ҳулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин” деб марҳамат қилдилар. (Имом Муслим ривояти).
Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривояти).
Ҳозирги кунда баъзи бир эр ёки хотини оилада ўз ўрни ва вазифаларини унутиб, эр аёлига, ёинки аёли эрига нисбатан озгина хатолари туфайли турли хил келишмовчиликларни чиқариб, шу сабаб ажраб, натижада бегуноҳ фарзандлар тирик етим бўлиб, ота-она меҳридан узоқ яшашга мажбур бўлмоқда. Вақт ўтиб фарзандлар вояга етгач “айбдор” ота онадан,- бизларнинг айбимиз нима эди, нима учун дунёга келтирдингизлар?, деб даъво қилмоқдалар. Афсуски ўша пайт кеч бўлади.
Бир бўлган воқеани маҳалла раиси сўзлаб берган эди . Идорада ўтирганимда бир таниш киши иш юзасидан ҳўзуримга кириб келди. Иккаламиз суҳбатлашиб ўтирибмиз. Шу орада бироз вақт ўтиб яна бир йигит эшик тақиллатиб, изн сўраб кириб салом бериб қўл бериб кўришдида ва нима учун келганлигини айтиб тезда ишини битирдида хонамдан чиқиб кетди. Шунда ёнимдаги танишимга қарасам, кўзларида жиққа ёш, бошлари эгик ҳолда турганлигини кўриб қўрқиб кетибман.
Акажон нима бўлди сизга, бирон жойингиз оғрияптими? -деб сўрадим. У киши жим... фақат оғир,ўксиб-ўксиб, ичидан йиғлаяпти. Қайта сўрагандим, у киши қўлини оҳиста кўтариб, ҳаммаси жойида эканлигини ишора билан тушунтирган бўлди. Анча вақтдан кейин ўзини босиб олиб, бояги кириб келган йигит ўғли эканлигини, ёшлигида онаси билан арзимас сабаблар билан келишаолмай ажрашиб, уларни ташлаб кетганлиги жўда катта афсус надомат билан гапириб берди. Энг ачинарлиси ўша йигит ҳузуримга кирганида отаси билан ака яхшимисиз деб кўришгани экан. Қани эди ер ёрилсада, мен ерга кириб кетсам, фарзандан отани ака деган мурожаати оғир бўлар экан деб, ишини ҳам тугалламасдан олдимдан чиқиб кетди. Мен ҳам бу воқеадан кейин кун бўйи кайфиятим тушиб, юрагим ҳижил бўлиб юрди, деб ҳикоясини тугатди.
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида:
яъни: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” (Абу Довуд ривояти), дея марҳамат қилганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфту ҳалолларини кўча куйга, бозорларга бориб ишлаб пул топиб келишга мажбурлаётганликлари ва аёлини топган маошига кун кечираётганликлари ҳам маълум бўлмоқда. Бундай ҳолатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам эркакларга мурожаат қилиб, бундай дедилар:
яъни: “Аёлларни ҳақларида Аллоҳдан қўрқинглар”-деди. Шунда саҳобалар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадилар: “Зиммамизда аёлларимизни қандай ҳақлари бор?” Он ҳазрат айтдиларки: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, (Абу Довуд ривояти)
“Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуникига ўз жуфти ҳалолининг бадҳулқлигидан шикоят қилиб келди. Унинг дарвозаси олдида чиқишини кутиб турди. Бирдан ичкаридан Умар (розияллоҳу анҳу)нинг хотини унга тил чўзаётганини, унга нисбатан қаттиқ-қуруқ гаплар айтаётганини эшитиб қолди. Умар (розияллоҳу анҳу) сукут сақлар, аёлига гап қайтармас эди. Ҳалиги келган киши ортига қайтди. Ичида: “Мўминларнинг амири бўла туриб, шиддат ва салобатда донг таратган бўла туриб, Умарнинг ҳоли шу бўлса, мен хафа бўлмасам ҳам бўлар экан”, -деди. Умар (розияллоҳу анҳу) чиқиб, унинг қайтиб кетаётганини кўрди ва олдига чақирди-да:
“Менда нима ишинг бор эди?” -деди.
“Эй мўминларнинг амири! Мен жуфти ҳалолимнинг бадҳулқлигидан, тилининг ёмонлигидан шикоят қилгани келган эдим. Сизнинг жуфти ҳалолингиз ҳам ўшандай эканини билиб, “Мўминлар амирининг ўз аёли билан ҳоли шу бўлса, менга нима бўлибди”, деб ортимга қайтдим”, -деди.
Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) унга қараб шундай деди:
“Ҳой биродар! Мен унинг менда ҳаққи борлиги учун чидайман. У менинг таомимни пиширувчи, нонимни ёпувчи, кийимларимни ювувчи, болаларимни эмизувчидир. У билан қалбим ҳаромдан таскин топади. Шунинг учун унинг гапларига ва қилмишларига чидайман”.
“Эй мўминларнинг амири! Менинг жуфти ҳалолим ҳам шундай”, -деди ҳалиги киши.
“Бас, унга нисбатан чидамли бўл, эй биродар, бу қисқа муддатдир”, -деди Умар розияллоҳу анҳу.
Мана саҳобаи киромларни энг улуғиларидан бўлган ҳазрати Умар розиёллоҳу анҳудек зотлар аҳли аёлига муносабатини қаранг. Аслида ҳам шундай рисоладаги эр аёлига лутф билан муомала қилиб, уни энг чиройли исмлар билан чақиради ва камчиликларини кечиради. Шу билан бирга аёлига бўлган муҳаббатини сездириш учун эр мулойим бўлиб, унинг сўзларига эътибор билан қулоқ солиб, ҳамфикр эканини изҳор қилиб турмоғи лозим бўлади. Агар уйда аёл киши овқат пиширган бўлса, янги кийим кийса, бирор хабар ёки қиссани айтса, эр бу нарсаларга эътибор билан муносабатда бўлиб, ўз хурсандлигини, муносабатини баён қилиши даркор. Аёлига уй ишларида ёрдам бериб, бу соҳада ҳам унинг оғирини енгил қилиб туриши керак. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам аҳллари хизматида бўлиб, уй супуриб, ўз кийимларини ўзи ямаб, қўйларини соққанлар ва умматларига ҳам шундай қилишни буюрганлар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бирон марта аҳли аёлларига қилган овқатларидан айб ахтариб шикоят қилмаган эканлар.
Эрнинг ўз аёлига яхшилик қилиш сирасига унинг ота-онаси ва бошқа қариндошларини ҳурмат қилишлиги, яхшилик қилишлиги ҳам киради. Зотан, эрнинг уларга яхшилик қилиши шариатнинг талабидир. Ота-онага яхшилик қилиш қанчалик аҳамиятга эга эканини ҳар бир мусулмон киши яхши билади. Келин учун ҳам эрининг бутун қариндошларини, хусусан отасини ота ўрнида, онасини она ўрнида кўриб, хизматларини қилиб, дуоларини олиш жўда ҳам мўҳим бурчи ҳисобланади, шу билан бирга келиннинг ота-онаси ҳам ўз қизларига доимо насиҳат қилиб туриши лозим бўлади.
Шу ўринда бир солиҳа аёлнинг ўз қизини куёвга узатаётганида айтган гапларини келтириб ўтиш фойдалидир. У ўз қизига шундай насиҳат қилган экан:
-Эй қизим, сен ўрганган ўйингдан кетиб, нотаниш бир хонадонга тушмоқдасан. Сен у билан шундай муомала йўлини тут: сен ер бўл, у эса осмон бўлади. Демак, сен унинг олдида ер каби камтарин бўлсанг, у осмон каби олижаноб бўлади. Осмон шифоли ёмғири билан ерни кўкартиргани каби у хам ўз мехру-шафқати билан сени хушнуд этади. Яна сен унга канизак бўлсанг, у сенга қул бўлади.
Қизим, куёвингдан кучи етмаган ва сотиб олишга қудрати етмаган нарсаларни талаб қилма! Агар шундай қилсанг, орадаги тотувлик йўқолади, турли хил жанжаллар юз беради. Ўзингга хушбуй нарсалар билан оро бер, нохуш ҳидлардан сақлан! Покизалик ҳамиша очиқ тут. Эринг сендан фақат юмшоқ ва ширин сўзларингни эшитсин. Ярашмайдиган, эски либосда ёки юзларинга оро бермаганинг ва сочларинг тартибга солинмаган холда унинг олдига ўтирма.
Солиҳа аёл ушбу сўзлари билан ўз қизига насиҳат қилиб, куёвга узатган экан.
Ушбу насиҳатларни оила бекаси бўладиган ҳар бир қизларимиз қалбларига жо қилиб, ҳаётларида ўзлари учун дастурил амал билиб, эрлари билан шундай чиройли муомалада бўлса, оилада тотувлик бўлади.
Хулоса ўрнида айтамизки, ислом таълимоти бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Ғиштлари пишиқ иморатлар мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил мустаҳкам бўлган жамият ҳам бақувват бўлади. Роҳат фароғат билан ўтган умр гўзал турмуш ҳисобланади. Шундай экан, ушбу зикр қилинган нарсаларда жамиятимиз ҳамда инсонлар учун мутлақо зарарли нарсалар йўқ. Биз оиладаги эр кишининг бурч ва вазифаларига қисман тўхталиб ўтдик. Томчилардан дарё ҳосил бўлганидек, оилада қут-барака, яхшилик, мустаҳкам асос эр-хотинларни ўзаро бир-бирларига чиройли муомала қилиши ва ҳамиша бир-бирларини тушуниб, шукр қилиб яшашларидан туғилади. Инсон умри ҳеч қачон бир ерда тўхтаб турмайди. Ўтган умрни бутун дунё молини бериб бўлса ҳам қайтариб бўлмайди
Юртимиздаги барча оилалар бахту-саодатда, тинчлик-хотиржамликда яшашларини Аллоҳ насиб этсин!
А. Исмоилов
Чироқчи тумани “Турсун Болтахон” жоме масжиди имом хатиби