Турли минтақа ва ҳудудларда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётган таҳликали замонда доимо огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлиб яшаш — бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан талаб қилаётган энг муҳим ва долзарб вазифалардандир.
Бундан мақсад — халқимиз тинчлик-осойишталигини таъминлаш, огоҳлик, ҳушёрлик давр талаби эканлигини ҳар бир фуқарога етказиш, жамият олдидаги масъулиятини янада ошириш. Бепарволикка, лоқайдликка, эътиборсизликка йўл қўймасликка эришишдир.
Афсуски, бугун дунё саҳнида нотинч мамлакатлар кўп. Терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, ёт ғоя ва мафкуралар, мутассиб оқимлар бир томондан, одам савдоси, гиёҳвандлик, ОИТС каби касалликлар бошқа томондан, дунё харитасидаги айрим минтақаларни чирмовиқдек қамраб олган ва уларнинг тинка мадорини қуритиб атрофга тарқалиш ҳавфи борлиги бугун яққол кўринмоқда. Айрим экстремистик руҳдаги марказларда аввалдан ўйланган режалар асосида амалга оширилаётган бу қабиҳ ишлардан огоҳ бўлиш, оқни қорадан, яхшини ёмондан фарқлай олиш керак.
Сайёрамизнинг турли минтақаларида рўй бераётган мудҳиш воқеаларга уйғоқ кўз, теран тафаккур билан қараш ва баҳо бериш лозим. Буларнинг менга дахли йўқ, деган тушунча билан яшаб бўлмайди, бепарволик ва лоқайдлик барча офатларнинг асосидир. Уруш бахтли яшаш учун дунёга келган миллионлаб одамлар бошига беҳисоб кулфат ёғдиради. Халқларни бир-биридан айириб, можаро чиқариб, уруш оловига ёғ пуркаётган кучларнинг нияти ўша юртни ўз таъсир доирасига тортиш, ноғорасига ўйнатиш, табиий бойликларини талон-торож қилиш эканлиги бугун ойдек равшан.
Шу боис давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида нафақат мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг бугунги ва эртанги ҳаёти хусусида, балки жаҳонда ва ён-атрофимизда юзага келаётган вазият ҳақида ҳам ўта муҳим фикрларни баён этадики, буларнинг барчаси бизни тарихдан, ўтмишдан сабоқ чиқариб яшашга, огоҳ бўлишга ундайди.
Жонажон юртимизни турли хил ғаразли хуруж ва ёт ғоялардан, ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг асл мақсадларини биринчи навбатда ўсиб келаётган ёш авлодга шунингдек, барча фуқароларимизга тушунтириш олиб бориш масаласи ҳар доимгидан ҳам муҳим эканлигини ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз керак. Дин ниқоби остидаги ҳар хил оқим ва фирқаларнинг экстремистик руҳдаги ақидалари барқарор ҳаётимизга таҳдид солаётгалигини бот-бот такрорлаб, ватандошларимизни лоқайдлик, бефарқликдан йироқ бўлган ҳолда мавжуд вазиятдан огоҳликка чақиришга ҳар биримиз бурчлимиз. Зотан, шу Ватан барчамизники, унинг мустақиллигини ҳимоя қилиш, тинчлиги-осойишталигини таъминлаш учун ҳеч ким четда турмаслиги керак. Акс ҳолда, инсониятга таҳдид солаётган халқаро терроризм, экстремизм, наркобизнес ва одам савдоси каби хавфли жиноятларнинг “зуғуми” ва манфур қилмишлари орта бораверади.
Биринчи Президентимизнинг “Тинчлик учун курашмоқ керак” асарида: “Ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш — бу бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки, кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим”, дейилади.
Ҳа, огоҳ ва ҳушёр яшаш — тинчликни таъминлаш, турли кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишга замин яратади. . Маънавиятсизликнинг илк кўриниши лоқайдликдир. Лоқайдлик эса тинчликни кемирувчи иллатдир.
Азамат УСМОНОВ