Фитна –фасоддан йироқ бўлайлик!
6708
23-03-2022, 13:13
290
Ўқиш режими
+
-
(раддия)
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келажакда фитналар бўлур. Унда ўтирган тик тургандан яхшидир. Унда тик турган юргандан яхшидир. Унда юрган саъйи қилгандан яхшидир. Ким унга қизиқса ўзига тортади. Ким ундан паноҳгоҳ ёки қўрғон топса, у ила ўзини асрасин”, дедилар”.Демак, фитнани сезган киши иложи борича ундан узоқда бўлишга ҳаракат қилмоғи керак.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарнинг олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд кимса атрофида нималар бўлаётганига эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги тўғрисида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида Аъроф сураси, 179-оятида ғофиллар деб марҳамат қилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қapши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!” (Муслим ва бошқалар).
Муқаддас динимизда инсоф-диёнат, ўзаро тотувлик, жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна ва ихтилоф чиқариш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади.
Тинчликни фаровонлик ва тараққиётнинг бош мезони деб билган ҳар қандай давлат жамиятда фитна оралашига қаршилик қилади, бунга йўл қўймайди, фитначилар билан ҳеч қачон муросага бормайди. Инсоният тарихининг илк кунлариданоқ ҳолат шу. Душман қаерни эгалламоқчи бўлса, қайси заминнинг бойликларини таламоқчи, халқини қул қилмоқчи бўлса, албатта ўша ерда фитна уруғини экишга ҳаракат қилган, маҳаллий фитначиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган.
Манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз.
Фитнанинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу-фасод қўзғаш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик унинг асл моҳиятини англамайди. Фикр, мушоҳада қилган киши борки, бу фитналар мусулмонлар бошига фақат кулфат ва аччиқ азоб келтиришини англаб етади.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси фитна урчимаслигига ҳаракат қилиши, фитначиларнинг кирдикорларига қарши туриши керак. Имом Доримий ривоят қиладилар: Субайғ ал-Ироқий номли бир киши мусулмон аскарлар орасида Қуръондаги турли нарсалардан сўраб, аскарлар орасида фитна қўзғаб юрарди. У Мисрга келганида Миср ҳокими Амр ибн Ос уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди. Умар розияллоҳу анҳу Субайғдан “Одамлардан нималар ҳақида сўрайсан?” – деди. У айтиб берди. Сўнг Умар ибн Хаттоб хурмо шохини келтириб, Субайғнинг орқасига яра бўлгунча урдирди. Яраси битгач яна урдирди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Шунда Субайғ: “Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар таъзир бермоқчи бўлсангиз, ақлим кирди”, - деди. Умар ибн Хаттоб Субайғни ўз юртига жўнатиб юборди ва ўша юрт волийсига ҳеч ким у билан суҳбатлашмаслигини қаттиқ тайинлади. Субайғ авваллари ўз қавмининг саййиди эди. Бу воқеадан кейин эса ҳақир бўлди. Сабаби, у Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли масала чиқаришга уринар эди.
Кўриниб турганидек, ҳазрати Умардек зот фитна урчимаслиги учун одамлар орасида фитна-фасод қўзғайдиган кимсаларга қарши мана шундай қаттиқ чораларни кўрган эдилар.
Яна бир катта фитна мусулмонлар орасида эътиқодий ва фиқҳий масалаларда ихтилофлар чиқаришдир. Қуръони каримда баъзи кишилар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига кўра маъно бериш учун муташобеҳ оятларни ўзларига дастак қилиб олиши хабар берилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур...” (Оли Имрон сураси, 7-оят).
Ҳозирги кунимизда ҳам одамлар орасига турли ихтилоф уруғларни сочаётган кишилар асосан муташобеҳ оятларни ўзларига далил қиладилар. Минг йиллардан бери амал қилинаётган мазҳабларни ташлаб, мазҳабсизликка даъват этадилар.
Фитналар домига тушиб қолмаслиги учун ёшларимиз биринчи навбатда дўст билан душманнинг фарқига боришлари керак. Ким бизга тўғри маслаҳат беради, хато-камчиликларимизни тўғрилайди-ю, кимлар бизнинг қоқилишимизни пойлайди. Ўзини дўстдек тутиб, фурсат келганда орқадан пичоқ уради? Бунинг фарқига бориш лозим.
Яна ҳар кимнинг гапини ҳақиқат деб эргашиб кетавермаслик керак. Бирор янгиликни ўқиганда, унинг манбасини яхшилаб текшириш, бу қанчалик ҳақиқат экани, у кимнинг фойдасига хизмат қилишини аниқлаш даркор.
Халқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам ҳаётимизга шукр қилишни тарғиб қилишимиз керак.
Муҳаммади ҚОРАЕВ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари,Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.