Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади.
Ўзларини “Ислоҳчи” деб ҳисоблаётган ғараз ниятли гуруҳлар томонидан баъзи мамлакатларнинг ҳаттоки, масжидларида террорчилик ҳаракатлари амалга оширилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Айниқса, кейинги вақтларда террорчилар томонидан юзлаб мактаблар, аҳоли турар жойлари вайрон қилиниб, минглаб тинч аҳолининг қурбон бўлаётгани ачинарли ҳолдир. Бунинг натижасида юз минглаб ўқувчи болалар илм олишдан маҳрум бўлаётгани, террорчиларнинг жамият тараққиётига болта уришга уринаётганидан далолат беради. Буларнинг барча ҳаракатлари аслида Қуръон таълимотига зиддир.
Залолатдаги бузғунчи тоифа ва гуруҳлар манфур мақсадлари йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини ҳам бузиб, ўз ғояларига мослашдан ҳам тап тортишмайди. Шунингдек, улар солиҳ аждодларимиз ва ўтган азиз уламоларимиз айтган сўзларни ҳам бутунлай нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади. Ватанида осуда яшаётган кишиларни йўлдан оздириб, ўз Ватанига қарши қурол кўтаришга ундайди.
Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Бир кеча кундуз ватан ҳимояси учун душман қаршисида туриш бир ой тутилган нафл рўза ва бир ой ўқилган тунги таҳажжуд намозидан яхшироқдир”. Имом Муслим ривояти.
Ватанни севиш, ҳурматлаш ва ҳимоя қилиш ҳақида Ғаззолий шундай деган эди: “Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқ қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганида соғинадиган, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”.
Юксак маънавиятга эга бўлмаган одам соғлом эътиқод ва дунёқарашдан ҳам маҳрум бўлади. Бундай кишилар яхши билан ёмоннинг, эзгулик билан жаҳолатнинг фарқига бормайди. Улар учун халқ ва Ватан манфаатлари бегона. Маънавиятли одам ўзини ёмон ишлардан тияди, ноҳақлик ва зулмга қарши қалбида норози бўлиб, ўз нафратини билдиради. Бинобарин, ёмонликка қарши нафрат, яхшиликка нисбатан муҳаббат ва хайрихоҳлик юксак маънавиятнинг асосий белгиларидандир.
Инсон ва жамият бор экан, эзгу ғояларнинг қарама-қаршиси бўлган зулм ва зўравонлик, қабоҳат ва жаҳолат янги-янги шаклларда намоён бўлишга уринади. Лекин улар одамзоднинг адолат, тинчлик ва биродарлик, тараққиёт ва фаровонлик ғояларига таяниб, олий мақсадлар сари интилишини асло тўхтата олмайди.
Демак, ҳар бир киши лоқайдлик, бепарволик ва беғамлик иллатидан халос бўлиб, мамлакатимизда содир бўлаётган ҳар қандай воқеа менга, менинг тақдиримга бевосита дахлдор деб ҳисоблаб, бу ишни муқаддас фуқаролик бурчи деб билиши зарур.
Луқмонхон ОЛИМОВ, Китоб туман бош имом хатиби